Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:50

Ўзбек-тожик чегарасида вазият "нозик"


Сўнгги бир неча кун ичида ўзбек-тожик чегараларида кучайтирилган тартиб жорий қилгани ҳақида Тожикистонда пайдо бўлган гап-сўзлар ўз тасдиғини топмади. Айни пайтда тожик хавфсизлик кучлари Ўзбекистон томони чегара ҳудудига ўз ҳарбийларини олиб келганини билдирди.

Чегарадаги ўтиш тартиби кескинлаштирилди¸ Ўзбекистон Тожикистон билан чегара ҳудудларига ўз ҳарбийлари ва қуролли техникасини олиб келмоқда¸ деган хабарларни бевосита ўрганиш учун икки давлат чегарасидаги ўтиш пунктларидан бирига йўл олдик.

Душанбедан тахминан 65 километр нарида жойлашган “Дўсти” чегара масканига етиб келганимизда ҳар иккала томондан ҳам йўловчилар эмин-эркин ўтиб турганига гувоҳ бўлдик.

Чегарадаги вазият билан танишиш мақсадида йўловчилар билан суҳбатга чоғланган пайтимизда тожикистонлик уч зобит ҳужжатимизни ва нима мақсадда чегара ҳудудига борганимизни сўраб-суриштира кетди. Мақсадимизни очиқ айтганимиздан кейин Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг исмини айтмаган катта лейтенанти Ўзбекистон ўз ҳарбийларини Тожикистон билан чегарасига жойлаштирганига оид хабарни тасдиқлади.

- Бундан 15 кунча аввал Тожикистоннинг Ўзбекистон билан шимолий чегара қисмида, яъни Бекобод постига яқин жойда 200 га яқин ўзбек аскари ва бир нечта ҳарбий техника олиб кирилган эди. Биз у томондан бунинг сабабларини сўраганимизда, “аскарлар ҳарбий таълим олишлари учун” вақтинчалик ўша ҳудудга олиб кирилганини айтишган эди. Айни пайтда¸ жанубий чегараларимизда ҳозирча ҳеч гап йўқ, ҳаммаёқ тинч, деди Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг давлат чегараларини қўриқлаш идораси зобити ўзаро суҳбат чоғида.

Айни пайтда Тожикистон зобити “шу кунларда Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараларидан кўра Ўзбекистон билан чегараларидаги вазиятнинг анча нозик”лигини яширмади.

Шундан сўнг биз йўловчилар билан суҳбатлаша бошладик. Суҳбатдошларимизнинг аксарияти Ўзбекистон чегара ҳудудида кучайтирилган тартиб жорий қилинганига доир хабарларни рад этишди.

- Танк босиб кетди, деган гаплар ёлғон, ваҳима. Мана биз Тожикистон халқи ҳар кун Ўзбекистонга ўтиб қайтиб турибмиз, ҳеч гап йўқ, бу ҳаммаси қуруқ гап, дейди биринчи суҳбатдошимиз.

Яна бир суҳбатдошимиз ҳам беш боласи билан чегарадан бемалол ўтиб келганини айтди.

- Бизнинг чегара постимизда тўртта солдат бор, уларда ҳам шундай - тўртта солдат бор. Ўн йил аввал қандай бўлса, шундай режим, ҳеч нарса ўзгармаган, дейди учинчи суҳбатдошимиз.

Бироқ суҳбатдошларимиз орасида сўнгги пайтларда Ўзбекистон чегара постларида йўловчилар ҳужжатлари ва юклари устидан назорат кучайтирилганидан нолиганлар ҳам бўлди.

- Текшириши қаттиқда, битта-битта текшириб, кейин ўтказади, дейди турсунзодалик Мелибой.

- Ўтиш жуда қийин, Тожикистондан борган одам бир марта ўтса, иккинчи марта қайтиб у томонга ўтмайди. Чунки кўп навбат кутиб туриш керак, чегарачилари қийнайди, кўп савол беради, дейди пахтаободлик Аҳрор.

Душанбега қайтгач, Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Давлат чегараларини қўриқлаш бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Хушнуд Раҳматуллоевга ҳам сим қоқдик. Бошқарма масъули икки ҳафта олдин ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон ва Тожикистоннинг шимолий чегарасида кучайтирилган тартиб жорий қилганини тасдиқлади. Раҳматуллоевга кўра, ўзбек расмийлари бундай чоранинг 28 феврал куни Тожикистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари туфайли кўрилганини билдирганлар.
XS
SM
MD
LG