Линклар

logo-print

Судя пора олаëтганида ҳибсга олинди

  • Садриддин Ашур

Судя 500 доллар пора олаëтганида¸ ўз кабинетида қўлга олинган.

Судя 500 доллар пора олаëтганида¸ ўз кабинетида қўлга олинган.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах шаҳар туманлараро судининг судьяси Юсуф Камолов пора олаётган пайтда миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда жиззахлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Озодлик радиосига маълум қилди.

Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Зиёдулла Раззоқовнинг айтишича, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах шаҳар туманлараро судининг судяси Юсуф Камолов 3 март куни ўз кабинетида пора олаётган пайтда қўлга олинган.

- Фуқаролик ишлари бўйича аризани қилиб бунга резолюция берганда¸ ëрдам бераман деган тарзда ундан ҳақиқатан ҳам 500 доллар олганлигини эшитдим¸ дейди Зиëдулла Раззоқов.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят суди расмийси бу маълумотни на инкор қилди ва на тасдиқлади. Ўзини фуқаролик ишлари бўйича Жиззах шаҳар туманлараро судининг канцелярия бўлими бошлиғи Феруз деб таништирган одам эса, Юсуф Камоловнинг қўлга олинганидан хабари йўқлигини айтса-да, унинг қўлга олинганини билвосита тасдиқлади.

Озодлик: Юсуф Камолов ҳақида сўрамоқчи эдим. Қачон¸ қаерда қамоққа олинди?

- Билмайман ака мен.

Озодлик: Шу киши сизларда ишлайдими ахир?

- Бизда ишлайди.

Озодлик: Ҳозир ишлаяптими ëки қамоққа олиндими? Биласизми ëки йўқми?

- Билмадим ака. Санкция бердими йўқми билмайман¸ дейди Феруз.

Жиззахлик яна бир инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, Юсуф Камоловнинг судялик ишига ўтганига кўп бўлгани йўқ. У илгари адвокат бўлиб фаолият юритган.

- Юсуф Камолов асли Жиззахдан бўлиб¸ у олдин адвокат бўлиб ишлар эди. Бундан икки йил олдин судя бўлиб тайинланди. Билимга эга¸ талабли¸ дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Зиёдулла Раззоқовга кўра, у ўз ҳимоясидаги фуқаролар иши бўйича жуда кўп марта Юсуф Камолов ўтказган маҳкамаларда иштирок этган. “Бироқ, мен уни адолатли ва ҳалол судя эди деб айта олмайман”, дейди Зиёдулла Раззоқов.

- Мен Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида яшовчи Валя деган рус миллатига мансуб бўлган аëлнинг аризасини¸ унинг поймол бўлган ҳуқуқларини одилона ҳукм чиқариб унга амалий ëрдам бериш мақсадида Жиззах вилоят Зарбдор туманлараро судининг вақтинчалик вазифасини бажариб турган Юсуф Камоловга ариза билан мурожаат қилганида барча важларни кўрсатиб¸ унга одилона ëрдам бериш ва ҳукм чиқариш мақсадида унга мурожаат қилганимизда¸ Юсуф Камолов ҳамма нарани кўриб туриб адолатсиз ҳукм чиқарди. У ўзининг кимлигини қонун олдида яна кўрсатиб турибди¸ дейди Зиëдулла Раззоқов.

Самарқандлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Маматқул Мухторов фикрича, ҳозир Ўзбекистон суд тизимида пора олмайдиган судяни топиш жуда мушкул.

- Судлар ҳозир гадойдан ҳам ëмон бўлган. Пора олмасдан ишни кўрмайди. Фақат пора олади¸ ноҳақ одамларни қамаб ташлаяпти. Шунақа жиноятчилар жуда кўп. Милициялар ҳам пора олаяпти. Мана яқинда ички ишлар бўлимидан Абдусамаев Фарҳод деганни пора олганлиги учун олиб бориб қамаб қўйибди. Судларимиз ҳам¸ прокурорларимиз ҳам¸ ҳокимларимиз ҳам¸ мана битта ҳокимимиз 40 миллиардни олган. Шаҳар ҳокими бўлса 11 миллиардни еб кетган. Булар “СНБ ишлаяпти” деган сўзни ишлатиш учун битта-битта ушлаб қўяди. Қолганини ушламайди¸ дейди Маматқул Мухторов.

Маматқул Мухторов Ўзбекистон суд тизимидаги коррупциянинг ривожланиши сабабларига тўхтар экан, кадрларнинг малакасиз эканлигига алоҳида урғу беради.

- Қандай қилиб ишга кирган булар - пора билан кирган булар. Ислом Каримов қаëққадир кетса агар¸ дарров ўрнига бешта-ўнта комиссиялар ўзлари ташкил қилиб¸ 10-15 кишини суд қилиб тайинлайди. Бундан бу кишининг хабари ҳам йўқ. Чунки ҳозир судларни фақат Каримов тайинлаши керак. Суд бўлиб ишлаëтганлар умуман ҳеч нарсани билмайди¸ дейди Маматқул Мухторов.

Маматқул Мухторов сўзларига кўра, судьяларнинг маошлари оддий бир амалдорнинг маошидан ошмайди. Бу маош билан зўрға тирикчилик қилиш мумикн. Бироқ улар жиноий жавобгарликдан қочиш мақсадида, поралар эвазига қурилаётган қўш қаватли бинолар ва қатор-қатор машиналарни бировларнинг номига олади.

- Яшаш тарзлари ундан ҳам зўр ака. Катта-катта иморатлар қурган¸ ресторанлар қурган. Бола-чақаси ҳаммасига машина олиб берган. Ўзларининг отида ботинкаси ҳам йўқ.

Озодлик: Ҳаммасини бировнинг номига олишадими?

- Қайнонасининг¸ ҳамкасбининг¸ жиянининг номига олади. Яқинда бир суд ишдан кетди. Унинг куëви кўп хато ишларни қилган. Ясама печатлар ясаган¸ ясама қарорлар чиқарган. Уни жиноий жавобгар қилмасин¸ деб секин ишдан бўшатиб қўя қолишди. У Самарқанд шаҳрида суд раиси эди. Ҳамма биладию¸ айтишга қўрқади¸ дейди инсон ҳуқуқи фаоли Маматқул Мухторов.

Унинг фикрича, Ўзбекистондаги барча судяларни ҳам порахўр дейиш адолатдан эмас ва бировнинг ҳақидан қўрқадиган, маҳкамаларда адолат юзасидан иш кўрадиган яккам-дуккам судяларни ҳам учратиш мумкин. Бироқ улар ҳам ана шу коррупцион тизим ичида эркин фаолият юрита олмайди, чунки дейди инсон ҳуқуқи ҳимоячиси, улар “қуйидан пора олиш ва уни юқорига узатиш” тизимидаги занжирнинг бир халқаси бўлишга маҳкум этилган”:

- Баъзи бирлари бор. Улар ҳам келиб-келиб юқоридан таëқ ейди. Катталар “Нимага бундай қилдинг?” деб уришади¸ дейди Маматқул Мухторов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG