Линклар

Байден Фаластин етакчилари билан учрашди


АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Ғарбий соҳилда Фаластин ҳукумати етакчилари билан сўзлашувлар ўтказди.

Мазкур учрашув Исроил ҳукуматининг босиб олинган Қуддус шарқида яҳудийлар учун қўшимча 1600та хонадон қуриш режасининг маъқуллаши билан бир кунга тўғри келди.

Фаластин Бош вазири Салом Файёд билан учрашувда Жозеф Байден Исроил ҳаракатлари Яқин Шарқ тинчлик жараёнини қайта бошлаш уринишларига салбий таъсир кўрсатишини билдирди.

- Исроил қарори фаластинликлар ва яҳудийлар ўртасидаги ўзаро ишончга жиддий путур етказмоқда, дея қўшимча қилди АҚШ вице- президенти.

Айни пайтда Исроил ҳукумати матбуот вакили Марк Регев Исроил ҳукуматининг атайлаб тинчлик музокараларини чўзишга уринаётгани борасидаги иддаоларни кескин рад этди.

-Тинчлик жараёнини қайта бошлаш йўлида ва турар жойлар кенгайтирилишини чеклаш борасида Исроилнинг ҳозирги ҳукумати ва Бош вазир Бенямин Нетаняҳу аввалги ҳукуматларга кўра, талайгина ишларни амалга оширди. Бироқ ойдинлик киритишимиз лозим, Исроил нуқтаи назаридан Қуддус турар жойлар барпо қилинадиган ҳудуд эмас. Қуддус бизнинг пойтахтимиздир, деди Марк Регев.

Яқинда Фаластин ҳукумати Исроил билан тинчлик музокараларини бошлашга оид АҚШ таклифига розилик берган эди.



XS
SM
MD
LG