Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:15

Қирғизистонлик аёллар дардини кўчада айтди


8 март куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида "Хотин-қизлар ҳуқуқлари таъминлансин!" деган шиор остида аёллар юриши бўлиб ўтди. Тадбирда ҳуқуқ фаоллари, парламент депутатлари бўлган аёллар ва бишкеклик оддий хотин-қизлар қатнашди.

Аёллар акцияси қирғизистонлик таниқли аёллар - Урқия Солиева ҳамда Қурбонжон додхоҳга ўрнатилган ҳайкаллар пойига гуллар қўйиш билан бошланди.

Шундан сўнг намойишга чиққанлар Бишкекнинг марказий кўчасидан пиёда юриб ўтди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири акция иштирокчиларига микрофон тутди.

- Биз Урқия Солиеванинг ёдгорлиги олдидан келаяпмиз. Ҳукумат ана шундай улуғ кишиларга ҳайкаллар ўрнатиб қўйган, лекин бугунги кунда хотин-қизларимиз хўрланмоқда, деди Қирғизистон парламентидаги Социал-демократлар фракцияси етакчиси, депутат Роза Ўтунбаева.

Хотин-қизлар юриши иштирокчилари фикрича, сўнгги 20 йил давомида қирғизистонлик аёллар ҳуқуқларининг камситилиш ҳоллари йилдан йилга кўпайиб бормоқда.

Намойиш иштирокчилари бевосита эрларга ҳам мурожаат қилдилар.

- Қирғизистонлик барча эрларга мурожаат қиламиз. Ҳокимият тепасида ўтирганларнинг аксарияти эрлардир. Шунинг учун ҳам улар аёлларнинг ҳуқуқларига, уларнинг турмуш ташвишларига кўпроқ эътибор беришлари керак. Эрлар оиладаги зўравонликка чек қўйишлари лозим, "Қилим шами" инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Азиза Абдурасулова.

Шу ўринда баъзи рақамлар:

Сўнгги бир йил ичидаёқ Қирғизистонда аёлларга оилада зўравонлик қилиш ҳолатлари 40 фоизга ўсган.

Республика Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, 2008 йили ҳаммаси бўлиб 1 241 та ана шундай ҳолат қайд этилган.

2009 йили эса 2 мингдан зиёд оилада эр ўз аёлига зўравонлик қилган.

Бу рақамлар ҳуқуқ-тартибот органларига етиб борган аризалардан пайдо бўлган. Етиб бормагани қанча?

Қирғизистондаги Хотин-қизлар кризис марказлари ассоциацияси яқинда ўтказган сўров натижалари шуни кўрсатдики, сўровга қатнашган аёлларнинг 83 фоизи эрнинг зўравонлигини ё бошидан кечирган ёҳуд мунтазам равишда руҳий ва жисмоний қийноққа солинади.

"Интербилим" нодавлат ташкилоти раҳбари Асия Сасиқбаева хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласининг яна бир жиҳати туғрисида гапирди:

- Бугун ҳокимият тепасида ўтирган эрлар жуда ҳаддидан ошиб кетди, деган фикрдамиз. Кўпчилигининг 5-6 нафардан хотини бор. Бир хотинини болалари билан ташлаб қўйиб бошқасига уйланаверади. Кейин учинчисига уйланади. Бундай хотинбозларга давлат идорасида ўрин бўлмаслиги керак, деди Асия Сасиқбаева.

Президент Бакиевнинг 8 март муносабати билан хотин-қизларга йўллаган табрикномасида айтилишича, шу кунда парламент аъзоларидан 28 нафари аёллар экани, вазирлик, элчилик амалларида ҳамда бошқа юқори лавозимларда яна 25 аёл ишлаётгани айтилган.
XS
SM
MD
LG