Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:35

АҚШ Қирғизистон жанубида машқ маркази очмоқчи


АҚШнинг Қирғизистон жанубида машқ маркази очиши айтилаётган бир пайтда қирғиз дипломатлари "Манас" аэропортидаги АҚШ ҳарбий транзит маркази фаолияти бўйичаВашингтон Бишкек билан ҳозирча ҳеч қандай шартнома имзоламаганини маълум қилдилар.
АҚШнинг Қирғизистон жанубида машқ маркази очиши айтилаётган бир пайтда қирғиз дипломатлари "Манас" аэропортидаги АҚШ ҳарбий транзит маркази фаолияти бўйичаВашингтон Бишкек билан ҳозирча ҳеч қандай шартнома имзоламаганини маълум қилдилар.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятида АҚШ ҳарбийлари учун машқ маркази қурилмоқда. Бу ҳақда 9 март куни АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси расмий маълумот тарқатди.

Айни пайтда Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит марказининг мамлакатдаги ҳозирлигини чўзиш борасидаги маълумотлар эса Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан рад этилди.

“АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Ричард Ҳолбрукнинг Бишкекка қилган сафари чоғида транзит марказ фаолияти ҳақида ҳеч қандай шартнома имзоланмаган”, деб маълумот берди Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Қодирбек Сарбаев қирғиз матбуотига.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятида қурилаётган ҳарбий машқ маркази АҚШ ҳарбийларининг бу мамлакатдаги иккинчи полигони бўлади. Бундан аввалроқ мана шундай марказ Бишкекдан тахминан 70 километр нарида жойлашган Тўқмоқ шаҳрида ҳам ташкил этилган эди.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси расмийларидан бири бу марказ қурилиши учун 5,5 миллион доллар ажратилишини айтди. Тўқмоқдаги марказ қурилишига эса, расмий маълумотларга кўра, АҚШ томони 9 миллион доллар маблағ сарфлаган.

Бишкекдаги АҚШ элчихонаси расмийлари Озодлик мухбири билан суҳбатда расман бундан бошқа маълумотни бера олмасликларини билдирдилар.

Қирғизистон жанубида АҚШ ҳарбий машғулот базасининг очилиши тўғрисидаги хабарга қирғиз жамоатчилиги турлича ёндошмоқда. Россияпараст кучлар мазкур марказ қурилиши айни пайтда совуқлашиб қолган Россия-Қирғизистон муносабатларини янада мураккаблаштириши мумкинлигини тахмин қиладилар.

Сиёсатшунос Александр Князев ҳам ана шундай фикрда.

- Менимча, бу Қирғизистон ҳукуматининг сўнгги беш йил ичидаги энг масъулиятсиз ҳаракатидир. Бу вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин. Чунки Қирғизистон ҳукуматининг АҚШ билан ҳарбий соҳадаги номойишкорона ҳамкорлиги Москва ва Пекинни безовта қилмай қўймайди, дейди Александр Князев.

Сиёсатшунос фикрича, Қирғизистонда АҚШ ҳарбий марказларининг очилиши Россияни фақат сиёсий жиҳатдан ташвишлантиради.

- Ҳарбий нуқтаи назардан қаралганда, Қирғизистон ҳудудидаги исталган ҳарбий база Россия манфаатларига таҳдид қила олмайди. Россия ҳар қандай вазиятда ҳам минтақада салмоқли куч бўлиб қолаверади. Лекин бу Россияни сиёсий жиҳатдан асабийлаштириши мумкин. Бу эса Россия Қирғизистонга ваъда қилган кредитларни бермай қўйишига баҳона бўлади, деди Александр Князев.

Гап шундаки, ўтган йили Россия ва Қирғизистон президентлари ноябр ойида Ўш ёки Боткен вилоятларида Россия ҳарбий базасини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзолаган эдилар. Бироқ номаълум сабабларга кўра, бу база шу кунгача очилгани йўқ.

Иккинчидан эса ўтган йил февралида Қирғизистон АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш ҳақида қарор қабул қилгач, Россия бу давлатга 2 миллиард доллардан кўпроқ кредит берилишини маълум қилган эди. Бу маблағнинг 450 миллон доллари Қирғизистонга берилган. Бироқ АҚШ базаси Бишкекда транзит маркази сифатида қолдирилгач, Кремл расмийлари қирғиз ҳукуматини берилган 450 миллион долларни нотўғри сарфлаганликда айблаб, ваъда қилинган маблағнинг қолган қисмини беришни пайсалга солиб келмоқдалар.

Сиёсатшунос Ўрўзбек Мўлдалиев фикрича, Қирғизистон АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш орқали кўп векторли сиёсат юритмоқда. Шу нуқтаи назардан қаралса, сиёсатшуносга кўра, Россия бизнинг стратегик ҳамкоримиз, деган ғоядан узоқлашиши зарур.

- “Россия бизнинг стратегик ҳамкоримиз”, деб айтилади. Бироқ у бизга қандай ёрдам бераётганини таҳлил қилиб кўрайлик. Россия фақат қўрқитиш сиёсатини олиб бормоқда. Бу янги империячилик сиёсатидир. АҚШнинг кўмагини эса реал ҳис қилиш мумкин. Қирғизистоннинг хавфсизлиги таъминланмаган. АҚШ ҳарбий марказларни очиш ва уларни маблағ билан таъминлаш орқали мамлакатимиз хавфсизлигини таъминламоқда, дейди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Бишкекдаги АҚШ элчихонаси маълумотида айтилишича, Боткенда ташкил этилаётган ҳарбий машқ маркази Қирғизистон куч ишлатар тизимлари ихтиёрига берилади ва бу ерда аксилтеррор амалиётлари ўтказишга ихтисослашган ҳарбийлар тайёрланади.

Ўтган йилнинг октябр ойида Тўқмоқ шаҳрида ҳам АҚШ ҳарбий машғулот маркази ташкил этилган эди. 9 миллион доллар маблағ сарфланиб қурилган бу марказ Қирғизистоннинг “Скорпион” аксилтеррор ҳарбий қисми ихтиёрига топширилган эди.
XS
SM
MD
LG