Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:30

АҚШ Давлат департаменти: Ўзбекистон ҳукумати ваколатларини суистеъмол қилмоқда


АҚШ Давлат департаментининг 11 март куни ёйинланган ҳисоботида кўплаб мамлакатлардаги, жумладан, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол танқид қилинган.
АҚШ Давлат департаментининг 11 март куни ёйинланган ҳисоботида кўплаб мамлакатлардаги, жумладан, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол танқид қилинган.

Ўзбекистоннинг авторитар ҳукумати 2009 йили "ваколатларини жиддий суистеъмол қилишда" давом этиб, ўз фуқароларининг сиёсий ҳуқуқлари ва эркинликларини сезиларли даражада чеклади.

Бу - АҚШ Давлат департаментининг пайшанба куни эълон қилинган жаҳон мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари аҳволига оид навбатдаги йиллик ҳисоботи Ўзбекистонга доир бобининг асосий мазмуни.

Фикр билдириш, йиғилиш, уюшмаларга бирлашиш ҳуқуқларининг, матбуот ва диний эътиқод эркинликларининг чеклангани, фуқаролик жамияти фаолияти устидан давлат назорати ўрнатилгани, фуқароларни пахта теримида иштирок этишга мажбурлаш каби ҳолатлар Ўзбекистоннинг авторитар ҳукумати 2009 йили "ваколатларини жиддий суиистеъмол" қилаётгани далиллари сифатида келтирилган Давлат департаменти ҳисоботида.

Ҳужжатда, шунингдек, қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилгани учунгина жисмоний ҳужумлар ва тажовузларга учрагани, ҳибсга олингани, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилгани, руҳий касалхоналарга ётқизилгани қайд этилган.

АҚШ давлат департаментининг 11 март куни эълон қилинган навбатдаги йиллик ҳисоботида "Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида 2009 йили инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият оғирлашди", дейилади.

- Ҳисоботлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида инсон ҳуқуқлари учун курашаётган матонатли одамлар, инсон ҳуқуқлари топталиш ҳолатларини қайд этиб келаётган журналистлар ва тадқиқотчилар фаолияти учун муҳим ёрдамдир. Бу ҳисоботлар ҳукуматлар учун ҳам, шу жумладан бизнинг ҳукуматимиз учун ҳам муҳим. Чунки бизнинг ҳар жойда инсон ҳуқуқи ҳимояси учун туришимиз аҳамиятлидир, деди АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон пайшанба куни Вашингтонда ҳисоботни жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилар экан.

АҚШ Давлат котибининг фикрича, инсон ҳуқуқлари устивор бўлишининг икки омили бўлиб, улардан бири демократик бошқарув, иккинчиси иқтисодий тараққиётдир.

- Биз бир стратегик тушунчани ҳар томонлама инобатга олишимиз керакки, демократик бошқарув иқтисодий ривожланиш билан биргаликда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши кафолатланадиган муҳит яратилишига ўзаро таъсир кўрсатиши мумкин. Тан олишимиз лозимки, инсон ҳуқуқларига риоя қилинадиган демократия ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган иқтисодий тараққиёт бир- бирини ўзаро тўлдиради ва бир-бирини кучайтиради, деди Ҳиллари Клинтон.

АҚШ Давлат департаментининг жаҳон бўйлаб инсон ҳуқуқлари аҳволига оид ҳисоботи муносабати билан Давлат котиби ёрдамчиси Майкл Познер кўп мамлакатларда давлат томонидан ноҳукумат ташкилотлари фаолиятига аралашиш тенденцияга айланиб бораётганини қайд этди:

- Камида 25 давлат ҳукуматлари кейинги бир неча йил давомида жамоатчилик ташкилотларини, жумладан, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотларни расмий рўйхатга олиш ва йиғилишлар ўтказиш тартибида, чет элдан грантлар олиш тартибида чекловлар жорий қилди, деди Майкл Познер.

Давлат котиби ёрдамчиси Эрондаги вазиятга алоҳида тўхталар экан, бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволи 2009 йилнинг июнида бўлиб ўтган президент сайловидан сўнг кескин оғирлашиб кетганини таъкидлаб ўтди.
XS
SM
MD
LG