Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:06

Роғун масаласида Жаҳон банки ҳакамлик қилади


Жаҳон банки расмийси Роғун тақдирини халқаро экспертлар атрофлича ўрганиб¸ сўнгра ҳал қилажаклари ҳақида ваъда берди.
Жаҳон банки расмийси Роғун тақдирини халқаро экспертлар атрофлича ўрганиб¸ сўнгра ҳал қилажаклари ҳақида ваъда берди.

10 март куни Душанбеда ўтказилган учрашувлардан сўнг Жаҳон банкининг минтақавий раҳбари¸ Роғун ГЭС и қурилишининг иккинчи босқичига доир халқаро экспертлар бир хулосага келмагунча¸ бу қурилишни бошламай туришни маслаҳат берди.

Жаҳон банки минтақавий раиси Мото Кониши тожик президенти Имомали Раҳмон билан мулоқотининг асосий қисми Роғун лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш ва ГЭС қурилишини давом эттириш атрофида бўлиб ўтганини билдирди.

Раҳмон билан учрашувдан сўнг кўп сонли журналистлар олдига чиққан Кониши , Роғун қурилиши икки муҳим босқични ўз ичига олишини маълум қилиб, ГЭС қурилишининг иккинчи босқичини давом эттириш учун Тожикистоннинг кучи етмаслигини таъкидлади.

- Кўпчиликка маълумки, ГЭС лойиҳасига биноан унинг қурилиш жараёни икки босқични ўз ичига олган. Тожикистон бу гидроиншоот қурилишининг биринчи босқичини уддалай олади. Чунки Роғуннинг иқтидори деярли Сангтўда-1 ГЭСи билан баравар. Аммо иккинчи босқичи, яъни дунёдаги энг баланд тўғон қурилишини ўз ичига олган ҳал қилувчи босқичда Тожикистонга ташқаридан қўшимча сармоя зарур бўлади, дея маълум қилди Кониши.

Жаҳон банки расмийси Тожикистон давлат раҳбари билан айнан Роғун лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш борасидаги масалалар юзасидан келишиб олиш мақсадида учрашганини билдириб, халқаро экспертларни танлаш учун тахминан 3 ой вақт лозим бўлади, дея таъкидлади.

Мото Кониши Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ГЭС лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказишни сўраб, анча вақт аввал Жаҳон банкига мурожат этганини маълум қилар экан, Жаҳон банки томонидан Роғун лойиҳасига иқтисодий ва экологик баҳо бериш учун зарур маблағни топиш бир оз чўзилиб кетганини билдирди.

Конишининг гапига қараганда, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Жаҳон банкидан Роғун лойиҳаси келгуси 18 ой мобайнида халқаро экспертизадан ўтказилиб, унинг натижаларини¸ албатта¸Марказий Осиёдаги дарёлар қуйисида жойлашган давлатларга тақдим этишни сўраган.

Айни пайтда, Жаҳон банки расмийси Роғун лойиҳаси юзасидан халқаро экспертиза жараëнини бошлаш учун лозим маблағ ажратилганини маълум қилди.

Жаҳон банки бир неча йилдирки Роғунни халқаро экспертизадан ўтказишга ваъда бериб келса-да¸ ҳар гал номаълум сабаблар билан бу ваъда ижросини кечиктирмоқда.

Жаҳон банки расмийси Кониши ўз идорасининг Роғун лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказишга доир бу галги қарори қатъий эканини таъкидлаб, ”Бу иш минтақа вазиятини назарга олган ҳолда, қўшни мамлакатлар талаби билан амалга оширилади” дея уқтирди.

- Ҳозирча Тожикистон Роғун майдонида гидроиншоот қурилишига тайёргарлик ишларини давом эттириб туриши мумкин. Аммо ГЭС қурилиши билан боғлиқ асосий ишлар Роғун лойиҳаси халқаро экспертлар томонидан ўрганилиб, тасдиқланганидан сўнг амалга оширилиши лозим. Агар мазкур ГЭС лойиҳаси экологик ва молиявий жиҳатдан яшовчан эканини оқлай олса, у ҳолда Жаҳон банки Тожикистонга молиявий ёрдам кўрсатади ва бу гидроиншоот қурилиши бўйича Халқаро консорциум тузишга ҳам кўмаклашади. Бу борада Тожикистон ҳукумати билан келишиб олганмиз, деди Кониши.

Тожикистоннинг ён қўшниси Ўзбекистон анчадан буён Роғуннинг минтақа экологиясига хавфли гидроиншоот экани ва бу ГЭС лойиҳаси¸ албатта¸ халқаро экспертизадан ўтказилишини талаб қилиб келмоқда.

Аммо Тожикистон ҳукумат расмийлари ҳам¸ ГЭС лойиҳаси бўйича мутахасислар ҳам Ўзбекистон иддаоларининг асоссиз экани ва Роғун тожиклар ерида, мамлакатнинг ўз ресурслари эвазига қурилажагини таъкидлашдан чарчамайдилар.

Бир қатор халқаро ташкилотлар ва Россия каби давлатлар Тожикистон Роғун қурилишида¸ албатта¸ қўшнилар талабини эътиборга олиши лозимлигини таъкидлашади. Бундай талаблар бир неча марта Жаҳон банки томонидан ҳам янграган эди.
XS
SM
MD
LG