Линклар

Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик 40 фоизга кўпайди

  • Шерзод

Қирғизистонда оилавий зўравонлик юзасидан шу кунгача бирорта ҳам жиноят иши очилмаган.

Қирғизистонда оилавий зўравонлик юзасидан шу кунгача бирорта ҳам жиноят иши очилмаган.

Қирғизистонда аёлларга нисбатан оилавий зўравонлик аввалги йилларга нисбатан 40 фоизга ўсди. Расмий маълумотларга кўра, 2009 йилдан оиладаги зўравонлик бўйича 2 мингдан ортиқ ҳолат рўйхатга олинган. Бироқ оилада зўравонлик қилган бирон бир шахс жазоланмаган.

- Куёвим мастлигида урган. Бироз ўтирганимдан кейин кўзим оғриб ишиб чиқди, - дейди ёши эндигина йигирмадан ошган Мээрим.

Унинг айтишича, уларнинг оиласидаги жанжал кўпинча рашқ қилишдан келиб чиқади. У кўчада қўни - қўшни ёки дўстлари билан узоқроқ гаплашиб қолганида, албатта, оиласида жанжал чиқади. Куёвидан тез - тез калтак еган Мээрим бир неча бор боласини олиб, ота -онасининг уйига кетиб қолган кунлар ҳам бўлган.

Қирғизистонда Мээрим каби оилавий зўравонлик қурбони бўлаётган аёллар сони йилдан - йилга ошаётгани айтилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 2008 йилда оилавий зўравонлик бўйича 1 минг 241 ҳолат кузатилган бўлса, 2009 йилда бу кўрсаткич 2 минг 116 ни ташкил қилди. Қирғизистон Омбудсмени институтидан олинган маълумотларга кўра, 2010 йилнинг 2 ойида оилавий зўравонлик бўйича 14 арз тушган.

Қирғизистондаги “Сезим” кризис маркази раҳбари Бубусара Рисқулова оилавий зўравонлик масаласи Қирғизистон учун қанчалик муҳим бўлмасин, бу иллатга қарши қабул қилинган қонунларнинг амалда қўлланилмаслигини айтади:

- Бизга мурожаат қилганларнинг аксарияти оилавий зўравонликдан жабр кўрганлар. Ҳозирда Қирғизистонда аёлларга ҳуқуқлари поймол қилинганида конкрет ёрдам берувчи ташкилотлар оз. Аёлларга ёрдам бериб, “ўз ҳуқуқингларни паймол бўлишига йўл қўйманглар”, деб уларни ўқитиш керак. Оилавий зўравонликка қарши қонун ҳам қабул қилинган, бироқ у ҳам яхши ишламаяпти, -дейди Бубусара Рисқулова.

Оилавий зўравонликка қарши қонун Қирғизистонда 2003 йили қабул қилинган. Қонунга мувофиқ, турмуш ўртоғига нисбатан зўравонлик қилган одам 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Айни пайтда мамлакатда бундай жазога ҳеч ким ҳукм қилинмаган.

Қирғизистон парламенти депутати Гулжамал Султаналиева ҳуқуқ - тартибот тузилмалари аёлларнинг оилавий зўравонлик тўғрисидаги шикоятларини эътиборга олмаётганини айтади:

- Бу борадаги аризалар ҳуқуқ - тартибот тузилмаларига етиб борганда ҳам бу масала тўлалигича охирига етмай қоляпти. Аёл ва эркакнинг ҳуқуқи бир ҳил бўлгани билан уларнинг имконияти бир ҳил бўлмаяпти. Бу оилада зўравонлик бор эканини исботлайди,- деди Гулжама Султаналиева.

Бироқ Ички ишлар вазирлиги расмийлари бу борада бошқача фикрдалар. Ички ишлар вазирлиги расмийси Бақит Сеитовнинг айтишича, оилавий жанжаллар кўпинча ота -оналар, қариндош - уруғлар томонидан ҳал қилинмоқда.

- Оилавий зўравоник бўйича кўпчилик мурожаат қилмайди. Масалан, шаҳар жойларда аёллар арзланиши мумкин. Бироқ эртаси куниёқ икки тараф ҳам келиб, арзаларини қайтариб олиб, ярашиб кетган ҳоллар кўп бўлади, - деди Бақит Сейитов.

Қирғизистон аёлларнинг оиладаги ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам ратификациялаган.

Айни пайтда мутахассислар қирғиз расмийларига оилавий зўравонликка қарши курашни кучайтириш учун ажратилаётган маблағ миқдорини кўпайтириш, миллий гендер сиёсати механизмини ишлаб чиқишни таклиф қилишмоқда.
XS
SM
MD
LG