Линклар

logo-print

Рус рок қўшиқчиси Шевчук 10 мингдан ошиқ мухлиси олдида қилган оташин нутқида ҳокимиятга қарши ана шундай исëнкор сўзларни айтди.

ДДТ гуруҳи лидери Юрий Шевчук Москвадаги концерт пайтидаги сиëсий нутқида Россия ҳукуматини “қаттол ва ғайриинсоний” деб атади.

“Погонли махлуқлар” сиëсий маҳбусларни озод қилиши лозим¸ деган Шевчук ўз ҳамкасбларининг мулозимлар тўрқовоғидаги беданага айланганидан афсус билдирди.

“Менинг қўшиқчи ҳамкасбларим мулозимларнинг ëғ босган зиëфатларида рақс тушишдан ор қилишмаяпти¸ мамлакат бош майдонидан туриб ментлар ҳокимиятини олқишлаëтган ҳам улар”.

Ўзининг 10 мингдан зиëд мухлиси олдида оташин нутқ сўзлаган Шевчук РОК бу исëн эканини унутмаслика чақирди.

“Бизнинг қафасда ўтирган мартишка маймунлардан нима фарқимиз қолди? Еймиз¸ ичамиз¸ жимо қиламиз¸ попукқанд беришса¸ тиржайиб кетимизни кўрсатамиз”.

Рус ҳофизи том маъноси билан Чўлпоннинг “Кишан кийма¸ бўйин эгма” деган гапларини такрорлар эди.

“Қаттол ва ноинсоний ҳокимият бизни бир чизиққа тизди. Халқ нафақат қамоқ ва лагерларда балки сағирлар уйи ва касалхоналарда ҳам эзиляпти. Бу пайтда эса қанча-қанча погонли махлуқ бизни талаб¸ халқни қонини ичиб семирмоқда. Погонли махлуқлар бизни охирги тийинимизгача қоқиб олиб қўйди¸ улар ўз машиналари билан бизни янчмоқда¸ пешонамизга тўппонча тираб тепкини босмоқда. Аммо улар бу жинояти учун жазосиз қолмоқда”.

Шевчукнинг оташин нутқини концерт залида 10 000 киши эшитган бўлса бу нутқ интернетдаги YouTube порталига қўйилгач¸ икки кун ичида 170 мингдан зиëд зиëратчи қулоғига етди.

“Мен ҳокимиятга қарши гапиришни бугун бошлаганим йўқ. Мен бу гапларни доимо айтаман”¸ дейди Юрий Шевчук Озодлик радиоси билан суҳбатда.

Озодлик: Сиз айтган гапларни қандай қабул қилишди?

Юрий Шевчук: Ҳар ким ҳар хил. Аммо мамлакатдаги ҳар бир фуқаро қатори менинг ўй фикримни гапиришга ҳаққим бор. Мен одамларга “Сизлар қул эмассизлар¸ бизлар ҳам қул эмасмиз” деган гапни эслатаман. “Биз соқов эмасмиз. Гапиришга тилимиз бор” деган гапни уқтираман. Менинг гапларим кўзлари чақнаб турган ëшларнинг юрак торларини чертса бўлди.

Озодлик: Кўзлари чақнаб турган ëшлар ҳар доим бор эди. Ҳозир нима ўзгарди?

Юрий Шевчук: Ҳозир ëшларнинг ақлли қисми ҳар хил мафкура либосларини кийиб кўрмоқда. Эрталаб улар монархист эди¸ тушга бориб буддавий¸ кечқурун эса анархист¸ ярим тунда демократ. Бу жуда қизиқ. Мен ëшлардан нолимайман. Улар қўрқмас¸ улар адолат истамоқда.

Озодлик: Ҳозир худди 20 йил бурунги СССР пайтидаги каби Рок инқилоби қилиш мумкинми?

Юрий Шевчук: Билмадим. Рок инқилоби деганим бу жасоратли руҳ инқилоби демакдир. Мен ўз нутқимни Рокнинг 50 йиллик тўйига бағишладим. Мен “Рок кеча қандай эди¸ бугун нимага айланди” деган муждани навқирон дўстларимга етказмоқчи бўлдим. Бизнинг елканларимизни шиширган исëн руҳини пул еб битирди. Шу боис биз бу ботқоқнинг тубидамиз. Ҳозир ертўлаларда минглаб мусиқачилар исëнга чорловчи ноғорани чўп билан савалашмоқда.

Озодлик: Кейин бу мусиқачилар ертўлани тарк қилишади¸ қуюшқонга киришади ва ўз санъатини сотувга қўйишади. Кейинчи кейин нима бўлади?

Юрий Шевчук: Мен айнан шу ҳақда гапирдим. Бу катта синов. Одам учун икки синов бор. Бири амал¸ лавозим синови¸ иккинчиси пул синови. Омон бўлсак кўрамиз.

Озодлик: Сиз ҳозирги ҳокимиятни (Россия) “ментлар” ҳокимияти деб атадингиз. Сизнингча ҳокимият қандай бўлиши лозим?

Юрий Шевчук: Ҳокимият инсоний бўлмоғи лозим. Инсонпарвар¸ ўз халқини севадиган. Агар юракда севги бўлса¸ айни муддао. Афсус ҳозирги ҳукумат ўз халқини уриб майиб қилмоқда. Бунинг баробарида мамлакатни талон- тарож қилмоқда. Бу гапларни айтар эканман юрагим санчади¸ аммо ташқарида кўклам. Ўлмасак¸ яхши кунларга етамиз.

Озодлик: Иншооллоҳ. Аммо нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

Юрий Шевчук: Биринчидан қўрқмаслик керак. Сўз эркинлигини талаб қилиш керак. Ҳозир кўпчилик модернизация ҳақида сўзамоллик қилади. Агар одамлар орасида ҳур ва эркин муносабатлар¸ эркин матбуот ҳамда сўз эркинлиги бўлганидагина модернизация¸ янгиланиш бўлади.

Иккинчидан¸ маърифат лозим¸ албатта. Бугун маърифат масаласи ўта муҳим бир тарзда кун тартибига чиқмоқда. Ҳозир жоҳил¸ илмсиз ва каллаварамлар урчиб маддалаганини кўряпмиз. Балким ҳукумат саводсиз одамларни ўқитиш учун ҳаракат қилар. 20-йиллардаги каби.

Озодлик: Саводсизликни ва чаласаводликни тугатиш курслари очиш керакми?

Юрий Шевчук: Ҳа. Айнан шундай. Маърифат болшевиклар қилган ягона тўғри иш бўлди. Ҳозир саводсизликка қарши кураш ўта зарур. Биз қоронғулик ва билимсизлик ичидамиз. Халқ на ҳаëтда ва на тарихий масалаларда ҳадаф ва йўналишга эга эмас. ТВ деган қути халқни миясиз сабзавот ҳолига олиб келди. Бу даҳшат. Мен сиëсатчи эмасман¸ бир зиëли ўлароқ айтмоқдаман бу гапларни.

Озодлик: Аммо шунга қарамасдан сиз “Норозилар марши”да иштирок этдингиз.

Юрий Шевчук: Мен ҳокимиятга қаршилик билдириш ҳуқуқимдан “фойдаланаман. Мен гражданман. Менинг бу ҳуқуқим Конституцияда кафолатланган.

Озодлик: Сиз Олимпия концертидаги нутқингиздан кейин “Она бу Рок н Ролл” қўшиғини айтдингиз. Бу қўшиқда “ҳокимият кўчада ëтибди” деган мисра бор.

Юрий Шевчук: Ҳозир ҳокимият кўчада ëтгани йўқ. У фил суягидан бўлган минора ичида воқеликдан мутлақ узилган холда муаллақ турибди.

Озодлик: Хўш нима қилиш керак энди? Сайловга борайликми¸ кўчаларга тўкилайликми...

Юрий Шевчук: Одамларнинг кўзи чарақласа¸ кун кечириш эмас балки эркин яшаш иштиëқи яна пайдо бўлса¸ ана шу муҳим менга. Биз бу рангсиз борлиқдан қутулиб эркин руҳ қанотларида парвоз қилсак. Мен ëшларга қарата “Сиз қандай қўшиқ куйласангиз¸ шунга лойиқ давлатда яшайсиз” демоқчиман. Келинг¸ эркин қўшиқлар куйлайлик.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG