Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:06

Тожикистонда мустақил нашрлар камаймоқда


Тожик журналистлари мамлакатда мустақил нашрлар камайиб бораётганидан ташвишдалар.
Тожик журналистлари мамлакатда мустақил нашрлар камайиб бораётганидан ташвишдалар.

Тожикистон матбуоти байрамига бағишланган анжуманда тожик журналистларига босим кучайгани, матбуот эркинлиги бўғилаётгани ҳақида гап борди. Халқаро ташкилотлар маълумотга кўра, Тожикистон икки йил ичида сўз эркинлиги бўйича дунёдаги 95 ўриндан 113 ўринга тушиб қолган.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Тожикистонда сўз эркинлиги йилдан йилга сўниб бормоқда. Журналистларда эса ички таъқиқ кучаймоқда. Жумладан, куни кеча Мустақил журналистлар Ассоциацияси (НАНСМИТ) журналист Махди Собиров ўз фикрини эркин ва озод баён қилгани учун ҳукумат ва куч ишлатар тизимлари томонидан таъқибга учраётганлиги ҳақида баёнот тарқатди.

“2009 йил октябр ойида “Дунё” ва “Озодагон” газеталарида Марказий Осиё, жумладан, Тожикистон Қуролли кучларини “ишчилар ва дехқонлар армияси” эканлигини, Тожикистон қуролли кучларида эса зудлик билан реформа ўтказиш кераклиги хақида ўз фикримни ёзган эдим. Мана шунинг учун ҳам бугун мени ва оилам ҳаёти ҳавф остида қолмоқда”, дейилади баёнотда.

Газетхонлар фикрича, сўнгги йилларда ОАВда долзарб муаммолар бир томонда қолиб, давлат сиёсатини олқишлашга қаратилган мақолалар чоп қилинмоқда. «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти рейтинги бўйича эса Тожикистон 175 давлат ўртасида 113 ўринни эгаллаган. 2008 йилда республика 95 ўринда эди.

Таҳлилчилар ва журналистларнинг айтишларича, ОАВ лари 1990 йилдан 2000 йилларгача нисбатан эркин эди. Ҳозир бундай эмас, эркинлик даври ўтиб кетди. Жумладан, жорий йил январ ойида Тожикистондаги уч судя “Фараж”, “Озодагон”, ”Азия плюс” мустақил газеталари ҳамда бир адвокатни судга берганлиги ҳам шундан далолатдир.

- Биз наинки ОАВ лари эркинлиги, балки коррупция ва бошқа соҳалар рейтинги бўйича ҳам пастга қараб кетмоқдамиз. Мамлакатда коррупция ва бошқа иллатларнинг авж олиши айнан сўз эркинлигининг сўниб бораётганидан далолат. Чунки амалдорлар ҳеч қачон мамлакатдаги асл вазият ошкор этилишини хоҳламайди. Демак, ОАВларига босим кучайиб бораверади, - дейди таҳлилчи Назокат Маъмурова.

Бошқа таҳлилчиларнингш фикрича, мамлакатдаги деярли барча, қўштирноқ ичидаги мустақил ОАВлари аллақачон хукуматпарастлар қўлига ўтиб кетган.

- Бугун республикадаги барча ОАВлари устидан тўлиқ назорат ўрнатилган, десам хато бўлмайди. Чунки мустақил газета ва журналлар, радио ва телевидениелар аллақачон амалдорлар томонидан сотиб олинган. Бу ОАВлари уларнинг буюртмаси асосида фаолият юритмоқда, - дейди Бахром Вализода.

Тожикистонда ижод қилаётган айрим ўзбек журналистларидан “Мансабдор шахсни танқид қила оласизми?” деб сўрадик.

- Юзтадан биттаси, ўшанда ҳам жазм қилса, танқидга қўл уриши мумкин. Лекин афсуски, асосий қисми тилини тийиб ,жим ўтиради, - дейди журналист Парвиз Аббосов.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек матбуотида чиққан танқидий мақолалар маҳаллий ҳукуматлар томонидан инобатга олинмайди ва унга эътибор хам берилмайди. Ана шунинг учун ҳам журналистлар танқидий мақолалар ёзмай қўйган.

Бироқ бошқа суҳбатдошларимиз сўзларига кўра, Тожикистондаги сўз эркинлиги барча қонунлар бўйича мустаҳкамланган. Лекин очиқ гапирадиган жасоратли журналистлар деярли йўқ..

- Эркин сўз, озод фикр айтиш учун қонунан барча шароит бор. Лекин қалам аҳли ўз фикрини очиқ айтиш учун ҳали ҳам ҳадиксираб туради. Назаримда журналистларимиз 90 йилларда журналистларга ўтказилган террор ва зўравонликлар асоратидан ҳали ҳам қутулганларича йўқ , - дейди Дадахон Эгамзод.

Журналист Тилаволди Расуловнинг фикрича, Тожикистондаги сўз эркинлиги қўшни Ўзбекистондаги вазиятдан жиддий фарқ килади. Тожикистонлик журналистлар қўшни республикадаги ҳамкасбларига нисбатан эркинроқ.

- Тожикистондаги эркин сўзни қўшни Ўзбекистон билан солиштирадиган бўлсак, бу фарқ ер билан осмончалик. Яқинда мен Тошкентга борган эдим. У ердаги журналистлар оддий муаммони ёритишга қўрқишининг гувоҳи бўлдим. Ҳали муаммони ёритмай, аллақачон оқибати нима бўлади, деб ҳадиксирашади. Бизда бошқачароқ. Агар фактлар ишончли бўлса, барча мавзуларни бемалол ёртиш мумкин, - дейди Тилаволди Расулов.

Унинг фикрича, журналист калаткланиш ёки бошқа муаммоларга дучор бўлишидан қўрқиб, долзарб мавзуларни ёритмаса, бу ички таъқиқнинг кучлилигидан далолат беради. Бунинг натижасида эса жамият таназзулга юз тутиши мумкин.
XS
SM
MD
LG