Линклар

Қамоққа олинган бойлар рўйхати узаймоқда

  • Садриддин Ашур

Олигархларнинг қора кунлари¸ Ислом Каримовнинг "Ўзбекистонда олигархлар бўлмайди!" деган огоҳлантирувидан сўнг бошланди.

Олигархларнинг қора кунлари¸ Ислом Каримовнинг "Ўзбекистонда олигархлар бўлмайди!" деган огоҳлантирувидан сўнг бошланди.

Ўзбекистон хавфсизлик идораларидан сизилган ахборотга кўра¸ кейинги ҳафталар ичи Тошкентда ҳибсга олинган ëки бу таҳдиддан қўрқиб хорижга қочиб кетган катта бойлар сони ортган. Ҳукуматга яқинлар буни ўғриларни жазолаш кампанияси деса¸ мухолиф кўз қарашдагилар¸ бу кампанияда яккаҳокимчиликнинг янада кучайувини кўрмоқдалар.

Ислом Каримов ўтган йилнинг 7 декабрида Конституция куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда "Ўзбекистонда олигархлар бўлмайди. Тушунмаганлар бўлса¸ тушуниб олсин¸ бизда олигархлар бўлмайди!" деганидан сўнг¸ айтилишича¸ жуда кўп бойларнинг пайтавасига қурт тушиб қолган.

Бугунги воқеалар кўзгусидан қаралса¸ бу қисқа гап¸ Каримовнинг мамлакат бойликларига мазахўрак бўлган ўта бойлар¸ аниқроғи олигархлар учун берган огоҳлантирув сигнали эди. Бу сигнални тўғри илғаган олигархлар ўз вақтида этагини йиғиштириб мамлакатдан чиқиб кетди, баъзилари эса улгурмади - бугун уларнинг кўпи иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ қўлга олинди.

uzmetronom.com интернет газетасига кўра, янги йилни кутиб ўтирмасдан Ўрикзор даҳасидаги улгуржи Карвон бозори директори Дмитрий Лим Ўзбекистонни тарк этган. Бугун эса¸ мазкур бозор воситасида қилинган жиноятларда гумонланиб 50 дан ошиқ одам ҳибсга олинган¸ уларга давлатга бир неча ўн миллион доллар иқтисодий зарар келтирганлик айби қўйилган.

Кондиционерлар ишлаб чиқарувчи “Ройсон” қўшма корхонаси директори ва менеджерлари янги йилнинг бошидаёқ қамоққа олинган.

Сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Россия-Ўзбекистон “Вимм-Билл-Данн" қўшма корхонасида ўтган йили август ойида прокуратура текширишни бошлаган¸ декабр ойига келиб эса ишлаб чиқариш бутунлай тўхтатилган. Бу хабарни Озодликка корхона масъул ходимларидан бири тасдиқлади.

- Ҳозирги пайтда бизларда текшириш кетаяпти. Бу ҳақиқат. Декабр ойидан бери бизлар ишламаяпмиз. Мақсадини мен билмадим. Текшириш кетаяптида ҳозир. Текшириш ва тергов кетаëтган пайтда фаолият тўхтатиб турилади¸ дейди қўшма корхонанинг масъул ходимларидан бири.

uzmetronom.com нинг ёзишича, Ўзбекистондаги катта банклардан бири бўлган Алп-Жамолнинг эгаси, катта олигархлардан бири Муҳиддин Асомиддинов ҳам келаётган хавфни сезиб мамлакатдан чиқиб кетган. Ҳозир унинг қидирувда эканлиги айтилади. Аммо Алп-Жамол банкининг амалиёт бошқармаси бошлиғи Озодлик билан бўлган суҳбатда Муҳиддин Асомиддиновнинг қочиб кетганини рад этишга уринди.

- Бизлар у одамни ҳар кун кўравермаймиз. У одам бизларга учредител. Бу ерда бизлар ҳаммамиз ишчилармиз. Бизларда ҳеч ким ҳеч қаëққа қочгани йўқ. Мен қочиб кетди деган гапни эшитган эмасман¸ дейди Алп Жамол банкининг амалиёт бошқармаси бошлиғи.

Хабарларга кўра, Ўзбекистондаги катта олигархлардан яна бири, Жиззахдаги вольфрам кони, Намангандаги ёғ-экстракция комбинати эгаси ва Капитал банк асосий муассисларидан бири¸ Пахтакор футбол клуби хўжайини бўлган Ботир Аҳмедов феврал ойида қамоққа олинган. Шунингдек Бекобод металл заводи директори Алик Нуриддиновнинг ҳам қўлга олингани айтилади. Бироқ Бекобод металл заводи ходими Озодлик билан суҳбатда Алик Нуриддиновнинг қамоққа олинганини рад этди.

Озодлик: Алик Нуриддинов билан гаплашсак бўладими? Мен радиодан телефон қилаяпман. Исмим Садриддин.

- Тошкентга кетган эдилар.

Озодлик: Қачон?

- Яқиндагина. Чиқиб кетишганига 10 минут бўлди. Сиз нима масалада гаплашмоқчи эдингиз?

Озодлик: Бир хабар чиқибди. Шуни текшириб олмоқчи эдим. Алик Нуриддинов қамоққа олинди дейилибди. Шу тўғрими ëки йўқми?

- Йўқ¸ нотўғри.

Озодлик: Ишлаяпти-а улар?

- Ҳа¸ ишлаяпти. Нотўғри гап¸ дейди Бекобод металл заводи ходими.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистон президентининг “Бизда олигархлар бўлмайди” деган гапидан сўнг, мамлакатдаги бошқа бир қанча олигархлар ҳам қамоққа олинган ёки улар мамлакатни тарк этган. Уларнинг ҳаммаси асосан бир хил айблов, яъни иқтисодий жиноятлар содир этганликда айбланмоқдалар.

Озодлик билан микрофонсиз гаплашган Ўзбекистондаги давлат маъсулларидан бири¸ мамлакатдаги катта бойларнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади ва буни "жиноят қилганлар ўз қилмишлари учун жавоб беришлари шарт!" деган формулар билан изоҳлашга уринди.

"Нега ўзбек оммавий ахборот воситалари катта бойларнинг қамалгани ҳақида лом-мим демаëтир¸ нега халқ бу хабарни фақат кўча-кўйдагина эшитмоқда?" деган саволга жавобан Тошкент расмийси жамоатчилик орасида саросима уйғотмаслик¸ айни пайтда¸ айбсизлик презумпциясидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон маъсуллари бу қама-қамалар ҳақида сукут сақлаëтганини билдирди.

Тошкентдаги Ғарб дипломатик ва бизнес доираларидан олинган ишончли маълумотга кўра¸ президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани тахмин қилинадиган Ўзбекистондаги супер-бой ширкат Зеромакс бош ижрочи директори Миродил Жалолов ҳам хориждан учиб келиши ҳамоно Тошкент аэропортида ҳибсга олинган. Бироз ўтказилган сўроқдан сўнг у қўйиб юборилган ва ҳозирча унга жиноий иш очилмаган.

Ўзбекистон янги бойлари¸ аниқроғи олигархларига қарши бошланган бу жараëн¸ Тошкент ва унинг тарафдорлари томонидан Ўзбекистонда иқтисодий жиноятчиликка кескин кураш бошлангани далили ўлароқ изоҳланмоқда. Аммо мустақил кузатувчиларга кўра, қамоққа олинаётган ва қочиб кетаётган Ўзбекистон бойлари узоқ йиллар давомида ҳукумат эгалари паноҳида олигарх даражасига чиққан шахслар ва бугун улар тўплаган катта бойлик бошқалар¸ аниқроғи ҳукуматдаги ҳомийлари қудратлироқ бўлганлар қўлига ўтмоқда.

Хўш, йиллардан бери юзлаб миллион долларни бехавотир ўзлаштириб келган ўзбек олигархларига қарши ялпи кампания нега айнан бугун бошланди? Бунинг тагида нима гап бор? Биз ана шу саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Эрк демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳга мурожаат қилдик.

Муҳаммад Солиҳ: Аввало олигарх деган сўзнинг маъносини қисқача айтиб ўтайлик. Олигарх дегани давлат билан бирлашиб кетган¸ чатишиб кетган иқтисодий гуруҳларнинг вакилларига айтилади. Бутун бизнесини давлат билан бирга қилган¸ ўғирлигини давлат билан қилган¸ фойдасини ва зарарини давлат билан бирга қилган гуруҳларнинг вакилларига айтилади. Булар ҳақиқатан ҳам олигархлар.

Нимага буларга қарши курашаëтганининг сабабига келадиган бўлсак¸ бу сабабни мен аввал ҳам айтганман: моддий жиҳатдан ўзига тўқ инсонлар доим диктаторлик билан бошқарилаëтган режимларга таҳдид солган. Очиқ таҳдид солмаса ҳам улар потенциал таҳдид манбаи бўлиб кўринган. Шу маънода бу инсонлар Каримовнинг қўлидан чиқиб кетишга уринган бўлиши мумкин ëки Каримовга шундай бўлиб кўринган бўлиши мумкин. Баъзиларининг жиловини қўлидан чиқарган бўлиши ҳам мумкин. Моддий жиҳатдан кучли инсонларни йўқ қилиш режимнинг табиатидан келиб чиқади ва Каримовнинг ҳукмдор ўлароқ характеридан келиб чиққан табиий жараëн деб биламан.

Озодлик: Солиҳ ака, бу масала бўйича бошқача фикрлар ҳам айтиляпти. Масалан¸ Каримовнинг бир ўқ билан бир неча қуённи урмоқчи бўлаётгани айтиляпти. Биринчидан¸ олигархлар ўғирлаган миллионлар эвазига бўшаб қолган мамлакат хазинасини тўлдириш, иккинчидан¸ уларнинг ишларини энди президент қизларининг ихтиёрига ўтиши ва учинчидан, қашшоқлик туфайли кундан-кунга ҳукуматга норозилиги ошиб бораётган халқни чалғитиш. Яъни “мана сизларнинг қонингизни сўриб келаётган” катта иқтисодий жиноятчилар ушланди, энди бу ёғи яхши бўлади дегандек....

- Бу тахминлар ҳам жуда тўғри. Бу Каримовнинг режимига ва ўзига мос келадиган тахминлар. Булардан худди шуни кутиш мумкин. Каримовнинг ўзи¸ унинг атрофидагилар¸ айниқса Гулнора Каримова ўзига қулай кўринган моддий манбаларни қўлга киритишга уринаяпти. Ҳатто бундан мафиянинг бошлиқлари ҳам шикоят қиладиган даражага етди. Кейинги уч йил ичида бу ўзбек халқи билган бир ҳақиқат. Шу маънода бу тахминлар тўғри.

Биз доимо ўрта синф ҳақида гапирдик. Ўзбекистонда иқтисодиëтда ўрта синф шаклланмагунча Ўзбекистон оëққа турмайди деган гапни доимо айтдик. Ҳозирги олигархларни ўрта синф вакили дея олмаймиз. Ўрта синф деркан мен ўзининг ҳалол меҳнати билан ишлаб топган пулига яшаб келаëтган¸ маоши ўзига етарли ва моддий жиҳатдан давлатга жуда ҳам боғлиқ бўлмаган синфни айтаяпман. Булар ҳукуматга яқин бўлган олигарх деган синфга киришади. Сиз айтган тахминлар ҳам катта аҳамиятга эга¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Мухолифат лидерининг айтишича, диктатор тузумларда бойиб кетаётган олигархларни каллаклаб туриш одат бўлган. Ўзбекистон ҳам бугун бундан истисно эмас:

- Совет даврида ҳам шундай тактика бор эди. Сал бойиб кетганларни тозалаб қўйиб¸ уларнинг пулларини йиғиштириб олиб¸ яна бир қатламга имконият бериб¸ улар бойиб бир нуқтага келганда уларни дарахтни каллаклагандай каллаклаб турган. Бугун бу нарса жуда катта масштабда¸ жуда катта миқëсда қилинаяпти. Бу ҳокимиятни ўзининг қўлида тўплаш учун ҳам қилинаëтган ҳаракат. Каримовнинг қизи ва ўзининг якка ҳокимлигини мустаҳкамлайдиган тадбирлардан биттаси бу¸ дейди Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG