Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:49

159 болалари: "Дадажон, сизни жуда соғиндим"


"159 болалари" панжаранинг нариги тарафидаги ҳаёт манзарасидан огоҳ ўсмоқда.
"159 болалари" панжаранинг нариги тарафидаги ҳаёт манзарасидан огоҳ ўсмоқда.

Ўзбекистон жазо қонунининг 159-моддасида мамлакат конституциявий тузумига тажовуз қилганларга 20 йилгача қамоқ белгиланган. Ота ëки она¸ баъзи ҳолларда ҳам ота¸ ҳам она узоқ йиллик қамоққа ташланар экан¸ улар болаларининг ҳоли не кечади?

"159 нинг боласи” деган тамға болаларнинг ўзидан олдин боғчага, мактабга, маҳалла қўмитаси ва ҳарбий комиссарликка махсус мактуб тарзида етиб боради.

Бу болаларнинг умри қамоқхона эшиклари олдидаги навбатларда ўтади. Уларнинг егани заҳар заққум, эшитгани дарду ҳасрат. Бошини силашга бир меҳрибон қўл, бир оғиз ширин сўз нондай арзанда. Улар қалбидаги алам ва ўч туйғуси улар билан биргаликда улғаймоқда.

"159 болалари" деб номлаганимиз туркумнинг навбатдаги лавҳасига бундан 8 йил олдин “Конституцияга тажовуз қилди” деб қамоққа олинган тошкентлик номозхон косиб Муроджоннинг хозир тўртинчи синфда ўқийдиган қизи Муслимахони қаҳрамон қилдик.

"Муслимахон ҳали бешикда ëтган чақалоқ кезида унинг отаси Муроджон қамоққа олинди"¸ дейди маҳбуснинг рафиқаси Мукамбархон.

Мукамбархон: Уларни 2002 йилнинг апрел ойида олиб кетишган.

Озодлик: 8 йил бурун-а?

Мукамбархон: Ҳа. Чиқадиган пайтлари 17 йил қўшилди. Мана ҳозир 16 йил қолаяпти.

Озодлик: Отаси қамалганда фарзандингиз чақалоқ экан. ҳозир тўртинчи синфда ўқиëтган экан. Болаларга қандай таъсир қилди бу?

Мукамбархон: Ўшанга мен ҳам ҳайрон бўламан. Ҳеч бўлмаса норасида гўдакларниг нимасини эътиборга олиб озодликка чиқаришлари мумкин эмасмикан деб ўйлайман. Мана шу қизим ҳозир 10 ëшда. Тўртинчи синфда ўқийди. Бир ярим яшар эмадиган пайтида қолиб кетган. Шундан бери отасидан нарида ўсади. Ҳозир ҳисоблайдиган бўлсак¸ яна 16 йили бор бўлса¸ қизим у пайтда 26 ëшга кирар экан. Бу жуда ҳам катта йилку.

Озодлик: Умр йўлдошингиз қамалган пайтда катта ўғлингиз мактабга ҳам бормаган эди. Ҳозир саккизинчи синфда экан. Бу бола қандай қабул қилаяпти? Отам қани деб сўрайдими?

Мукамбархон:
Бўлган воқеликдан ўзи ҳам хабардор. Биринчи синфга чиқан пайтида “Дадамнинг олдига шу формам билан борай. Дадам менинг ўқувчи бўлганимни кўрсинлар”, деб гапирган. Бу нарсалар менга оғир бўлган.

Озодлик: Болаларнинг ўзи билан гаплашсак бўладими?

- Ҳа¸ болаларим олдимда. Ўғлим нима қилмайди¸ қизим гапираман деяпти¸ дейди Мукамбархон.

Мактабнинг тўртинчи синфида ўқийдиган қизалоқ телефон трубкасини олди.

Муслимахон: Ало¸ ассалому алайкум.

Озодлик: Ассалому алайкум. Яхшимисиз? Исмингиз нима?

- Муслима....

"Дадам қамоқхонада¸ менинг гапимни уларга эшиттирсангиз"¸ дейди маҳкумнинг қизи Муслимахон.

Муслимахон: Дадажон¸ қачон чиқасиз? Мен сизни жуда-жуда соғиндим.

Озодлик: Дадангизни эслайсизми, Муслимахон?

Муслимахон: Нима дедингиз?

Озодлик: Дадангизни кўрганмисиз?

Муслимахон: Ҳа кўрганман. Бориб турамиз.

Озодлик: Охирги марта қачон бордингиз? Аҳволлари қанақа эди?

Муслимахон: Бир йил бўлди. Ëз эди.

Озодлик: Қайси қамоқхонада?

Муслимахон: Нима дедингиз?

Озодлик: Қайси қамоқхонада? Қаерда?

Муслимахон: Бухорода.

Озодлик: Қанақа орзуларингиз бор Муслимахон?

Муслимахон: Дадам тез чиқсалар хурсанд бўламан.

Озодлик: Мактабда яхши ўқийсизми?

Муслимахон: Нима дедингиз?

Озодлик: Ўқишларингиз яхшими?

Муслимахон: Яхши.

Озодлик: Қайси фанларга қизиқасиз?

Муслимахон: Математика¸ она тилига қизиқаман. Тикувчиликка қизиқаман.

Озодлик: Ëддан шеър биласизми?

Муслимахон: Ëдлай оламан.

Озодлик: Айтиб берингчи.

- Ўзимнинг ҳарфимними¸ дейди тўртинчи синф ўқувчиси Муслимахон.

Муслимахон ўз исмининг биринчи ҳарфи "М" ҳарфига бағишланган шеърни ëд билади.

М ҳарфи мен мағрурман¸
Мақтовим тушган элга.
Мард майдонда синалар¸
Меҳнатим манзур элга.

Отаси 159 - модда билан айбланган Муслимахон онаси совға қилган қўғирчоқларни ўйнаб овунади. “Қўғирчоқларни оддий болалардан фарқи улар отам қамоқда деб йиғлашмайди. Улар доимо қувноқ”, дейди Муслимахон болаларга хос самимийлик билан.

Қўғирчоқларини ухлатганидан кейин Муслимахон отасининг суратига соғинч билан қарайди.

- Соғинаман. Дадажон, сизни соғиндим. Чиқариб юборишсин¸ дейди Муслимахон.

159 болалари калимаси Каримов режими вужидга келтирган энг совуқ жумла. Бу жумлани эшитган онимиз этимиз жунжикади. Маҳкумнинг рафиқаси бўлиш оғир¸ аммо бу юк залворини болаларнинг мурғак елкаси қандай кўтармоқда?

Мукамбархон: Энди ҳар бир жойда бир қийинчилик. Қариндошникига борганда ҳам ҳаммаси ўз ота-онаси билан бирга кетади. Уйда ҳам¸ кўча-кўйда ҳам ҳаммаси ота-онасининг бағрида бўлганда¸ буларга ўша нарса жуда қийин бўлиб ўтади деб ўйлайман.

Озодлик: Мактабда ëки кўчада “Булар 159 нинг болалари” деб бармоғини бигиз қилишадими?

Мукамбархон: “Бу йигит ўзи яхши эди. Бунинг орқасидан мана фарзандлари” деб ачиниш билан қарашади. Унақа хўрлаб камситишлар бўлмайди. Бунақа нарсаларнинг гувоҳи бўлмаганман.

Озодлик: Тирикчилик қанақа кетаяпти? Мана эрингиз саккиз йилдан бери қамоқда. Болалар нима еб нима ичаяпти?

Мукамбархон: Энди бу ерда ўзимизнинг деҳқончилик бор. Кунимиз ўтиб турибди. Нолимайман. Болаларнинг ризқини Худойимнинг ўзи бераркан.

Озодлик: Саккиз йил ичида энг қийналган кунингиз қайси кун бўлди?

Мукамбархон: Умуман олганда ҳар кунни ўтказиш қийин. Мана етти йил турмуш ўртоғи билан бирга ўтган бўлса¸ саккиз йил мана турмуш ўртоғимсиз ўтаяпти.

Озодлик: Мана Бухорога борасиз. Қамоқхонага нарса олиб борасиз. Перадача 12 кило олади-а? Ўшанда қийналмайсизми?

Мукамбархон: Энди олиб борган нарсаларимизни олишади. Кўп ҳам нарсалар олиб боравермаймиз. Кучимиз етганча борамиз. Йўл азоби дейишадию. Шунақа азоблар бўлади. Йўлкиралар қиммат. У ëқда тўловлар бор.

Озодлик: Муслимахон “Бир йил олдин дадам билан учрашдим” деяпти. Қанақа бўлган мана шу учрашув?

Мукамбархон: Бу нарса энди иқтисодий етишмовчиликдан деб ўйлайман. Чунки иккита фарзандни олиб кетишга иложим бор. Иккитасини “кейинги сафар” деб кўндираман. Имкониятга қараб иш тутамиз.

Озодлик: Охирги марта борганингизда қанақа боргансиз?

Мукамбархон: Соатга борганимизда¸ шунақа қийинчилик ҳақиқатан бўлди. Чунки совуқ экан. Совуқда пойлаб то киргунча¸ байрам кунимиди, нимадирга бориб қолганмиз¸ кўчада қолдик. Квартира бор экан. Ўша ерда ëтиб кейин киришга мажбур бўлганмиз. Учрашув хонаси совуқ эди.

Озодлик: Бухородаги қамоқхонада-а?

Мукамбархон: Ҳа.

Озодлик: Мана Муроджон ўзининг қизи Муслимахонни кўрди. Қандай бўлди? Таъсирландими¸ кўнгли эзилдими?

Мукамбархон: Бошдан бери бизларга сабр тўғрисида айтадилар. Унчалик ҳам анақа эмас. Мусулмон одам борки, синов келади. Шу синов энди сабр. Шу билан яшаймиз.

Озодлик: Ўша кунни эслайсизми? Муроджонни болаларнинг кўз олдида қамоққа олишдими?

Мукамбархон: Йўқ¸ булар бошқа ëқда бўлганлар. Лекин нима пайтида уйдан варақа чиққан. Ҳеч қанақасига уларнинг варақалари бу ерга келиши мумкин эмас эди. Чунки тутилган жойларида ўзлари билан олиб кетишган бўлган. Варақаларнинг уйдан чиқиши ақлга тўғри келмайдиган нарса. У тутиб турилган жойда турган варақа қанақа қилиб келиб қолиши мумкин? Милициялар кириб¸ болаларимнинг кундалик тўшаб берадиган кўрпа-тўшакларининг орасидан топдик деб қўшниларни гувоҳ қилишган. Бу ерда булар асоссиз эди.

Озодлик: Тинтув болаларнинг кўз олдида бўлдими?

Мукамбархон: Ҳа. ўша пайтда ҳозир сизга гапирган Муслима қизим бешикда ëтарди. Улар пайқашмаган ҳам. “Эҳтиëт бўлинглар. Бешикда бола бор”, деганимдан кейин сал эҳтиëт бўлишган.

Озодлик: Болалар “Дадам қани?” деб сўрамайдими?

Мукамбархон: Тушунмаган бошида. “Нимага дадамни олиб кетишган?” деб сўрайверади. “Дадам намоз ўқисалар¸ Оллоҳнинг айтганини қилсалар¸ айблари нима?” деяверади. Гоҳида жавоб топа олмай қоламан. “Жазо муддатини шу даражада қўлланадими? Ахир ота-она ҳам ўз фарзандининг гуноҳидан ўтади. Жиноят шу даражада оғирми?” деб ақлим етмай қолади.

Озодлик: Сизнинг эрингиздан бошқалар ҳам 159 - модда олганда. 159 болалари деган термин бор. Бу термин сизга нимани билдиради?

Мукамбархон: Мен ҳам шу нарсага нима қиламан. Қанчалик асосли¸ қанчалик асоссиз. Бу шу даражада оғир жиноятмикан?

Озодлик: Варақаларда нима ëзилган эди?

Мукамбархон: Аниқ эсимда йўқ. 159 болаларига сабр тилайман. Бу нарсани халқаро ҳамжамият ўйлаб кўриб, ҳеч бўлмаса оиласи¸ фарзандларининг тақдирини ўйлаб бўлса ҳам чиқаришар деб ўйлайман. Бу эркакларга эмас¸ кўпроқ бизларга жазо бўлиб кетаяпти. Демоқчи бўлганим¸ маҳбусларга бўлаëтган жиноятига яраша жазо эмас¸ балки бу ëқдаги оиласига бўлаëтган жазо бўлиб қолаяптими деб ўйлайман. Чунки улардан кўра кўпроқ бизлар қийналамиз.

Озодлик: Бошқа 159 нинг болалари сизни эшитган бўлса¸ уларга нима деган бўлардингиз?

Мукамбархон: Худо хоҳласа отанглар чиқадилар. Бағринглар тўлади. Оиланглар бахтли бўлади иншооллоҳ.

Озодлик: Турмушга чиққанингизда¸ мана шунақа қийинчиликлар бўлиши хаëлингиздан ўтганми?

- “Турмушнинг аччиқ-ширинлари бўлади. Шу нарсаларга сабр қиламан” деган эдимку¸ лекин Самарқанд¸ Бухоро кабиларга борди-келдилар¸ Тошкентдан ташқарига чиқаман деб ўйламаган эдим¸ дейди Мукамбархон.

Қаҳрамонимиз Муслимахон қамоқдаги отаси зиëратига борганида ўзи тенги маҳбус болаларини кўрди. Муслимахон нафақат ўз отаси балки бошқа 159 болаларининг оталари ҳам озод бўлишини истайди.

- Ҳамманинг дадаси чиқиб кетсин. Олдида бўлсин. Менинг ҳам дадам чиқсинлар. Қамоқхонада ҳеч ким қолмасин. Яхши одамларнинг ҳаммасини чиқариб юборсин мусулмонларни¸ дейди Муслимахон.

Муслимахон отаси қамоққа олинганида бешикда ëтган эди.

Унинг отаси Муроджон Ўзбекистон конституциясига тажовуз қилинганликда айбланиб қамоққа ташланган¸ жазо муддати тугаганидан кейин қамоқнинг ўзида қайта суд қилиниб, яна 17 йил қўшиб берилган. Бу жазо муддатини ўтаб чиққанида унинг қизи 26 ëшга киради.

Муроджон диний варақалар тарқатгани учун қамоққа олинди.

Мемориал ташкилотига кўра, Ўзбекистонда 10 000га яқин эътиқод маҳбуси бор. Муроджон ана шулардан бири.
XS
SM
MD
LG