Линклар

“Россиянинг Lenta.ru сайти Ўзбекистонда очилмаяпти”, дея хабар қилди Fergana.ru сайти. Fergana.ru га кўра, Lenta.ru нинг сўнгги бир неча ой давомида Ўзбекистонда биринчи марта блок қилинишига сайтда чоп қилинган Ўзбекистонга оид мақола сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Сайтнинг Ўзбекистондаги муштарийлари хабарларига қараганда, Lenta.ru да эълон қилинган "Ўзбекистонлик соқол қўйиш ҳуқуқидан фойдалана билди" ("Житель Узбекистана отстоял право на бороду") деган сарлавҳа остидаги мақолани ўқишга уринганларида мақола ўрнига ҳар сафар сайтнинг бош саҳифаси очилаверган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистондаги провайдерларга ёқмаган мақолани Lenta.ru Ўзбекистон ҳақида ёзадиган чет элдаги Uznews. net сайтида ёритилган мақола асосида тайёрлаган.

Uznews даги мақолада ёритилган воқеа ва унинг ортида ётган ҳодиса ўзбекистонликлар учун янгилик эмас.

Гап самарқандлик Абдуҳамид исмли йигитнинг паспортини янгиламоқчи бўлганию бунга унинг соқоли ҳалақит бериб қолгани ҳақда.

25 га кирган Абдуҳамид соқолини селкиллатиб, паспорт сўраб паспорт столга боради.

Соқол билан тушилган суратни паспортга ёпиштириш учун суратга тушгувчининг соқол қўйишга ҳуқуқи борлиги тўғрисида вилоят диний бошқармасининг далолатномаси кераклигини уқтиришади паспорт бергувчилар.

Uznews Абдуҳамиднинг справка олиш учун неча кун овора бўлганини батафсил ёзган.

Вилоят имомини тополмаган Абдуҳамид ўзи яшайдиган маҳалла имомига мурожаат қилади. Маълум бўлишича, имомнинг ўзи соқолсиз юраркан. "СНБнинг қора рўйхатига тушиб қолишдан қўрқаман", деганмиш имом.

Абдуҳамид ҳуқуқшунос билан ҳам маслаҳатлашади. У соқол қўйиш Ўзбекистон фуқаросининг Конституциявий ҳуқуқи эканлигини, паспорт берувчи идоранинг далолатнома талаб қилишга ҳақи йўқлигини тушунтиради. Лекин ҳар эҳтимолга қарши ё соқолни қириб ташлашни ёхуд сўралган далолатномани олишни тавсия қилади.

Охир-оқибат Абдуҳамид вилоят имомини топади. Имомнинг далолатнома ёзиб бериши учун кўп вақт кетмайди: тайёр бланкалари бор экан – исм-фамилия ёзилса бас, далолатнома тайёр. Унда "фалончи пистончиев соқол қўйиб юрадию аммо-лекин зинҳор-базинҳор экстремист эмас", деган мазмун бор.

Справкани Абдуҳамиднинг қўлидан олган паспорт столи ходимлари роса ҳайрон бўлганмиш. “Камдан-кам одамнинг қўлидан келади бундай ҳужжатни олиш”, дебди улар.

Хуллас, Lenta.ru нинг Ўзбекистонда блок қилинишига мана шу воқеа тўғрисидаги мақолани ёритгани сабаб бўлган.

Fergana.ru нинг ёзишича, номаъқул сайтларни блок қилиш тўғрисидаги кўрсатмани маҳаллий провайдерлар Миллий хавфсизлик хизматидан олади.

Абдуҳамиднинг паспорт олиш билан боғлиқ саргузаштлари тўғрисидаги мақолани Ўзбекистонда очилмайдиган қилиб қўйишларида мантиқ кўринмайди.

Чунки соқол билан боғлиқ муаммолар ўзбекистонликлар учун кўплаб йиллардан бери янгилик эмас, бинобарин мақолани ўзбекистонликнинг ўқиши ҳатто фойдадан ҳоли эмас: паспорт олмоқчи бўлган соқолли паспорт столига икки марта бориб юрмайди, аввал имомни топиб, далолатномани ёздирволиб, кейин боради.

Ўзбекистондан ташқарида эса, Lenta.ru ва блок қилинган бошқа ўнлаб сайтлар очилаверади.

Мутахассислар фикрича, сайтларни дунё бўйлаб блок қилишга Ўзбекистон провайдерларининг кучи ҳозирча етмайди.

Яна ким билади, дейсиз...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG