Линклар

Қирғиз оқсоқоллари АҚШ дан норози


Генерал Петреус президент Бакиев билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди.

Генерал Петреус президент Бакиев билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди.

10 март куни Бишкекка борган АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони Дэвид Петреусни қирғиз оқсоқоллари хушламайгина кутиб олишди. Улар қирғиз президентининг демократик тамойиллардан чекинишига унинг АҚШ билан яқинлиги сабабчи¸ деган фикрда.

АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Дэвид Петреус Бишкекда президент Бакиев билан учрашди. Қирғизистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда Афғонистондаги вазият ва АҚШнинг бу давлатни ижтимоий - иқтисодий жиҳатдан тиклаш йўлидаги ҳаракатлари муҳокама қилинган.

“Дэвид Петреус АҚШ Қирғизистон билан ҳамкорликни юқори баҳолашини айтиб, Афғонистондаги аксил-террор курашини қўллаётгани учун миннатдорчилик билдирди”, дейилади Қирғизистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда.

9 март куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятида АҚШ ҳарбий машғулот базасининг очилиши ҳақида ҳам хабар тарқатилган эди.

Қирғизистон ва Россия президентлари ўтган йили имзолаган шартномага кўра, бу минтақада Россия ҳарбий базаси очилиши назарда тутилган эди.

“Генерал Петреуснинг Бишкек сафари мана шу воқеага боғлиқми?” деган саволимизга Бишкекдаги АҚШ базаси расмийси Рикардо Бодден жавоб бера олмаслигини айтди.

АҚШ элчихонасидан олинган маълумотга кўра, Дэвид Петреуснинг Бишкек сафари пайшанба куни ҳам давом этади. Генерал Петреус 11 март куни Қирғизистоннинг Чуй вилоятида аёллар маркази қурилишининг очилишида иштирок этади. Бу марказ АҚШ молиявий кўмагида қурилади.

Генерал Петреус Бишкекка келиши биланоқ, Қирғизистон Оқсоқоллар кенгаши Бишкекдаги АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш талаби билан баёнот тарқатди. Баёнотда айтилишича, Қирғизистон президентининг авторитарлашуви ва мамлакатнинг демократия тамойилларидан чекинишига айнан АҚШ базаси сабаб бўлмоқда. Бу баёнот мазмуни билан журналистларни Қирғизистон Оқсоқоллар кенгаши аъзоси Ўмурбек Уметалиев таништирди.

- Айнан АҚШ базаси ўзбилармонлик ва қонунбузарликларга йўл қўяётган Қирғизистон президенти учун кафолатланган ҳимоя воситаси бўлмоқда. Халқаро ҳамжамият мазкур базанинг Қирғизистондан чиқарилишидан чўчиб, мамлакатимиздаги инсон ҳуқуқлари бузилишига, мухолифат лидерларининг тазйиққа олинишига панжа ортидан қарамоқда, деди Ўмурбек Уметалиев.

Қирғизистон оқсоқоллари фикрича, мамлакат ҳудудида бирданига Россия ва АҚШ ҳарбий базаларининг мавжудлиги сиёсий вазиятни ҳам мураккаблаштириши мумкин.

- Шунинг учун ҳам Қирғизистон Оқоақоллар кенгаши Манас аэропорти ҳудудидаги АҚШ базаси ёпилишини , АҚШ ҳарбийлари мамлакатдан тўла олиб чиқиб кетилгунга қадар барча ҳарбий учоқлар парвози тақиқланишини талаб қилади, деди Ўмурбек Уметалиев.

Айни пайтда генерал Петреуснинг Бишкекка келиши қирғиз жамиятида бир неча ойдан бери давом этиб келаётган Россия-Қирғизистон муносабатларининг совуқлашгани билан боғлиқ мунозараларни янада кучайтирди.

9 март куни Россия ҳарбий базаси очилиши назарда тутилган Боткен вилояти ҳудудида АҚШ ҳарбий маркази очилиши ҳақида хабар тарқатилгани, эртасига эса АҚШ қўмондонининг Бишкекка келиши, Россиянинг Қирғизистонга ваъда қилган 2 миллиард 150 миллион долларлик сармоясидан 1 миллард 700 миллион долларини беришдан бош тортаётгани, Қирғизистон бу сармоя учун белгиланган лойиҳаларни Хитойга таклиф қилаётгани яна жамоатчилик ва матбуотда муҳокама қилинмоқда.

Сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев кузатувига кўра, бу муҳокамалар хулосасини битта гап билан изоҳлаш мумкин:

- Сиёсий савдо ва сиёсий судхўрлик мамлакатимиз обрўсини тўкмоқда, бу эса бошқа давлатлар билан ишончли ҳамкорлик қилишимизга тўсқинлик яратади, дейди Тўқтўғул Қақчикеев.

Айрим сиёсатшунослар эса Қирғизистон кўп векторли сиёсат юритаётгани ва АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш орқали Россияга қарамликдан қутилиш сиёсатини олиб бораётганини айтадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG