Линклар

Сўғдда талабалар ўқитувчилик қилмоқда


Тожикистонда ёш ўқитувчиларнинг кўпчилиги хорижга пул ишлаш учун кетиб, мактабларда фақат нафақа ёшига яқинлашиб қолган ўқитувчилар ишлаётгани туфайли маориф мутасаддилари талабаларни мактабларга жалб қилишга мажбур бўлмоқдалар.

Тожикистонда ёш ўқитувчиларнинг кўпчилиги хорижга пул ишлаш учун кетиб, мактабларда фақат нафақа ёшига яқинлашиб қолган ўқитувчилар ишлаётгани туфайли маориф мутасаддилари талабаларни мактабларга жалб қилишга мажбур бўлмоқдалар.

Хўжанддаги бир қатор олийгоҳлар талабалари ўқиш якунланмай туриб, мактабларга дарс бериш учун чақириб олинди. Сўғдлик маориф мутасаддилари томонидан қабул қилинган бу қарор ўрта мактаблардаги кадрлар тақчиллиги билан изоҳланмоқда.

Хўжанд педагогика коллежининг 2-курс талабаси Фарзона Акрамий ректоратнинг тавсияси билан Мастчоҳ туман халқ маорифи бўлими томонидан тумандаги мактаблардан бирига юборилди. Бундан ташқари, Хўжанддаги бир қатор олийгоҳлар битирувчи курс талабаларининг бир қисми туман халқ маорифи бўлимлари ва ректоратнинг рухсати билан мактабларга ўқитувчилик қилишга жўнатилди.

Сўғд вилоят халқ маорифи бошқармаси раҳбарияти бунинг сабабини мактабларда ўқитувчилар етишмаслиги билан изоҳлади.

Маълум бўлишича, Сўғдда кўп ўқитувчилар маош озлиги туфайли мактабларни ташлаб кетаётган экан.

Муаллимлар Россияга иш излаб кетмоқдалар, тижорат ишлари билан шуғулланмоқдалар. Мана шундай вазиятда вилоят халқ маорифи бўлими ва олийгоҳлар рахбарияти ўзаро келишиб, фавқулодда чора қўллашга мажбур бўлдилар.

Химия факултети битирувчиси Дилноза Ҳамроева ҳам маориф мутасаддилари талабига мувофиқ Сўғддаги мактаблардан бирида ишламоқда.

- Университетда ўн тўртта факултет бўлса, деярли барча студентлар туманлардаги ўқитувчи етишмаётган мактабларга жўнатилган. Рости гап, мажбурмиз, ахир давлат бизни ўқитаяпти, дейди ёш ўқитувчи.

Дилнозанинг сўзларига кўра, унга мактабдан 16 соат химия дарси беришган. Гарчи талабаликнинг олтин даври узилиб қолган бўлса ҳам, у бундан хафа эмас. Ёш ўқитувчининг айтишича, мактабларда ишлаётган талабаларга олийгоҳда имтиҳонлар пайтида енгиллик яратилиши ҳақида ваъда ҳам берилганди.

- Лекин бу иш амалга ошмади. Программани қайтадан ўзлаштиришимиз керак. Ҳамкурслардан лекциялар конспектларини олиб, ўқишга тўғри келаяпти, яъни имтиҳонларга ўзимиз мустақил тайёргарлик кўраяпмиз, дейди талаба-ўқитувчи.

Суҳбатдошимизга кўра, талаба-ўқитувчилар олийгоҳдаги таҳсилни давом эттираверади. Улар энди олийгоҳга имтиҳон топшириш учунгина келишади.

Бундан икки йил аввал мактабни ташлаб кетган Мавлонберди Холиқовнинг айтишича, Сўғдда халқ маорифи соҳасида кадрлар масаласи кундан-кунга оғир муаммога айланиб бормоқда.

- Мактабимизда 70 нафар ўқитувчи ишларди. Уларнинг кўпи малакали педагоглар эди. Ҳозир эса нафақа ёшидаги ўқитувчилар меҳнат қилмоқда, қолганлари Россияга кетиб қолган. Албатта маънавият устун туради, лекин инсон ҳаёти моддий томондан таъминланмаган бўлса, биргина ҳаво билан ҳаёт кечириб бўлмайди. Шунинг учун мен ҳам мактабни тарк этиб, мардикорлик қилишга мажбурман, дейди Мавлонберди Холиқов.

Сўғд вилоят халқ маорифи бошқармаси маълумотларига кўра, мактаблардаги ўқитувчиларнинг бештадан биттаси бор-йўғи ўрта маълумотга эга. Маълум бўлишича, вилоятда ҳар йили 2-3 минг нафар ўқитувчи мактабни ташлаб кетмоқда.
XS
SM
MD
LG