Линклар

logo-print

Устоз мақомидаги одам. Тўқсонни қоралаб қолган.

Ҳамон ичига жун тиқилган қопга ўхшайди: миқтигина, шалвираган жойлари йўқ. Бароқ қошлари остидан кўзлари доим порлаб туради. Дафъатан уни ғўлага ёки баландроқ кесиб қўйилган тўнкага ҳам қиёс қилиш мумкин. Ғўла ёки тўнкадан фарқи шундаки, тепасига қўйилган ошқовоқни кўтариб юради. Агар юриш-туриши бўлмаса, ғўла юмалаб ётибди ёки тўнка эски жойида турибди, деб ўйлайсан.

Видеоёзувга қараб ўтириб ҳис-ҳаяжонини, қурум босган ичида нима борлигини асло англаб бўлмайди. Раҳбарлик санъатининг сир-асрорини Рашидовдан ўрганган – ҳеч қачон ҳеч нарсага ошкора муносабат билдирмайди: қиладиган ишини айтмайди, айтган гапини қилмайди. Ўз билганини қилади. Билиб қ и л а д и. Шуниси чатоқ. Чунки билдирмай
қ и л а д и. Ярим аср ҳамқадам бўлдик. У чорак аср олдинда юрди, гоҳ-гоҳ орқасига қараб мани жадал қадам ташлашга даъват этиб поғонама-поғона юқорига кўтарилиб кетаверди. Баъзан бир жойда депсиниб турарди: “На месте шагом марш қиляпман, яқинда “бегом марш!” командаси берилади”, деб ҳазиллашиб ҳам қўярди. Бир жойда “шагом марш” қилаётган чоғида ҳам олға интиларди: ён-атрофидаги одамларни ишга солиб, келажакда ўзи юриб ёки югуриб ўтадиган майдончани супуриб-сидиртиради, уборка қилдиради. “Старт. Марш!” командаси янграган заҳоти турган жойидан ўқдек отилиб қўзғалардию маррага биринчи бўлиб етиб борарди.

Рашидов ундан қачон, қаерда фойдаланишни биларди; кўпинча заҳирада ушлаб турарди. Қаерда, қайси соҳада дўппи тор келиб қолса, дарҳол уни майдонга қўйиб юборарди. Муаммо ҳал этилиб, объект ишга тушиб, бир маромдаги одатий ҳаёт бошланган заҳоти ўйиндан ташқари ҳолатга чиқариб қўйиларди. Нега деганда, куч-ғайрати ичига сиғмайдиган Калбош бир маромда давом этаётган ўйинни бузиб қўйиши мумкин эди. Қўйиб берилса, ўйинни бузиб, майдонни ағдар-тўнтар этиб юборарди.

Рашидовдан кейин катта саҳнага чиққан ландовур “Биринчилар” уни заҳира ўйинчилари сафидан ҳам чиқариб, нафақахўрлар қаторига киритиб қўйди. Бу уларнинг хатоси эди. Ундан ўз ўрнида фойдаланиш лозим. Қўрғоннинг нураган деворларини таъмирлаб, посбонларни жой-жойига қўйиб, муҳим нуқталар назорат остига олинганидан кейин, майли, уни четга суриб қўйиш мумкин. Тўрт томонидан шамол ғириллаб турган қўрғонда калтабин раҳбаргина ўзини бехавотир ҳис этади. Шу боис улар этагини ёпишга улгурмасдан гурсиллаб йиқилди; биттаси қаттиқ тушиб майиб бўлди, бошқаси сичқоннинг инини минг тангага олиб жон сақлаб қолди.

Ман катта саҳнага чиққан кунимдан эътиборан Калбошни, дастлаб, суфлёр, сўнг дублёр этиб ёнимга олдим. Кўп асқатди, қисталоқ! Бундан тонмайман. Аслида, уни иззат-икром билан нафақага кузатиб қўйсам, инсоний бурчимни адо этган бўлардим. Бироқ, кейинги пайтларда хийла ўзидан кетди, ўрни қаердалигини унутиб, нуқул тўрга интиладиган бўлиб қолди.

Эсимда, бир куни йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг умумий мажлисини ўтказаётган эдим. Залга катта-кичик барча раҳбарлар тўпланган. Рўпарамдаги столнинг ўнг томонида Кампирияк, сўл томонида Калбош ўтирарди. Куйиб-пишиб гапира бошладим. Аввал минбарга чиқиб маъруза қилиб жойимга келиб ўтирган бўлсам, сўнг қизишиб ўрнимдан туриб кетдим. Йўл қўйилган хато ва камчиликларни айтиб, уч-тўртта наҳангни нишонга олиб қўйдим. Ҳамма ўтирган жойида типирчилаб қолди. Юрак ютиб манга қарашга биров журъат этолмайди, ҳамма мук тушиб олиб оғзимдан чиққан гапларни ён дафтарга конспект қиляпти.

Мундоқ қарасам, ҳамма ёзиб ўтирибди-ю, битта Калбошнинг ўзи қўлларини гирра қилиб рўпарасида ўтирган Кампириякка ўқрайиб ўтирибди: “Қалайсан, кундош! Эримни гиж-гижлаб ҳамманинг олдида дўппослатаман деганимда бурнингни жийириб, кетингга бир шаппати уриб “пўққимни ебсан!” деган эдинг! Ҳозир талоғингни бердириб юборсам, нима дейсан?!” деган маъно бор эди афт-ангорида.

Қоним қайнаб кетди: “Ҳой, ҳўкиз, сан нега ёзмай ўтирибсан?! Ручканг йўқми? Мана, ол!” деб ручкамни башарасига қаратиб улоқтирдим. Калбош бирдан саросимага тушиб қолди, нажот истаб ён-верига аланглади. Шошиб-пишиб дафтарини очди; гоҳ ман ирғитган ручкада, гоҳ ўзининг ручкасида бир нималарни қоралашга тушди. Бир оз олдинга эргашиб: “Мажлисдан кейин дафтарингни бериб турасан, кўчириб оламан”, деди Кампириякка. Кулиб юбордим. Кулгимни босиш учун жағимни уқалаб бош чайқадим.

Ўша куни мажлис охиригача Калбош фақат мункайиб ўтирди, қайта бошини кўтармади. Маърузам бўйича муҳокамага чиққан нотиқларнинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзни ҳам дафтарига кўчириб олишга ҳаракат қиларди. Гўё шу ҳолати билан манга муте эканини ҳаммага кўрсатмоқчи бўларди. Лекин ман жуда яхши билардимки, у ўзбекча ёзишни мутлақо билмасди, дафтарига шунчаки чизиб ўтирарди, холос. Ўзимни билмаганга солиб, гоҳ-гоҳида унга тикилиб қўярдим, қониқиш ҳосил қилган муаллим мисоли бошимни қимирлатиб тасдиқ ишорасини англатардим. Сичқон-мушук ўйини мажлис охиригача давом этди.

Орадан уч-тўрт ой ўтказиб Калбошни таппа босдим: бир кунда истеъфога чиқариб, устидан жиноий иш қўзғатиб юбордим. Марказий газетада у ҳақда бир саҳифалик фельетон эълон қилдирдим. Суд бўлди. Бироқ қаматиб юбормадим. Эски хизматларини инобатга олдим.

Мана, энди дордан қочган нафақахўрларга бош бўлиб тўй-маъракаларга саф бошида борадиган бўлибди, ими-жимида уюштириладиган “гап”га қўшилибди. Чамаси, назоратдан буткул қутилдим, энди билган пўқимни ейишим мумкин, деб ўйлаяпти, шекилли.
XS
SM
MD
LG