Линклар

Камбағал юртнинг бойлари тўйни данғиллатмоқда

  • Садриддин Ашур

Бугун ўзбек бойлари тўйларда тонналаб гуручдан ош қилиш борасида бир-бири билан рақобатлашмоқда.

Бугун ўзбек бойлари тўйларда тонналаб гуручдан ош қилиш борасида бир-бири билан рақобатлашмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг тўйларни ихчамлаштириш ва камхарж қилишга оид қарори мавжуд бўлсада, бу қарорнинг энг аввало ҳукуматдорлар ва улар паноҳидаги бойлар томонидан бузилаётгани айтилмоқда.

Зоминлик Тўрабойвачча ўғлининг никоҳ тўйида иштирок этган Анорбой аканинг айтишича, ҳақиқатан ҳам жуда катта тўй бўлган. Унинг сўзларига кўра, бу тўй ҳақидаги миш-мишлар қулоқдан қулоққа ўтиб жуда семириб кетган кўринади. Зеро, дейди у, баъзи хабарларга кўра, бу тўйда 50та қозонга икки тонна гуруч дамланган эмиш. Бироқ, у бу маълумотларнинг муболаға қилинганини айтади.

- Икки тонналигини билмадимку¸ 200 килолик тўртта қозонда бўлган. 100 килодан дамлаганда¸ 400 кило ош дамланарди. Ëлғон гапнинг кераги йўқда. Тўғри гапни айтиш керак. Кўпкарига энг катта солими туя бўлган. Машина деб эълон қилган¸ лекин машина чиқмади. Энг каттаси туя бўлган. Бир миллион 100 минг сўмлик рангли телевизор қўйилган. Деворга ëпиштириб қўйиладиган плоский экранли борку. Соврин ўшандан қўйилган. Қолгани 50-100 минглик қўй¸ эчки¸ гилам¸ дейди Анорбой ака.

Бошқа бир зоминлик эса кўпкарининг жуда ҳам қизиқарли ўтганини айтди.

- Қозоғистоннинг ўзидан салкам 200 нафар чавандоз келган. Бу ëғи Тожикистон¸ Туркманистондан келган. Катта тўй бўлган. Уч кун берган¸ дейди зоминлик суҳбатдошимиз.

Анорбой ака эса, Тўрабойвачча фаолияти ҳақида хабар берар экан, унинг вилоятда бир қанча корхоналар эгаси эканлигини ва қайниси Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Бош вазири бўлганлиги учун ҳам унинг тадбиркорлиги ҳеч қандай тўсиқларга учрамай ривожланаётганини айтади.

- Тўрабойвачча дейилади. У кишининг асосий тадбиркорлиги Даштободда Туркиядан олиб келинган катта ун заводи бор. Катта ëқилғи қуйиш шаҳобчаси бор. Жиззахда автозаправкаси бор. Қисқаси қўли етган жойда ҳамма нарсани қуриб ташлаган. Ҳозир яна Равот поворотидан деган жойимизга газзаправка қурмоқчи бўлиб ҳаракат қилиб ëтибди. Шу ерда бир ўртоғининг ҳамкорлигида ўшанинг номида қураяпти. Бу ëқда Дўстлик шаҳарчаларида бор. Ҳар-ҳар жойда очиб ташлаган. Мирзиëевнинг поччасида энди. Паноҳида қўллаб-қувватланаяпти десак ҳам бўлади. Бош вазиримизнинг поччалари бўлади¸ дейди Анорбой ака.

Бироқ, дейди Анорбой ака, Тўрабойвачча қўли очиқ ва саховатли бойлардан ва аксарият ишсиз жиззахликлар у очган корхоналарида ишлашни орзу қилади.

- Тўрабойвачча деб эшитамиз¸ лекин мен битта нарсани кафолат бериб айтаман¸ қўлида ишлаганларни ҳам бориб кўрдим. Тўрабойвачча ҳақиқатан қўли очиқ одам. Ўзи лекин катта манманлиги йўқ. Балки ишбилармонлигидир. Ишчиларидан уйланаëтгани бўлса¸ ўзи бош бўлади. Шуни биламан. Тўйини ўтказиб бераяпти. Фотиҳа тўйини ҳам¸ катта тўйини ҳам қилиб бераяпти. Эртасига бир сўм сўраган жойи йўқ. Қўли етмаганда қўлини етказдиради. “Қани Тўрабойваччанинг корхонасида¸ тегирмонида ишласам” деб орзу қиладиган одамлар бор. Чунки қўли очиқ. Ойлигидан ташқари бир қоп унини беради¸ қийналган бўлса¸ моддий ëрдам беради. У томондан Тўра аканинг саховати бор¸ дейди Анорбой ака.

Ўзбекистонда амалдорларнинг дабдабали тўйлар қилиши мустақиллик йилларида авж олди. Бу тўйлар аста-секин ўз бойлигини кўрсатиш ва қудрат эгаси эканлигини кўз-кўз қилишга имконият берадиган бир маросимга айланиб борди.

90-йиллар охирида Ўзбекистон давлат Солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Мурот Қуролов Самарқандда ана шундай жуда дабдабали бир тўй берганидан сўнг, бу тўйнинг видеоси президент Ислом Каримовга олиб келиб кўрсатилди. Шундан сўнг, Мурот Қуролов жиноий жавобгарликка тортилиб, озодликдан маҳрум этилган эди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси бу воқеадан сўнг, ўзбек тўйларини ихчамлаштириш ва камхаражат қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Деярли ярим йиллар ўз кучида қолган бу қарорни яна амалдорларнинг ўзлари буза бошлади. Тошкентлик Абдуманнон Холжўраевнинг айтишича, бундай қарорлар фақат оддий аҳоли учун тегишли, амалдорнинг дутори эса доим бир хил куйни чалаверади.

- Биласизми¸ бизларда фақат қарор чиққан. Бу қарор матбуотда чиқади. Лекин бу қарор ҳеч қачон ижро қилинмаган¸ ижро қилинмайди ҳам. Амалдорларнинг тўйларининг харажатига келсак¸ уларнинг тўйлари на ҳажм жиҳатдан¸ на дабдаба жиҳатдан пасаймаган. Олдин ҳам риоя қилинмаган¸ ҳозир ҳам риоя қилинаëтгани йўқ. Оддий маҳалладаги фуқароларга камайтиринглар¸ тоғорани камайтиринглар деган гап бор. Ëмоннинг кучи япалоққа етибди дегандай фақат маҳаллада оддий фуқарога кучи етади. Амалдорларга ҳеч бир қонун тадбиқ қилинмайди ва улар қонунга риоя ҳам қилмайди¸ дейди Абдуманнон Холжўраев.

Яна бир тошкентлик Абдуқаҳҳор Мусаев фикрича, Ўзбекистондаги амалдорларнинг тўйларига сарфлайдиган харажатлари ҳалол йўл билан топилмаган.

- Авваламбор олдинги бойлар ҳақиқий бойлар бўлган. Ҳозирги бойлар бойлар эмас. Ҳозирги бойлар ўғрининг ўзи. Ҳокимият¸ прокуратура¸ МВД¸ СНБ – уларнинг ичида нормалний одам йўқ. Мана сизга бир мисол айтаман. Хусусий фирма очдим. Масжиднинг номини қўйдим “Ал-Ҳудайбийя” деб. Исломда 10 фоизми¸ 10 фоизга ишлайдиган қилиб. Тепамда Худо бор. Бир йил ҳам ишлай олмадим. Ҳамма ëқ муттаҳамлик¸ ўғирликка ўргатади. Солиғи ҳам¸ бошқаси ҳам. Зўрға бир йилнинг ичида ëпиб ташладим. Ишлай олмадим. Бизларнинг нимада миллионтадан биттасида ҳалоллик бўлса агар. Ҳаммамиз ҳаромга ўтиб кетдик¸ дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG