Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:04

Европа ўз молиявий ташкилотига эга бўлмоқчи


Европа Иттифоқи расмийлари евро қадри пасайишининг олдини олиш ташвишидалар.
Европа Иттифоқи расмийлари евро қадри пасайишининг олдини олиш ташвишидалар.

Грецияда кузатилаётган молиявий бўҳрон Eвро ҳудудга кирган бошқа давлатларни евро қадри пасайиши олдини олишнинг янги йўлларини топиш хусусида бош қотиришга мажбур қилди. Eвро ҳудудда Халқаро валюта жамғармаси каби ташкилотини тузиш таклиф қилинмоқда.

Европа комиссиясининг 9 март куни Брюсселда бошланган йиғилишида евро зонасида Европа валюта жамғармасини ташкил этиш таклифи кўпчилик диққатини ўзига жалб қилди.

Бу фикрни илк бор Германия Молия вазири Волфганг Шаубле 6 март куни расмий учрашув пайтида айтди. Унга кўра, Грецияда юзага келган молиявий бўҳронга қарши курашиш учун Европа давлатлари Халқаро валюта жамғармаси сингари ўзининг молиявий ташкилотга эга бўлиши керак.

Европа валюта жамғармасининг вазифаси Халқаро валюта жамғармаси сингари евро зонасига аъзо давлат бўҳронга юз тутган пайтда сўнгги восита ўлароқ ёрдам қўлини чўзади.

Европа Иттифоқининг матбуот вакили Амадеу Алтафаж Тардио Брюсселда журналистларга бўҳрондан аввал унинг юзага келиши эҳтимолини тан олиш ва уни бартараф этиш чораларини кўриш муҳим эканини айтди.

- Ҳозирда биз бўҳронли вазият юзага келса, унга бевосита аралашиш, шунингдек, бундай вазият юзага келишини бартараф қилиш йўллари, унга қарши самарали ва превентив чоралар кўриш масаласини очиқчасига муҳокама қиляпмиз. Мен превентив чоралар кўриш масаласи ўта муҳим эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Шу боис эътиборни евро зонасига аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласига қаратмоқчимиз, деди Европа Иттифоқи матбуот вакили.

Тардио Европа валюта жамғармаси Грецияни молиявий бўҳрондан қутқариш учун тузилмаётгани, аксинча, уни тузиш учун вақт кераклигини айтди. Маълумотларга кўра, ҳозирда Греция ҳукуматининг барча қарзлари қарийиб 400 миллиард АҚШ долларини ташкил этимоқда.

Айни пайтда 8 март куни Германия Канцлери Ангела Меркел Европа валюта жамғармасини ташкил этиш таклифини “яхши” ва “қизиқ” деб, уни қўллаб-қувватлашини айтди.

Бироқ Германия раҳбари Европа валюта жамғармасига ким пул қўйиши, бу жамғарма Европа Иттифоқи структуралари, хусусан Европа комиссияси ва Европа Марказий банкидан қанчалар мустақил бўлиши каби масалалар пухта ишлаб чиқилиши кераклигини айтди.

Ангела Меркел фикрича, Европа валюта жамғармасини тузиш узоқ вақт давомида келишувга эришилган ва катта қийинчилик билан ратификация қилинган Европа Иттифоқининг асосини ташкил этувчи Лиссабон шартномасига тузатиш киритилишини талаб қилади.

Айни пайтда Европа валюта жамғармасини тузиш таклифига қарши чиқаётганлар ҳам бор. Хусусан Европа марказий банкининг бошқарув кенгаши аъзоси Юрген Старк бу таклифни кескин танқид қилди.

Старк фикрича, бундай молиявий ташкилот тузилса, ҳукуматлар унга орқа қилиб, сарф-ҳаражатни кўпайтириши мумкин.

XS
SM
MD
LG