Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:28

Ўзбекистон инсон ҳақлари борасида БМТ га ҳисоб беради


Ўзбекистон ҳукумати ҳозирга қадар халқаро ҳамжамиятнинг инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга оид таклиф ва тавсияларини беписанд қолдириб келмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати ҳозирга қадар халқаро ҳамжамиятнинг инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга оид таклиф ва тавсияларини беписанд қолдириб келмоқда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Ню Йоркда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилишга киришар экан, Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти қўмита экспертларини Тошкент ҳукумати олдига қатъий талаблар қўйишга чақирди.

11 - 12 март кунлари 18 экспертдан иборат қўмита Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг бажарилиши тўғрисидаги Ўзбекистоннинг навбатдаги ҳисоботини ўрганиб, бу борада ўз хулоса ва тавсияларини эълон қилиши керак.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, Ню Йоркда ўтаётган айни тадбир Ўзбекистондаги ўта аянчли инсон ҳуқуқлари вазиятига эътибор қаратиш ва бу вазиятни яхшилаш йўлида Тошкентни конкрет қадамларни ташлашга чақириш учун бу ноёб имкониятдир.

- Тошкент халқаро ҳамжамиятга иш режаларини ёки қонунларни кўрсатиб, танқидчилар оғзини ёпишга уринади, лекин вазият аянчли эканлигича қоляпти. Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бундай сохта чораларга алданиб қолмаётганини кўрсатиб, Ўзбекистондан чинакам, ислоҳотларни талаб этиши керак, деди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Ҳолли Картнер.

Ҳюман Райтс Уотч БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси эътиборига Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳамда фуқаролик жамияти вакилларининг таъқиб қилиниши, мамлакат қамоқхоналарида кенг тарқалган маҳбусларнинг оммавий қийноқларга солиниши, диндорларнинг қувғин қилиниши, фикр ва диний эркинликларининг қаттиқ чекланиши каби муаммолар қайд этилган 10 саҳифалик ҳисоботни ҳам тақдим этди.

Ҳюман Райтс Уотч вакили Вероника Голдстон бу ҳисобот БМТ экспертлари тарафидан эътиборга олинади деган умидда.

- Биз бу муҳокамаларда қўмита экспертлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақидаги расмий ҳисоботни танқидий кўз билан қараб, Ўзбекистон делегациясини мамлакатдаги ҳуқуқбузарликлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, фуқаролик жамияти вакиллари ва журналистларга нисбатан бўлаётган давомли тазйиқлар, қамоқдаги мухолифат аъзоларининг давомли қийноққа солиниши ва уларни қийноққа солаётганларнинг жазога тортилмай қолаётганлиги ҳақидаги саволларга тутади деб умид қиляпмиз, дейди Вероника Голдстон.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, бугунги кунда энг камида 14 киши фақат инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун панжара ортида ўтирибди.

Улар орасида бухоролик исёнкор шоир Юсуф Жума, журналистлар Солижон Абдураҳмонов, Жамшид Каримов, ҳуқуқ ҳимоячилари Ҳабибулла Оқпўлатов, Аъзам Фармонов, Алишер Кароматов, Нозим Исоқов, Ғайбулла Жалилов, Норбой Холжигитов ва бошқаларнинг номлари бор.

Ҳюман Райтс Уотч ўз баёнотида қамоқдаги ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг шартсиз озод этилиши БМТ тарафидан Ўзбекистонга қўйиладиган талаблардан бири бўлиши кераклигини қайд этган.

ҲРУ баёнотида, шунингдек, ташкилот 5 йилдан бери Тошкентни 2005 йилги Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказилишига розилик беришга чақириб келаётганини эслатиб ўтган.

Айни пайтда, Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг аввалгиларги каби бу сафарги йиғилишидан ҳам бирон ўзгариш кутмаяптилар. Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми ташкилоти раҳбари Умида Ниёзованинг таъкидича, Ўзбекистон ҳукумати халқаро танқидлардан уяладиган ҳукумат эмас.

- БМТ қўмитаси ҳар доим Ўзбекистонни қаттиқ танқид остига олади. Махсус маърузачиларнинг ҳаммаси Ўзбекистондаги вазиятни билиб туриб¸ ичкарига кириб ўрганиб¸ вазиятни ўзгартиришни хоҳлашади. Муаммо шундаки¸ агар мамлакат ҳеч қанақа ўзгаришлар қилмаса¸ бу мамлакат раҳбарларини жавобгарликка тортадиган механизмлар йўқ. Халқаро пакт 1995 йилда қабул қилинган бўлса¸ 15-16 йилки бу документлар қоғозда қолмоқда. Ўзбекистондаги вазият ўзгартирилмасдан келинмоқда¸ дейди Умида Ниëзова.

Гарчи Ўзбекистон ҳукумати бу муаммоларни бартараф этиш билан шуғулланаётганини айтса-да, мамлакатда вазият нафақат ўзгаришсиз қолмоқда, балки ёмон томонга ҳам ўзгармоқда.

- Афсуски, бу тўғри. Давомли чақириқларимизга қарамай, Ўзбекистонда вазият яхшилангани йўқ. Бунга сабаб Ўзбекистон ҳукуматида ислоҳотлар ўтказишга сиёсий ироданинг йўқлигидир. Шундай экан, бундай ҳукуматга нисбатан фақат ташқи босимлар билангина, яъни Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари ҳисобланмиш Европа иттифоқи, АҚШ, Япония каби давлатлари ҳукуматларининг шундай босимлари туфайли бирон нарсага эриши мумкин деб ўйлаймиз. Шундай экан, БМТ қўмитаси Ўзбекистон борасида ўз хулосаларини чиқариши билан биз Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари бу тавсияларга жиддий қараб, уларнинг Ўзбекистон тарафидан бажарилишини талаб қилишга, бу давлат билан мулоқотда шу масалани ҳам кўтаришга чақирамиз, деди Ҳюман Райтс Уотч вакили Вероника Голдстон.

ҲРУ Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорларини, биринчи навбатда АҚШ ва Европа иттифоқига аъзо давлатларни Тошкент билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мулоқотни кучайтиришга чақирган.
XS
SM
MD
LG