Линклар

Ўзбекистонда аëллар бичилмоқда

  • Сарвар Усмон

Мустақил кузатувчиларга кўра¸ аҳоли сонининг ошиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий тангликни портлаш нуқтасига яқинлаштиришидан чўчиëтган ҳукумат туғилишни қисқартиришга киришган.

Мустақил кузатувчиларга кўра¸ аҳоли сонининг ошиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий тангликни портлаш нуқтасига яқинлаштиришидан чўчиëтган ҳукумат туғилишни қисқартиришга киришган.

Бугун яна ўзбекистонлик аёлларни стерилизациялаш – жарроҳлик йўли билан туғмасга айлантириш амалиёти ҳақида гапирмоқчимиз.

Тунов кунги гап

Бу мавзуни 23 феврал куни ёритишга уринган эдик.

Ўша кунги мақоламизни “Иккитадан ортиқ туғишга рухсат йўқми” деган сарлавҳа остида Озодлик сайтида ўқишингиз мумкин.

Келинг, аввал, ўша мақоладан бир парча эшитайлик:

Хоразмлик мана бу келин ҳам “стерилизация” сўзининг луғавий маъносини билмайдиганлардан. Бироқ атрофида бўлаётган гаплардан хабардор.

- Хоразмда 35 ëшгача бўлган хотин-қизларни мажбурий равишда туққан пайтида спирал қўйиб турибди. Бундан ташқари яна туғмаслиги учун маткасини тикиб ташлаяпти. Докторлар ҳар маҳаллага келиб УЗИга мажбурий тушириб “Маткаларингизни бепул тикамиз” дейишаяпти. Спиралларни ҳам мажбурий қўйиб турибди. Шундан хотин-қизлар кўп касаллик орттириб турибди¸ деган эди хоразмлик келин.

Хоразмлик келиннинг гапи роппа-роса 30 секунд давом этди. Ярим минут ичида уч марта “мажбурий” сўзини ишлатди.

“Спираль мажбурий қўйилмоқда”.

“Бачадонларини мажбурий тикиб ташлашаяпти, туғмасин учун”, деяпти у.

Айтганча, хоразмлик келин айтган амалларнинг иккинчиси ўша “стерилизация”дир.

Хоразмлик келиннинг айтганларини республиканинг бошқа минтақаси – Андижонда яшайдиган бошқа бир келиннинг мана бу гапи “тушунтириши” мумкин:

- “Иккитадан ошиқчаси мумкин эмас. Борингки¸ иккитаси қиз бўлса¸ битта ўғил туғсин. Учтага мумкин” деган гапни врачнинг оғзидан эшитганмиз. Битта ўғил¸ битта қиз бўлса туғиш мумкин эмас дейишаяпти¸ дейди Андижонда яшайдиган келин.

Демак, Ўзбекистоннинг икки минтақасида яшайдиган икки аёлнинг гапларидан мамлакат врачлари туғишни чеклаш устида иш олиб бораяпти, деган хулосага келиш мумкин.

Чиндан ҳам шундайми?

Биз бу саволни республиканинг яна бир минтақаси – Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси вакилига бердик.

У кишининг айтишича, ҳеч ким:

- Туғриқни камайтиринглар¸ демаяпти. Касал аëллар туғмасин¸ 17-19 ëшли қизлар туғмасин дейилаяпти. Ҳозир туғаëтганда интервалларни сақлаш керак. Туғиш орасини уч йилдан кам қилиш керак эмас. Кейин 35 ëшдан юқори бўлган аëлларимизнинг туғиши мумкин эмас. Мана шунақаларга қарши кураш олиб борилаяпти.

Озодлик: Бу аҳоли сонини назорат қилиш учун қилинаяпти деган гаплар ҳам бор.

- Йўқ¸ дейди Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили.

Озодлик: Хоразмда¸ умуман вилоятларда аëлларни мажбуран стерилизация қилиш ҳолатлари бўлаяпти¸ дейди. Ишонса бўладими шу гапга?

- Мажбуран стерилизация қилинмаяпти,

деб жавоб берган эди Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассиси.

Эслатиб ўтаман, 23 феврал куни биринчи марта ҳавога узатилган лавҳадан парча эди бу.

"Нажот" ўтказган тадқиқот

23 феврал кунги лавҳамиздан кейин бу мавзу анча шов-шувга сабаб бўлди.

2 март куни CA-News агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили мамлакатда аёллар мажбуран стерилизация қилинаётганини инкор қилгани тўғрисида хабар қилди.

23 феврал кунги лавҳамизни тайёрлашга Хоразмдаги инсон ҳуқуқлари “Нажот” ташкилоти тарқатган хабар туртки берган эди.

“Нажот” раҳбари Ҳайитбой Ёқубов "Жамият ва қонун" саволларига жавоб берди:

Озодлик: Хоразмда стерилизация аëлларнинг хоҳишига қарши ўтказилаëтган экан.

- Худди шундай. Биз бу нарсадан хабардор бўлгандан кейин ўзимизнинг Хива туманида 17 нафар аëллар билан гаплашдик. Айримларида ўша аëлнинг ўзи¸ айримларида уларнинг яқинлари билан гаплашдик. Ҳақиқатан ҳам улар тиббиëт масканларига борганида¸ “Сизларда хавфли касал бор. Шунинг олдини олиш учун аëлларни бичиш амалиëтини қўллаймиз” деб шу амалиëтларни ўтказишган. Ҳатто мана шу давр ичида тушуниб етган фуқаролар томонидан туман тиббиëт бошлиғига учрашган одамлар ҳам бўлган. Судга мурожаат қиламан деган аëлларнинг олди олинганлари ҳам бор. Биз бу аëллар билан суҳбат ўтказдик. Кейин тиббиëтда ишлайдиган таниш-билишлар билан гаплашганимизда¸ улар ҳам биз кўтариб чиққан бу муаммони тасдиқлашди. Бизларга ҳар кун бўладиган пятиминуткада олдимизга қўйишади¸ дейишди улар. “Сен нечта аëлни олиб келдинг? Нечта аëлга амалиëт ўтказдинг?” деб катта тиббиëт врачлари сўрашар экан¸ дейди Хоразмдаги инсон ҳуқуқлари “Нажот” ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов.

Гинеколог врачлардан “ҳар пятиминуткада стерилизация тўғрисида ҳисобот сўрашлари” ҳақида Ўзбекистоннинг бошқа бир вилоятида ишлайдиган гинеколог аёл ҳам айтди. Лекин у зинҳор-базинҳор исмини айтмаслигимизни ўтиниб сўради.

23 феврал кунги эшиттиришимизда бошлаб қўйганимиз бу мавзу бошқа ахборот воситаларида ривожлана борди.

www.ferghana.ru сайти ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг Экспертлар Ишчи Гуруҳи тарқатган маълумотларга таяниб, 1 март куни шу мавзуни тилга олди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус буйруғи

Гуруҳнинг хабар қилишича, 2010 йилнинг 15 февралида республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг туғиш ёшидаги аёлларни ихтиёрий стерилизациялаш тўғрисидаги 40-чи буйруғи чиққан.

Эътибор беринг: буйруқ кўнгилли, ихтиёрий стерилизациялаш ҳақида.

Лекин амалда, Экспертлар Ишчи Гуруҳи вакили Суҳроб Исмоиловнинг айтишича,

- Биз мажбурлаб стерилизация ўтказаяпти, демаяпмиз. Лекин ихтиëрий деб белгиланган амалиëтни жойларда бажарилишига келсак¸ унда баъзи бир мажбурлаш ëки алдов йўли билан қилишга ўхшаган ҳолатлар ҳам келиб чиқаяпти. Фақат шунга урғу бермоқчимиз. Биздаги маълумотларга қараганда¸ мана шу буйруқ асос бўлиб жойлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари вилоятлар¸ Қорақалпоғистон республикаси ва Тошкент шаҳри даражасида ўзларининг махсус буйруқларини қабул қилишган ва стерилизацияни амалга ошириш бўйича иш режасини ишлаб чиқишган. Мана шу иш режасига кўра¸ репродуктив ëшда бўлган аëлларнинг соғлигини кузатиб турадиган¸ улар ҳақида ғамхўрлик қиладиган участка врачларига ойма-ой равишда камида иккита аëлга стерилизация ўтказиш бўйича фикр уқтириш ва уларнинг розилигини олиш топшириғи берилган¸ дейди Экспертлар Ишчи Гуруҳи вакили Суҳроб Исмоилов.

Хуллас, план бор.

План эса, эскича, советча анъаналарга кўра бажарилиши шарт. Бажармасанг¸ партбилетни столга қўясан.

“План” сўзидан “планлаштириш” сўзи ҳосил бўлган.

Шу ўринда яқин ўтмишга бир экскурс қиламиз.

Ўзбек оиласини коммунистлар ҳам планлаштирмоқчи бўлган

Ўзбекистонда оилани планлаштириш ғояси Совет иттифоқи тарқаб кетиши арафасида, қайта қуриш йилларида пайдо бўлган эди.

Ўша даврда шаклланишни бошлаган демократик ҳаракат фаолларидан бири Дилором Исҳоқова эслайди.

Дилором Исҳоқова: Бирданига ҳамма газеталарда пайдо бўлди. Oилани планлаштириш масаласи кўтарилди. Бу нарса совет иттифоқи тугатилмаган даврда бошланди. Ўзбек аëллари кўпроқ ўзларига қарашлари¸ ўзларини ўйлашлари кераклиги¸ иккита бола орасидаги танаффус кичик бўлгани учун болалар нимжон туғилаëтгани¸ аëлларда камқонлик кўпайиб кетгани ҳақида бирданига меҳр билан турли мақолалар ëза бошлашди. Ҳатто шунақа мақолалар чиқдики¸ совет республикаларида армияга чақирилаëтганлар ичида энг нимжон¸ энг бўйи паст болалар айнан ўзбек йигитлари эканлиги ҳақида буюртма мақолалар чиқа бошлади.

Озодлик: Бу Москвадаги газеталарда-а?

- Бизникилар буни таржима қилиб босишди. Ўзимизда ҳам¸ ҳозир эслай олмаяпман¸ ҳеч ким билмайдиган журналистлар пайдо бўладику¸ ана шундай журналистлар пайдо бўлишди¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Ўша мақолаларни ўзбек жамоатчилиги, ўзбек зиёлилари оғир олган эди. Дилором Исҳоқова Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган бир издиҳомда биринчи бўлиб оилани планлаштириш кампаниясига қарши гапирган аёл.

- Ëзувчилар уюшмасида айнан демографияга бағишланган йиғилиш бўлди. Шунда мен сўзга чиқдим. Қўполроқ гапиргандирман¸ лекин жон аччиғи жуда куйиб кетганман¸ ўшанда “Ўзбек йигитлари¸ белингларда белбоғинглар борми? Энди аëлларингиз нечта туғишини ҳам дастак қилиб¸ қўлингларга буйруқ қилиб тушириб беради. Хотинингларни олиб бориб мажбуран аборт қилдиради. Сизлар “бизларни экстремист деб айтишади” деб қўрқиб ўтираверасизларми? Шундай бир ситуация бўлди. Шунда экстремист бўлсак бўлибмиз” деганман. Шундан кейин бир рус аëли туриб миллатчилик деди¸ бақир-чақир бўлиб кетди¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Шундан кейин ўзбек зиёлилари орасида Москванинг ўзбек оиласини планлаштириш сиёсатига қарши чиқиш қилмаган одам қолмади, деса ҳам бўлаверади.

Ўзбек шоирларию ёзувчилари ёппасига ўзбек оиласи ҳимоясига отланган эди

- Эркин Воҳидов¸ Муҳаммад Солиҳ. Эркин ака айнан ўзбекнинг фарзанд туғишига нима қилинган шеър ëзган эди. Кейин Муҳаммад Юсуфнинг бир шеъри чиққан эди. Унинг шеъри бирданига оммабоп бўлиб ўқилган эди. “Ўзбек бола боқмай¸ бола туғмай нима қилсин? Ўзбек бола боқади¸ бола туғади. Ит боқувчилар бошқа” деган бир шеърлари чиққан эди. Хуршид Дўстмуҳаммедовнинг мақоласи чиққан эди. Кетидан Аҳмад аканинг мақолалари чиққан эди. “Саодат” журналида Ҳалима Худойбердиеванинг мақоласи чиққан эди. Ҳамманинг фикри бир жойда бир хил эдики¸ “Ўзбекнинг оиласида фарзанд туғилишини чеклашнинг кераги йўқ. Биз жуда кўпайиб кетганимиз йўқ. Биз у пайтда бўлсак 25 миллион эдик. Оиламиздаги болаларни қисқартириб қўядиган даражада кўпайиб кетганимиз йўқ”. Бундан ташқари бу нарса ҳақоратдай қабул қилинган эди¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Дилором Исҳоқова тилга олган шоиру ёзувчиларнинг мутлақ кўпчилиги бугун ҳам ҳаёт¸кўпчилиги бугун ҳам Ўзбекистонда.

Лекин бугун улар жим. Ўзбек оиласини жарроҳлик столида планлаштириш хавфи реал бўлиб турганда зиёлилар бир нарса демаяпти.

Нега?

Ёки 20 йил аввалги 25 миллион оз эдию, бугунга келиб мамлакат аҳолиси 28 миллионга етганда етарли бўлиб қолдими?

Бу масалага ҳам тўхталамиз бироздан кейин.

Ҳукуматнинг демографик сиёсатига бир назар
(Социолог Камолиддин Раббимов билан суҳбат)

Ўзбекистон ҳукуматининг демография соҳасидаги сиёсатини тушунишга ҳаракат қиламиз.

Бу ишда бизга социолог Камолиддин Раббимов ёрдам беради.

Камолиддин Раббимов: Ҳукуматнинг демография соҳасидаги сиëсати жуда ҳам зиддиятли дейишимиз мумкин. Марказий Осиëнинг умумий аҳолиси Қозоғистонни ҳам қўшганда ҳаммаси бўлиб 60 миллион атрофида. Бундан 28 миллионининг ўзи битта Ўзбекистонга тўғри келади. Ўзбекистон демография омили орқали ўзининг салтанатлик амбицияларини унчалик яширмайди. Бу бир томондан. Ички сиëсатга келганда ҳукумат кейинги йилларда¸ айниқса кейинги беш йилда демографик ҳолатни жиловлашга дейишимиз мумкин. Чунки аҳолининг туғилишини мутлақ қисқартириш ҳақида гап кетмаяпти. Уни жиловлаш ҳақида гап кетаяпти. Жиловлаш сиëсати олиб борилаяпти. Агар Ўзбекистоннинг мустақиллик даврига эътибор берсак¸ энг кўп туғилган йил бу 1991 йил ҳисобланади. Чунки у пайт СССР даврида шаклланган тенденциянинг давом этиши эди. Ўзбек жамиятида СССРдан қолган ресурслар бор эди¸ психологик ҳолат бор эди. 1991 йилда 723 минг чақалоқ туғилган. Кам туғилган йил 2003 йил ҳисобланади. 508 минг чақалоқ туғилган. 2004-2005 йилдан бошлаб кўпайиш кузатилаяпти. 2008 йилда 646 минг чақалоқ туғилган. Таққослаб кўриш мумкин: 2008 йилда 2003 йилга нисбатан 150 минг чақалоқ кўпроқ туғилаяпти.

Озодлик: 1991 йилги вазиятни айтдингиз. Туғилиш суръати пастга тушиб кетган 2003 йилни ҳам айтдингиз. Ўша пастга тушишнинг боиси нимада?

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ бир 90- йилларнинг бошида оғир ислоҳотларга тайëр эмас эдик. Бизнинг психологиямиз жуда ҳам машаққатли бўлган ислоҳотларга кўникмаган эди. Тахминан 2000-2002 йиллардан бошлаб халқда кутишлар даври ўтиб бўлди. Чунки 90-йилларнинг охиригача ўзбек жамияти ижтимоий кутиш ҳолатида бўлди. Мана шу ижтимоий кутиш амалга ошмагандан кейин жамиятнинг мана шу вазиятга психологияси шаклланиб борди. Кейинги йилларда аҳолида иккинчи марта жонланиш¸ умуман туғишга бўлган мойилликнинг нисбатан кучаяëтганлигини яна қайтадан кўришимиз мумкин.

Озодлик: Демак¸ 2003 йилгача муттасил камайиб келди-а?

Камолиддин Раббимов: Ҳа.

Озодлик: 2003 йилдан бошлаб яна кўпайишни бошлади.

Камолиддин Раббимов: Ҳа.

Озодлик: Демак¸ ўзбекистонликлар яхши яшай бошлабдида.

Камолиддин Раббимов: Бир томондан мана шундай дейиш мумкин. Чунки 2004-2005 йилларда ўзбек жамиятида дифференсация¸ ижтимоий табақаланиш жуда кучли кетаяпти. Маълум бир аҳоли қатлами борки¸ уларнинг аҳволи бир мисқолча ҳам ижобий томонга ўзгараëтгани йўқ. Лекин аҳолининг тадбиркорлик билан¸ хусусий бизнес билан шуғулланадиган маълум бир қатламлари борки¸ уларнинг аҳволи нисбатан яхшиланиб бораяпти. Туғилишнинг кўпаяëтганини фақат иқтисодий вазият билан боғлаб бўлмайди. Болажонлик¸ фарзанд кутиш психологияси ўзбек менталитетига асрлар давомида шаклланган қимматбаҳо ресурс ҳисобланади. Биз биламизки¸ турмуш даражаси юқори бўлган давлатларда туғилиш жуда ҳам кам. Ғарб давлатлари деймизми¸ қўшниларимиз деймизми – турмуш даражаси биздан 10-15 баробар юқори¸ лекин фарзанд туғилиши оила бошига икки-уч баробар паст. Шунинг учун буни фақат иқтисодий омиллар билан белгилашимиз мутлақо нотўғри бўлади.

Озодлик: Нима билан белгилаймиз унда?

Камолиддин Раббимов: Мен айтганимдек¸ жамият психологик ўтиш давридан ўтиб бўлди. Муаммоларга кўникиб¸ янги шаклланган ижтимоий-иқтисодий вазиятга кўникиб¸ қайтадан ижтимоий энергия ишлаб чиқараяпти десак бўлади.

Озодлик: Туғилишни чекламаяпти¸ туғилиш жараëнини жиловлашгҳа ҳаракат қилаяпти деяпсиз. Шу жиловлашдан ҳукуматнинг мақсади нима?

Камолиддин Раббимов: Менинг назаримда¸ биринчи асосий мақсад вазиятни назорат қилиш. Чунки туғилиш орқали шундоқ ҳам танг бўлган ижтимоий-иқтисодий вазият баттар издан чиқиб кетмасин деган ҳадик бор. Бу ерда асосий критерия бу ҳокимият. Яъни ҳокимиятни ушлаб туриш. Бир томондан Марказий Осиëдаги қўшни давлатларга мақтанади¸ психологик босим ўтказади. Бу ҳам ҳокимиятнинг амбициялари билан боғлиқ. Иккинчи томондан ички сиëсатда туғилишни жиловлашга ҳаракат қилинади. Бу ҳам ҳокимиятни ушлаб туриш билан боғлиқ ҳолат.

Ҳукуматнинг тасаввурида туғилиш жараëнлари назорат қилинмас экан¸ шундоқ ҳам танг бўлган ижтимоий-иқтисодий вазиятда ижтимоий портлаш бўлиб кетиши муқаррар деган психологик фикрлаш мавжуд. Лекин ҳукумат ўзининг мана шу фикрлашини қонун даражасида формулировка қилгани йўқ. Бу ерда зиддиятли бир ҳолат бор. Ўзича муаммо деб қабул қилади. Лекин ўша муаммони қонун даражасида чеклашга боргани йўқ. Соғлиқни сақлаш давлат органларида аëлларга имкон қадар камроқ туғиш¸ иккинчи-учинчи фарзанддан кейин туғмаслик маслаҳат берилади. Лекин унга давлат ҳуқуқ-тартибот органлари босим ўтказиб¸ фарзандни олдириб ташлашга ëки учинчи-тўртинчи-бешинчи фарзандни туғадиган бўласа¸ унга маълум бир қонунчилик доирасида жазо кўришга ҳали база яратгани йўқ.

Озодлик: Сабабларини сиз мана илмий тил билан айтдингиз. Ижтимоий портлаш бўлиши мумкин дедингиз. Шу мавзуда мен суҳбатини олганим бошқа кишилар оддий тингловчи тушунадиган тилда гапирди. Туққан онага берадиган нафақани қизғанаяпти¸ туғилган болага берадиган нафақани қизғанаяпти¸ тежамоқчи деяпти. Шунақа фикрларга қўшиласизми ëки йўқми?

Камолиддин Раббимов: Агар давлат ўша пулни беришни истамаса¸ мингта йўлини топади. Бу ҳолат жуда ҳам кўп кузатилган. Давлат шунақанги критерийлар ишлаб чиққанки¸ болалар учун ажратилаëтган нафақаларни олиш имконияти ҳозир умуман қийин бўлиб қолган. Агар оилада бирор бир киши ишласа ва унинг ойлиги маълум бир миқдордан ошадиган бўлса¸ у оила бола нафақасидан маҳрум бўлади. Дунëда бу каби ижтимоий сиëсат юритаëтган давлатлар кам. Шу нуқтаи назардан айтмоқчиманки¸ давлат пулни қизғанаëтгани йўқ. Аксинча¸ давлат ўзи шундоқ ҳам ҳеч кимга пул бераëтгани йўқ. Бу ерда аҳолини кўпайтирмасликка¸ жиловлашга ҳаракат қилаяпти дейишимиз мумкин.

Озодлик: Аҳоли кўпайиб кетса¸ ижтимоий портлаш бўлади дедингизда тўғрими?

Камолиддин Раббимов: Ҳа¸ тўғри.

Озодлик: Унда ижтимоий портлашни нима деб тушунай?

Камолиддин Раббимов: Ижтимоий портлашни қўпол қилиб айтганда революция дейишимиз мумкин. Ўзи шундоқ ҳам ҳозир давлат бюджетида пул етишмайди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ойлик билан зўрға таъминлаб турилибди. Аҳоли жон бошига йиллик даромад 700-900 доллар атрофида бўлаяпти. Бир ойга жон бошига 60-80 доллардан тўғри келади. Ундан ошмайди ҳеч қачон. Ижтимоий портлаш дегани аҳолининг кўчага чиқиш хавфи юқорилашиб бораëтганлигини назарда тутади. Ўзбекистон ҳамма критерийлардан олиб қаралганда¸ ижтимоий портлаш мойиллиги жуда юқори бўлган давлат ҳисобланади.

Биринчи томондан эътибор берсангиз¸ аҳоли ўсиш суръатлари анча юқори.

Иккинчи томондан 30 ëшгача бўлган ëшлар аҳолининг 60-65 фоизини ташкил қилади. Бундан ташқари ишсизлик юқори бўлганлиги учун ишга яроқли аҳолимиз четга чиқиб кетаяпти. Ўзбекистондан миграция юқори. Шунинг учун Ўзбекистонда айнан қарамоқда бўлган аҳоли қолаяпти. Болалар¸ аëллар ва қариялар. Мана шу ҳолатларнинг ҳаммаси инобатга олинса¸ ҳукуматни ҳақиқатан таҳликага соладиган бир ҳолат.

Озодлик: Наҳотки ҳукуматнинг шу масаладаги сиëсатида ëруғ нуқта йўқ?

Камолиддин Раббимов: Бу ерда кўпгина омиллар бор. Бир томондан оила планлаштириш деган ëндашув аслида тўғри ëндашув. Лекин Ўзбекистон ҳукумати оилаларга маълум бир муддатдан кейин туғилган фарзандни яхшироқ вояга етказиб олгандан кейин фарзанд туғ деяëтгани йўқ. Аксинча¸ иккинчи фарзанддан кейин туғишни тўхтатишни талаб қилаяпти.

Бир томондан¸ оилани планлаштириш муаммоси ўзбек жамиятида мавжуд.

Иккинчи томондан¸ ҳукуматнинг асосий мақсади оилани планлаштириш эмас¸ туғилиш жараëнини қисқартириш бўлиб қолаяпти. Жорий ҳукумат Ўзбекистонда тизимли ислоҳотлар амалга ошира олмайди. Шу ислоҳотларни амалга оширишни ўзига таҳдид деб билади. Агар Ўзбекистонда ҳеч бўлмаганда ўрта демократик ҳукумат бўладига бўлса¸ демографиянинг ўсиши Ўзбекистон манфаатларига жуда ҳам тўғри келадиган омил. Бу инвестицияларнинг кириб келишини парваришлайдиган омил. Инвестиция¸ иқтисодий ўсиш¸ умуман ривожланиш демография билан чабарчас боғлиқ ҳолат.

Биз биламизки¸ инвесторлар аҳоли ўсмаëтган давлатларга инвестиция киритмайди. Мана Ўзбекистонда ишчи кучи муаммоси йўқ. Ўзбек менталитетида тадбиркорликка мойиллик жуда кучли. Келажакда Ўзбекистонда демократик ëки ярим демократик ҳукумат бўладиган бўлса¸ бу албатта¸ муаммо эмас. Демографияга босим ўтказиш мантиққа унчалик тўғри келмайди. Ривожланган давлатлар ҳам Россия деймизми¸ Қозоғистон деймизми аҳоли кўпайишини парваришлаш учун бир қанча тадбирларни амалга ошираяпти. Лекин барибир шу жамиятларда фарзанд кўришга мойиллик пастлигича қолаяпти. Ўзбекистонда тескариси бўлаяпти¸ дейишимиз мумкин. Ҳукумат ҳозир ислоҳотлар ўтказа олмайди ва шунинг учун инстинктив ҳолатда вазиятни ушлаб туриш учун демографик ҳолатни назорат қилишга ҳаракат қилаяпти¸ холос.

Озодлик: Туғилиш суръатлари ҳозиргидан икки баробар кўп бўлиб кетган тақдирда ҳам Хитойга бўлган хавф Ўзбекистонга йўқ.

- Албатта йўқ. Мен юқорида туғилиш сонини айтдим. Бундан бир нечта пунктларни ажратиб ташлаш керак. Ўзбекистондан кўчиб кетаëтганлар сони мавжуд. Бундан ташқари ўлаëтганлар сони мавжуд. Буларнинг ҳаммасини айириб ташлайдиган бўлса¸ аҳоли ўсиш суръати¸ мана 2008 йилга 646 минг деб айтилди¸ бу соф ўсиш эмас¸ бу фақат туғилиш сони. Соф ўсиш 420-430 минг атрофида бўлаяпти. Бизда охирги марта аҳоли ҳисоб-китоби совет иттифоқи даврида ўтказилди. Бизда Ўзбекистондан кўчиб кетганлар¸ миграция масаласи тўғрисида маълумот йўқ. Шунинг учун статистик маълумотлар йилдан йилга қўшиб борилаяпти ва 28 миллион дейилаяпти. Лекин шунча аҳоли Ўзбекистон ичкарисида борми ëки йўқми бу ҳада маълумот йўқ. Буларни ҳам ҳисобга олиш керак деб ўйлайман¸ дейди социолог Камолиддин Раббимов.

Камолиддин Раббимов аҳолининг ўсиши Ўзбекистон иқтисодиёти учун манфаатли омил, мамлакатга инвестицияларнинг кириб келишига йўл очадиган омил, деган фикрни билдирди.

Бас, шундай экан, эшиттиришимизга иқтисодчи олимни ҳам таклиф қилдик.

"Фарғона водийсида 30 миллион одам яшаши мумкин"
(Иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов билан суҳбат)

Саволларимизга жавоб берган иқтисодиёт фанлари номзоди Расулжон Абдумажидовнинг айтганларини эшитинг.

Озодлик: Демография билан иқтисодиëтнинг ўзаро боғлиқлиги.

Расулжон Абдумажидов: Иқтисод масаласи-а?

Озодлик: Ҳа.

Расулжон Абдумажидов: Иқтисодга демографиянинг боғлиқлиги шундан иборатки¸ агар оилада иккита одамдан тўртта бола вужудга келса¸ бу ўсишни билдиради. Тўртта болада ўсади¸ учта болада ўсмайди¸ иккита болада аҳоли сони камаяди. Табиий ўз- ўзидан йўқолиш деган нарса бор. Шунинг учун тўрттадагина ўсиш бошланади. Иккитадан бола оширмасин деган қарор тепадан бўлаяпти ва бунинг бўлаëтганига анча бўлди. Врачлар буйруқ бажарувчилар. Уларга ҳам қийин. Улар буйруқ бажаради.

Масаланинг иккинчи томони шундан иборатки¸ аҳоли ўсиши билан бирга ишлаб чиқариш кучлари ўсади. Агарда давлат бошқариш аппаратининг ақл-заковати етмаса¸ аҳолини камайтириш йўлини ўйлайди. Агарда интеллектуал юқори бўлса¸ жамиятнинг ишлаб чиқариш кучларини ривожлантиришни ўйласа¸ аҳолини кўпайтиришни ўйлайди. Иқтисод билан фарқи шу ерда. Демак¸ ишлаб чиқариш кучлари нималардан иборат? Одамнинг ўзи ҳам ишлаб чиқариш кучига киради. Ҳозиргина телевизорда кўрдим. “Испаниянинг 19 фоиз ишга яроқли аҳолиси ишсиз. Қиëмат бўлаяпти” деяпти. Афсуски¸ Ўзбекистонда 30 фоиз меҳнатга яроқли одам ишсиз. Вақтинча иш билан таъминланганлар жуда ҳам кам.

Озодлик: Демак¸ туғилишни чеклаш иқтисодига хавф экан-а?

Расулжон Абдумажидов: Албаттада.

Озодлик: Ўша хавфлар нималардан иборат?

Расулжон Абдумажидов: Қараб туринг. Экономика аҳолини камайтиришни ҳеч қачон хоҳламайди. Нимага? Иккита бола бўлдими аҳоли ўсмайди. Йилдан йилга аҳоли камайиб боради. 25 миллиондан ҳар йили 500 минг одам камайишга боради. Эртага Ўзбекистон аҳолиси 20 миллионга тушар¸ 15 миллионга тушар. Иккитадан бола оширмайсан деса¸ мана ҳисоблаб чиқинг. Арифметик ҳисобланадиган бўлса¸ туғилишни ҳар йили биз 200 мингдан камайтириб борадиган бўлсак¸ 10 йилда қанча бўлади? 50 йилда қанча бўлади? Демак¸ йўқолиб кетади. Ана шу йўқолиб кетмасликнинг олдини олиш учун учта эмас¸ экономиканинг қонуни бўйича¸ демографиянинг қонуни бўйича¸ тўртта бола туғилиши керак. Тўртта бўлганда аҳоли ўсади. Ишлаб чиқариш кучлари ривожланмагандан кейин аҳолини камайтиришга уринади булар. Авваламбор ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш¸ энергия ресурсларини вужудга келтириш билан шуғулланиш керак. Энергия ресурси йўқ. Мана ўзимнинг Ҳаққулободимда СССР даврида қурилган тўқимачилик фабрикалари¸ ХБК деган фабрикалар аллақачон тўхтаб¸ талон-тарож бўлиб ëтибди. Нимага? Энергия ресурси йўқ. Трусикниям Хитойдан олаяпмиз¸ майканиям Хитойдан олаяпмиз. Битта кўйнак ҳам тика олмаяпти ҳозир. Бунақа бўлмайдида. Ахир ишлаш керак.

Озодлик: Балки Оқсаройдагилар кўпроқ нарсани билар. Ўзбекистондаги ҳолат Хитойдагидай бўлиб қолгандир. Хитойлар ҳам иккитадан ортиқ туғмайсан дейдию. Балки Ўзбекистонда ҳам вазият шунақадир?

Расулжон Абдумажидов: Гап Гоби чўлидагиларда эмас. Гоби чўлида Хитой йўқ. Хитой асосан жанубий ва шарқий нималарида зичлик катта. Хитойда аҳоли бир миллиард 300 миллиондан ошиб кетди. Ҳозир бу ерда 22 миллион аҳоли яшаяпти. Масалан Фарғона водийсининг деҳқончилигию ишлаб чиқаришини рўëбга қўядиган бўлса¸ ҳозир Фарғона водийсида 6¸5 миллион аҳоли яшайдиган бўлса¸ 30 миллионни бемалол эплайди. Бемалол яшайди¸ бемалол ишлайди. Меҳнат қилувчига имкон бериш керак. Туғилишига ҳам¸ бошқасига ҳам.

Озодлик: Фарғона водийси 30 миллион аҳолини кўтара оладими?

Расулжон Абдумажидов: Бемалол кўтара олади.

Озодлик: Қандай ишонтира оласиз?

Расулжон Абдумажидов: Битта қишлоқ хўжалиги эмас. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ва Хитойга ўхшаб ишлаб чиқаришнинг ғамини ейиш керак.

Озодлик: Фарғона водийси 30 миллион аҳолини кўтара олади деяпсиз-а?

Расулжон Абдумажидов: Албатта.

Озодлик: Қандай ишонтира оласиз бу рақамга?

- Мен эмас. 1975 йилда Ишлаб чиқариш кучларини ўрганиш институти Фарғона водийсини ихтисослаштириш¸ жойлаштириш масаласини ишлаб чиққан. Пахтани бу ердан 50 фоизга камайтириш керак¸ боғдорчилик ва бошқаларни переработкаси билан қилиш керак. Бемалол эплайди. Афсуски¸ бу нарсаларга ҳеч ким ҳеч нарса эмас. Ўзбекистонда битта қонуният бор? Қайси қонуният? Масалан қулдорлик жамиятини ҳаракатга келтирувчи куч қамчи бўлган. Қулни ураверади¸ ишлайверади. Меҳнат унумдорлиги ўша билан ошган. Феодализмники ижара бўлган. Ижарага бериб қўйиб маза қилаверган. Капитализмники сўм бўлган. Социализмники мажлис бўлган. Ҳозир булар социализмдан ҳам ўтиб кетган. Беш соатлаб ҳозир ҳам мажлисда ўтиришибди¸ дейди Расулжон Абдумажидов.

Оилани планлаштиришга ҳукумат танқидчилари ҳам қарши эмас

Ўзбекистон ҳукуматининг туғиш ёшидаги аёлларни ихтиёрий жарроҳлик стерилизациясидан ўтказиш режасини кескин танқид қилаётганлар ҳам ўзбек оиласини планлаштириш ғоясига принципда қарши эмас.

Фақат, уларнинг фикрича, оила аёлларни алдаш ёки қўрқитиш йўли билан стерилизациялаб планлаштирилмаслиги лозим.

Қайта қуриш йилларида Москванинг ўзбек оиласини планлаштириш ғоясига қарши чиққанлар ўзбек аёли туғаётган болалар нима учун соғлом эмаслигини биларди.

Дилором Исҳоқова 20 йил олдинги гапларни эслайди.

- Ҳақиқатан ҳам бизнинг болаларимиз нимжонлашиб кетган эди. Асосан ўзбек болалари. Ҳақиқатан ҳам касаллар кўп эди. Аëллар ичида касаллар ва туғиш пайтида ўлганлар ҳақиқатан кўпайди¸ болалар ўлими ҳам кўпайди. Бунинг сабаби йиллар давомида пахтада ишлаëтган¸ қишин-ëзин совуқ демай¸ иссиқ демай ҳамма ëғини шамоллатиб юрган аëллар¸ болаларини дарахтга беланчак боғлаб осиб қўйиб ўзи пахта териб¸ тепасидан дори сепиб ўтаëтган дефолянтлар¸ химикатларнинг оқибати эди¸ дейди Дилором Исоқова.

Бугун ҳам аҳвол ўзгаргани йўқ, дейди Дилором Исҳоқова.

- Давлат ўзининг фуқароларининг ҳаëтини ўнглаш учун қандайдир ўзига олган мажбуриятлари бўлиши керак. Борингки¸ ҳукуматимиз ўз халқини шунчалик севадики¸ аëлларимизни асраб¸ майли сони кам бўлса ҳам сифати зўр бўлсин деган маънода шундай қилаяпти дейлик. Сифат ўз-ўзидан бўлмайдику қашшоқлашиб ëтган Ўзбекистонда. Сифатли медицина керак. Болаларнинг сифатли тарбияловчиси керак¸ сифатли ўқитувчиси керак¸ сифатли уй-жой керак¸ сифатли дори-дармон керак. Қани улар? Ҳеч нарса йўқку ахир. Бу ерда мен сифат ҳақида кимнингдир ўйлаëтганига қандай ишониш мумкин? Бу ерда сифат ҳақида ўйланаëтгани йўқ. Бу ерда айнан иқтисод қилинаяпти. Тагида иқтисод¸ оғизда камайтириш. Аслида онанинг қорнида касал бўлса¸ 10 йилда битта туғдирса ҳам касал бўлиб туғилаверади. Тарихда йўқ бу ўйлаб топилган нарса. Жуда узоқ муддатда туғса ва битта-иккита туғса¸ насл соғлом бўлади¸ фарзанд соғлом бўлади деган гап нотўғри. Бу нарсанинг фундаментал тасдиқланган жойи йўқ¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг Экспертлар Ишчи Гуруҳи ҳам оилани планлаштириш ғоясига қарши эмас. Фақат бу иш, уларнинг фикрича, аёлларни мажбурий стерилизациялаш йўли билан амалга оширилмаслиги лозим.

Гуруҳ вакили Суҳроб Исмоилов:

- Биз шу кунларда стерилизация муаммосини ўрганиш ҳолатида кўпгина мутахассислар билан фикр алмашаяпмиз. Уларнинг урғу бераëтган жойи шундан иборатки¸ врачларни мана шунақа мазмун бўлмаган мажбуриятлардан озод қилиш керак. Чунки бунақа мажбурият билан стерилизацияни амалга ошириб ҳам бўлмайди ëки оилани режалаштиришни йўлга қўйиб ҳам бўлмайди. Бу тескари ҳолатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун бу ерда қўйилаëтган талаблар инсон ҳуқуқларига тўғри келиши учун стерилизация бўйича врачларга ҳеч қанақа норматив ëки ойма ой юклама бермаслик керак. Уларни шу мажбуриятдан озод қилиш керак. Биринчи фактор¸ стерилизация қилинмоқчи бўлган аëлнинг ва оила аъзоларининг ëзма розилиги керак. Бу розилик онгли равишда қабул қилиниши керак. Учинчиси агар ҳукумат оилани режалаштиришни бизнинг маданиятга киритаман деса¸ бу чоралардан биттаси аҳоли ўртасида¸ қолаверса жуфтлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Стерилизация ва инсон ҳуқуқлари

Ва ниҳоят масаланинг ҳуқуқий томони. Яна Суҳроб Исмоилов гапиради.

- Ўзбекистон конституциясида бир модда бор. Албатта¸ бу халқаро нормалардан олинган модда. Инсоннинг розилигисиз унинг устидан тажриба ўтказиш мумкин эмас. Хусусан қанақадир медицина амалларини ҳам қўллаш мумкин эмас. Мана шу ўринда мажбурий стерилизация худди медицина экспериментига тенглаштирилади¸ ғайриинсоний муносабатга тенглаштириалди. Ғайриинсоний муносабат эса қийноқларга тенг келиши мумкин ва қонун жиҳатдан¸ милий қонунлар жиҳатдан ҳам¸ халқаро қонунлар жиҳатдан ҳам ман қиинган амалиëт ҳисобланади¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Суҳроб Исмоиловнинг айтганларига шуни қўшимча қилиб қўймоқчимизки, мажбурий стерилизация Википедия маълумотларига кўра, Халқаро жиноят суди томонидан одамийликка қарши жиноят ҳисобланади.

"Мажбурий стерилизация фашистлар Германиясида қўлланилган эди", деб ёзилган Википедияда.

Хайрлашиш олдидан шуни айтиб қўймоқчимизки, бугунги оғир мавзуни ҳар томонлама ёритишга ҳаракат қилиб кўрдик.

Эшиттиришимизда иштирок этган экспертларнинг баъзи баҳоларини мутлақ ҳақиқат, деб тақдим қилмоқчи эмасмиз.

Кўтарганимиз мавзу юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашмоқчи мутахасисислар, айниқса, ҳукумат позициясини тушунтириб бера оладиганлар бўлса, улар учун баҳс майдонимиз доим очиқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG