Линклар

Муҳожир ўзбек келинни қайдан топсин?

  • Ҳурмат Бобожон

Муҳожиратга чиққан биринчи авлод¸ ўғил-қизининг ўз миллатидан бўлганлар билан турмуш қуришини истайди.

Муҳожиратга чиққан биринчи авлод¸ ўғил-қизининг ўз миллатидан бўлганлар билан турмуш қуришини истайди.

Муҳожир овозида бугун кўпчилик мухожир оилаларни ўйлантираётган ана шу муаммо ҳақида суҳбатлашамиз.

Муҳожиратда яшаётган ўзбек оилалари сони сўнгги беш йил ичида ниҳоятда кўпайди. Кимдир сиёсий сабабдан, кимдир яхши ҳаёт илинжида, кимдир эса ишлагани келиб ривожланган Ғарб давлатларида оиласи билан ўрнашмоқда.

Аввалроқ келганлари эса, аллақачон чет давлатларда ўғил уйлантириб, қиз чиқаришга ҳам улгуришди. Айрим ўзбек оилалари учун эса ғурбатда фарзандларини оилали қилиш катта муаммо бўлиб турибди.

Ғурбатда ўғил уйлантириш, қиз чиқариш савдоси муҳожиратда яшаётган юзлаб ўзбек оилалари қатори Башорат опанинг бошига ҳам тушган.

- Отабек бугун деса¸ бугун уйлантиравераман. Лекин энди ватандан йироқда. Ўзимизда бўлса яхши бўладию. Билмадим бу ерда қандай уйлантирамиз. Қариндош-уруғнинг ҳаммаси у ëқда бўлса¸ дейди Башорат опа.

Тошкентлик Башорат опа икки фарзанди билан уч йилдан бери Швейцариянинг Пребург шаҳрида яшайди.

Катта ўғли Отабек 24 ёшда, қизи Шаҳло 20 ёшда.

- Энди ким билади¸ тақдирга тан беришим керакда. Мана бунинг ҳам ëши 24 га келди. Бундан катта акасини умид қилиб юрардим. Агар у ҳам бўлганда¸ уни аллақачон уйлантириб қўйган бўлардим¸ дейди Башорат опа.

Башорат опанинг энг катта ўғли Улуғбекни бундан беш йил илгари Ўзбекистонда отувга ҳукм қилишган. Ўшандан бери Башорат опа ўғлининг на тирик¸ на ўлик эканини билади.

Башорат опа: Балки шу пайтгача бола-чақали бўлиб кетган бўлармиди.

Озодлик: Швейцарияда келин топиш ҳам қийиндир-а?

Башорат опа: Энди бирорта ўзбек йўқ. Бўлганда ҳам ҳар қаëқда. Уларни олиб келишнинг ўзи бўладими.

Озодлик: Ўзбек бўлиши шартми?

Башорат опа: Ким билади. Балки булар ўзиникини хоҳлар. Бизлар уларнинг урф-одатини билмасак¸ бизларникини улар билмайди. Қийналиб қоламизми дейманда.

Озодлик: Келинни Ўзбекистондан шиппинг қилмайсизми?

Башорат опа: Шиппинг нима дегани?

Озодлик: Келинни Ўзбекистондан олиб келиш дегани.

- Ооооо¸ у денг чакана бўлмайди. Олиб келишнинг ўзи бўладими. Битта ўзи келмайдию. Келиннинг опа-сингиллари бўлади. Уларни олиб келиб ресторан денг. Умуман бу ерда кичкина тўй ҳам қилиб бўлмайди. Бизларда ҳали бунақа шароит ҳам йўқ. Германия¸ Америкаларда ўзбекларнинг тўй қиладиган жойлари бор. Энди билмадим қанақа бўлади. Хуллас мен ўзимизнинг Ўзбекистонга кетгим келади. Ўзимизнинг урф-одатларимизни¸ тилимизни билган ўзбек яхшида барибир. Қадр-қиммат дейди¸ ота-онани ҳурмат дейди. Бу ер энди Европа. Буларни ëмон деб бўлмайди. Булар ҳам эрталабдан кечгача роса ишлайди. Лекин барибир ўзимизнинг юртимизга етмайдида¸ дейди Башорат опа.

Отабекнинг ўзига келсак¸ у “Фақат ўзбек қизига уйланаман” дейди.

Отабек: Ўзбек қизини топишга ҳаракат қилиб кўрамиз энди Европадан. Франция¸ Германияда ўзбек оилалари кўпку.

Озодлик: Демак¸ ўзингизга “фақат ўзбек бўлиши керак” деган шарт қўйгансиз-а?

Отабек: Ҳа.

Озодлик: Маҳаллий аҳолиданчи?

Отабек: Уни ҳали ўйлаб кўрганим йўқ. Менимча¸ урф-одати тўғри келмайди.

Озодлик: Нимага?

Отабек: Энди бизларнинг ўзбекчилигимиз бошқачаю. Бизлар мусулмонмиз¸ улар бошқа дин одамлари. Ўшанга яшаш шароити ҳам тўғри келмайди. Масалан¸ бизларнинг ўзбекларда эркак киши оиланинг боши ҳисобланади. Буларда унақа нарса йўқ. Буларда тескариси.

Озодлик: Европада ўзбек оиласидан келин топиш осон бўлади деб ўйлайсизми?

- Йўқ¸ қийин. Чунки танимаган¸ билмаган одамлар. Энди топишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Вақти келаверсинчи. Ҳали уч йил ўқиш бор¸ дейди Отабек.

Башорат опадан 100 чақирим нарида, Швейцариянинг Лозан шаҳрида яшаётган ёзувчи Сафар Бекжон ва унинг рафиқаси Қурбоной опалар эса катта ўғли 18 яшар Жалолиддинни уйлантириш масаласини швейцариялик келин ҳисобидан ҳал қилишмоқчи. Бўлғуси келиннинг исми эса Линда.

Қурбоной опа: Келиб чойимизни дамлаб¸ киримизни ювиб¸ дазмол қилиб турибди. Ўзбекча овқат пиширишларни ҳам ўрганиб олди. Худо хоҳласа келсангизлар¸ палов пишириб олдингизга қўяди. Юмурто барак пиширади.

Озодлик: Келиннинг исми нима?

- Линда эди. Биз Лайлога ўзгартириб юбордик¸ дейди кулиб Қурбоной опа.

Жалолиддин Линдани уйига олиб келиб ота-онасига “Бу бўлғуси келинингиз” деб таништирганида Сафар ака ҳам¸ Қурбоной опа ҳам¸ бошқа ўзбек оилаларидан фарқли¸ буни сокинлик билан қабул қилишди.

Қурбоной опа: Мен севгини¸ муҳаббатни олий туйғу деб тушунаман. Чунки севмаган қизини олиб бир умр бахтсиз яшагандан кўра ўзи истаб¸ ўзи кўнгил бериб уйланиб яшагани мен учун маъқул. Мен мажбурлаб олиб берган қиз билан яшаб ўзига ҳаëт оғир кечишини қабул қила олмаса¸ мен уни мажбурлай олмайман. Чунки унинг ўзи билади. Ҳаëт уники.

Менинг ўғлим Ўзбекистондан чиқиб кетганида беш ярим ëшида эди. Ўзбекистонни бизларнинг суҳбатимиздан¸ кўрган филмларидан танийди. На холасини¸ на аммасини¸ на тоғасини ҳеч бирини танимайди. У Швейцарияни ўзининг ватани каби билиб бу ернинг урф-одатлари руҳида катта бўлди. Биз унга ўзбекча тарбияни фақат уйда бердик. Лекин у кўчада Швейцариянинг тарбиясини олди. У бу дунëга ўзбекнинг кўзи билан қарамайди. Худди ерли аҳолининг кўзи билан қарайди. Ўзи 18 ëшида. Шундай ëшида инсон “Дунë менинг оëғимнинг остида. Мен унга ҳокимман. Нима истасам¸ уни мен қиламан” деб қарайди. 25 ëшига келган пайтда оëғи ерга тегиб¸ ҳаëтни¸ дунëни ва ўзининг кимлигини таниб бошлайди. Балки у пайтда фикри ўзгарар. Лекин ҳозир унинг севган қизи швейцар ва у билан яхши муносабатда. Мен унга “Сен шу ишни қилмайсан” деб тўсиқ қўйганим йўқ. Бу менинг хаëлимга ҳам келгани йўқ.

Озодлик: Келин томон ким энди?

Қурбоной опа: Келин томон оддий ўзимизга ўхшаган ерли бир оиланинг қизи. Онаси чет элдан келган муҳожирларга хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайди. Ўзидан катта битта опаси бор. Оилада иккита қиз. Қиз жуда яхши. Ўзимизнинг ўзбек қизларига ўхшаган оғир¸ вазмин. Мен унга келин қиламан¸ деган кўз билан қарамадим. Ўғлимнинг битта дўсти¸ ўртоғи. Уйга келиб кетади. Келиб¸ биз билан ўтириб чой ичади. Баъзан овқат ейди бизнинг дастурхондан.

Озодлик: Юмурто барак пиширишни ўргатдингизми?

Қурбоной опа: (кулиб) Агар келажакда келин қилиш ниятим бўлса¸ албатта ўргатаман.

Озодлик: Ўғил уйлантириб келин туширишни қандай тасаввур қиласиз?

- Менинг фикрим шуки¸ яратган Оллоҳ менга Ўзбекистонда яшашга йўл берганда эди¸ Ўзбекистонда ҳам¸ бу ерда ҳам ўша фикримдан воз кечмас эдим. Келин олсам ўзига алоҳида бир уй қилиб берар эдим. Қурбим етса¸ бир уй сотиб олиб берар эдим. Қурбим етмаса¸ ўзлари ишлаб ўзлари пулини тўласин деб квартирага қўяр эдим. Чунки мен қайнона билан келиннинг бир ерда ўтириб ҳаëт кечиришини истамайман. Нимагаки ëшларнинг ўзига яраша дунëқараши бор¸ ўзининг дунëси бор. Мен у ерда ортиқчалик қиламан. Қайси маънода ортиқча? Балки уларнинг дунëқараши билан менинг дунëқарашим тўғри келмас. Балки ўғлим¸ балки келиним бошқача яшашни истар. Шунинг учун уларга эркинлик берар эдим. Улар алоҳида бир уйда яшасин. Бир уйда яшаб хизматини қилиш деганини мен тушунмайман. Чунки ҳурмат қилса¸ бошқа уйда яшаб ҳам келиб хизматингни қилади. Қайнонамга хизмат қилмайман дегани бўлса¸ пешонангизда ўтириб ҳам хизмат қилмайди. Мен шунақа тушунаман ҳаëтни¸ дейди Қурбоной опа.

Сафар Бекжон ва Қурбоной опаларнинг яна бир ўғли бор. Унинг исми Озодбек. Диссидент отаси Сафар Бекжон Ўзбекистонда қамоқдалиги пайти туғилгани учун уни исмини Озодбек деб қўйишган.

Европанинг энг кўп ўзбек муҳожирлари яшайдиган давлати Швецияда эса ўзбек оилалари қиз чиқариш ўғил уйлантиришни ўзбек жамоаси ичида ҳал қилмоқда. Швециянинг Тимро шаҳрида яшрвчи Тўлқин Қораевнинг айтишича, бу давлатда ўзбек оилалари орасида қуда-анда бўлиб олганлари анча.

- Одамлар яшаяпти. Кимнингдир қизи бор¸ кимнингдир ўғли бор. Қуда-андачилик ўзбекона тартиблар билан бўлаяпти бу ерда¸ дейди Тўлқин Қораев.

Тўлқин Қораевнинг ўғли ҳам уйланиш ёшига етиб қолган.

- Мен жуда либерал одамлигим билан фарқ қиламан. Ҳамма нарсага либералистик нуқтаи назардан қарайман. Болаларнинг ҳам кўнглига қараладида. “Йўқ¸ мана шу шведга уйланаман” деб туриб олса¸ иложимиз қанча. Биз ҳам мажбур бўлганимиздан бу ерда юрибмиз. Бу ерда яшаëтган ўзбекистонликлар йўқ эмас¸ бор. Шведлашиб кетган ўзбеклар бор. Ҳатто она тилида гапиришни хуш кўрмайдиганлар топилиб қолади. Аммо улар билан бизнинг фарқимиз бошқа. Биз бу ерга швед бўламиз деб келмаганмиз. Биз бу ерда жонимизни сақлаяпмиз¸ дейди Тўлқин Қораев.

Гарчи Тўлқин ака келин олиш¸ қиз чиқариш масаласига "либерал" ёндашишини айтса-да, кўнлининг тўрида барибир ўзбек келини олиш нияти борлигини ҳам бекитмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG