Линклар

Қирғизистонда баҳор - митинглар фасли бошланди


Норинлик норозилар президентнинг ўғли Максим Бакиевдан мамлакатни тарк этишини талаб қилмоқдалар.

Норинлик норозилар президентнинг ўғли Максим Бакиевдан мамлакатни тарк этишини талаб қилмоқдалар.

Бир неча йиллик танаффусдан сўнг Қирғизистонга яна кўп минг кишилик оммавий митинглар фасли келмоқда. Бу жараённи 10 март куни Қирғизистон шимолидаги Норин шаҳрида бўлиб ўтган 5000 кишилик митинг бошлаб берди.

Феврал ойининг охирги ўн кунлигида дастлаб бир неча юз киши иштирокида коммунал хизматлар нархининг деярли 200 фоизга оширилишига қарши бошланган бу норозилик намойиши қатнашчилари сони бугунги кунда кўпайиб, сиёсий талабларни ҳам ўртага қўя бошлади.

Норин шаҳрида ўтган митингда президент Қурмонбек Бакиев ўз қариндошларини давлат лавозимларига тайинлаётганига норозилик билдирилди. Митинг иштирокчилари фикрича, президент яқинларининг ҳукумат тепасига келиши мамлакатда коррупция ва ҳукумат йўл қўяётган қонунбузарликларнинг кучайишига сабаб бўлади.

Норозилар, жумладан, президент Бакиевнинг ўғли Максим Бакиевни Қирғизистон Тараққиёт, инвестиция ва инновациялар агентлиги раҳбари лавозимидан истеъфо беришини ва мамлакатни тарк этишини талаб қилдилар.

- Бакиевнинг ўғлини ҳаммангиз биласиз. Унга қайси хизматлари эвазига Қирғизистоннинг бор бойлигини, хазинасини бошқаришни топшириб қўйишди? Бундай қилиш мумкинми? Йўқ! Максим Бакиевни бир ҳафтада Қирғизистонни тарк этишини талаб қиламиз, деди митинг иштирокчиси Тўлаган Қосималиев.

Бу таклиф митинг иштирокчилари томонидан олқишланди:

-Тўғри гап! Талаб қиламиз! Максим Бакиев Қирғизистонни тарк этсин! деган овозлар янгради.

Намойиш иштирокчилари ҳукумат олдига Максим Бакиевни лавозимидан бўшатиш, озодликдан маҳрум этилган мухолифат лидери Исмоил Исақовни озодликка чиқариш, мухолифатга тазйиқни тўхтатиш, камида 200 фоизга оширилган коммунал хизматлар нархини аввалги ҳолатга келтириш талабини қўйдилар.

Ҳукуматга бу борада йўлланган мурожаатда айтилишича, агар бу талаблар бир ҳафта мобайнида бажарилмаса, норинликлар президент Бакиев истеъфосини талаб қилиб Бишкекка пиёда юриш уюштирадилар.

Норинда ўтган намойишда кузатувчи сифатида қатнашган Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акуннинг айтишича, маҳаллий амалдорлар ўз вақтида норозилар билан музокара ўтказмай, вақтни қўлдан бой берганлар.

- Норозиликни бу даражага еткизмаслик керак эди. Норозиларнинг иқтисодий талаблари Бишкекда ҳал қилинади. Бу талабни ўз вақтида ҳукуматга етказиш, норозилик ҳақида президентга ҳаққоний ахборот бериш зарур эди. Энди эса норозилик тўлқини авжига чиққан, халқ сиёсий талабларни қўя бошлади, деди Турсунбек Акун.

Қирғизистон жанубидаги Ахси ва Олой тумани аҳолисининг бир неча юз вакиллари ҳам йиғилиш ўтказиб, март ойининг иккинчи ҳафтасидан бошлаб кўп минг кишилик норозилик намойишларига чиқишларини ҳукуматга маълум қилганлар.

Бундан ташқари мухолифат 17 март куни Бишкек марказий майдонида халқ қурултойи ўтказишни режалаган. Бишкекдаги олийгоҳлар талабаларининг бир қатор уюшмалари ҳам 17 март куни дарсларга бойкот эълон қилганлар. Улар шу куни мухолифат қурултойида иштирок этишларини билдирганлар.

Бундан ташқари талабалар Бишкек кўчаларидаги дарахтлар, бинолар ва автомобилларни норозилик белгиси бўлган сариқ рангли ленталар билан безашларини ҳам маълум қилдилар.

23 март куни эса Бишкек филармонияси олдида мухолифат митингги ўтказилади. Худди шу куни филармония биносида президент Бакиев ташаббуси билан Бирдамлик қурултойи ўтказилади.

Мухолифатнинг бу режалари ҳокимият вакилларини ҳам ташвишлантириб қўйган. Жумладан, Олой тумани ҳокимлиги олойликларнинг норозилик намойишини тақиқлаш илтимоси билан судга мурожаат қилган. Айни пайтда Бишкек шаҳар мэрияси ҳам пойтахтда ўтадиган норозилик намойишларини тақиқлаш илтимоси билан судга ариза йўллаган.

Бироқ норозилар қўмиталари судлар намойишларни тақиқлаш тўғрисида қарор чиқаришса, бу қарорларни тан олмасликлари ва митинглар ҳар қандай шароитда ҳам ўтказилиши ҳақида баёнот бермоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG