Линклар

logo-print

20 дан ошиқ ҳарбий "нурчилик"да айбланмоқда


Ўзбекистонда "нурчилик"да айбланганларнинг аксари АҚШ ва Британияда таҳсил олган ëш йигитлардир.

Ўзбекистонда "нурчилик"да айбланганларнинг аксари АҚШ ва Британияда таҳсил олган ëш йигитлардир.

Тошкент шаҳрида 25 нафар ҳарбий аскар "нурчиликда айбланаяпти. Шу пайтгача Ўзбекистонда "нурчилик"да айбланиб қамалганлар сони 150га яқин бўлиб бўлиб, уларнинг деярли барчаси зиёли – журналист ва олим йигитлардир.

Эътиқод эркинлиги масалалари билан шуғулланувчи Норвегиядаги Форум 18 ташкилоти вакили Феликс Корлининг Ўзбекистондаги манбаларига таянган ҳолда хабар қилишича, айни пайтда Тошкентда 25 аскар ҳарбий судга тортилаяпти.

- "Нурчилик"да айбланиб 25 аскар ҳибсга олинган. Улардан 12 нафарига очилган жиноий иш билан боғлиқ тергов тугаб, иш ҳарбий судга оширилган. Судга тортилган аскарларнинг бири хоразмлик, қолганлари Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан. Ҳозирда яна 13 нафар аскар иши терговда, улар ҳам судга тортилиши мумкин, дейди Феликс Корли.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига мурожаат қилиб, "нурчилик"да айбланаётган аскарлар билан боғлиқ қўшимча маълумотларни ўрганишга уриндик.

Вазирлик ходими Озодлик билан суҳбатда аскарларнинг ҳибсга олиниш воқеасини инкор қилмади.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан қўнғироқ қилаётгандим. Яқинда 25 ҳарбий "нурчилик"да айбланиб ҳибсга олинди, деган хабарни эшитдик. Шуни ўрганаётгандим…

- Энди бу билан махсус шуғулланаётганлар бор. Мен бу борада маълумот бера олмайман, деди вазирлик ходими.

Вазирлик ходими бу иш билан махсус шуғулланаётганларнинг телефон рақамларини ҳам беришни истамади.

Ўзбекистон ҳарбий судидан эса “телефон орқали маълумот берилмайди” деган одатий жавобни олдик.

Фелкс Корлига кўра, ҳибсга олинганлар муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларми ёки шартнома асосидаги ҳабийларми буни ҳозирча аниқлаш имкони йўқ.

Шу пайтгача “нурчилар ови”нинг асосий нишони 1992 йилдан 1999 йилга қадар Ўзбекистонда фаолият юритган турк лицейларининг битирувчилари бўлиб қолаëтган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоб-китобига қараганда, Туркияда Саид Нурсий асос солган “Нурчилик” диний оқимининг Ўзбекистондаги фаоллари деган айбловлар билан қамалганлар сони 150 нафарга етиб қолди.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, шу пайтгача "нурчилик"да айбланиб қамалганларнинг аксарияти зиёли йигитлардир. Уларга қўйилган асосий айбловлар орасида Саид Нурсийнинг "Рисолаи нур" китобини ўқиш айби ҳам бор. Судланганларнинг яқинлари¸ бу китобнинг Ўзбекистонда расман чоп этилгани ва уни миллий кутубхонадан ҳам топиш мумкинлигини билдиришган эди.

Аммо Ўзбекистонда ҳарбий соҳа вакиллари илк бор бу айблов билан маҳкамага тортилаяпти.

Феликс Корлининг айтишича, ҳибсда ушлаб турилган 25 аскарга Саид Нурсий китобларини ўқиш айблови қўйилаяпти.

Кузатувчилар кейинги бир йил мобайнида "нурчилик" айби билан бошланган оммавий ҳибсларни Ўзбекистондаги диний репрессиянинг янги кўриниши сифатида баҳолашади.

"Нурчи"лар билан боғлиқ маҳкамаларни кузатиб келаётган Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, Тошкент ҳукумати "нурчилик"ка сиёсий ранг бериб бегуноҳ йигитларни сохта айбловлар билан қамаяпти.

Суръат Икромовнинг айтишича, "Нурчилар" диний оқими Ўзбекистон учун мутлақо зарарсиз бўлиб, бу ташкилот Туркия ва бошқа жуда кўп давлатларда эркин фаолият олиб боради ҳамда ўша давлатлар конституцион тузуми учун ҳеч қандай хавф солмайди.

Суръат Икромов: "Нурчилик" оқими ўзи ҳеч қандай зарарсиз оқим. Мен ҳали "нурчи"ларнинг қамоққа олиниши ëки тақиқланиши бирор давлатда бўлганини эшитмаганман. Уларнинг экстремистик¸ террористик¸ давлатга қарши бирорта қилган ишлари бўлмаган. Оддий аскарларга бўлган нимаси ҳам нима бўлиши мумкин? Китоби қўлига тушган¸ кўпи ўқишган бўлиши керак.

Озодлик: Нурсийнинг китобини ўқиган демоқчисиз.

- Албатта. Солдатларнинг ичида диндорлар бор¸ намозхонлар бор. Мана шулар ўқиб танишгани учун булар "нурчилар" дейилаяптида. Лекин бунин исботи қанақа бўлаяпти? Нимага хоҳласа айблаш мумкин¸ лекин унинг исботи қани? Борми ëки йўқми? Ҳамма гап шунда. Ҳеч қанақа исботлар топилмаяпти¸ дейди Суръат Икромов.

"Нурчилар" билан боғлиқ илк маҳкама 2009 йилнинг 26 феврал куни ўтказилганди. Тошкент шаҳар жиноий ишлар суди “Ирмоқ” журнали ва “Етти иқлим” газетаси ходимларидан 5 кишига 8 йилдан 12 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазоси тайинлаган эди.

Ўтган йилнинг 6 апрелида Тошкент шаҳар суди "Етти иқлим" газетасининг яна икки ходимини 8 йилга, наманганлик имомни 12 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

29 апрел куни эса Бухоро вилоят жиноий ишлар суди маҳаллий физик олим Икром Мерожовни 9 йил, яна 8 кишини эса 6 йилдан озодликдан маҳрум қилди.

Кейинчалик "нурчилар" билан боғлиқ Самарқанд, Андижон, Наманган, Хоразм ва Тошкент шаҳрида яна бир қанча маҳкамалар бўлиб, ўнлаб йигитлар озодликдан маҳрум қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG