Линклар

Ўзбек-тожик чегараси: танк ва БТРлар йўқ


Тожикистон чегара хизмати зобитининг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистон томонидан чегарага ҳарбий техника олиб келинмаяпти.

Тожикистон чегара хизмати зобитининг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистон томонидан чегарага ҳарбий техника олиб келинмаяпти.

Сўнгги бир неча кун давомида сўғдликлар орасида Ўзбекистон томони чегарага ҳарбий техникани тортиб келгани юзасидан турли гаплар юрибди. Бироқ чегара ҳудудига бориб вазиятни ўрганган мухбиримиз Тожикистонда пайдо бўлган миш-мишлар асоссиз эканининг гувоҳи бўлди.

Тожикистоннинг Спитамен туманидаги “Плотина” чегара пункти Ўзбекистоннинг Бекобод тумани билан чегарадош. Бу мавзе азал - азалдан савдо - сотиқ, борди - келди учун эркин ва очиқ эди. Лекин республикалар мустақилликка эришгач вазият ўзгарди. Бугун чегаралардаги вазият ҳам, тартиб ҳам янада кучайган.

Ўз номини айтмаслигимиз шарти билан суҳбатлашган тожик чегара хизмати зобитиниг айтишича, чегарадаги вазият олдинги йилларга нисбатан анча ўзгарган.

- Рости гап, таҳминан бир ой олдин Ўзбекистон томони “Плотина”, “Хаштияк” чегара пунктлари ва Ширин ГЭСи атрофига танк, БТРлар, жонли кучларини тортиб келганда, биз ҳарбийлар ваҳимага тушиб қолдик. Одамларни айтмайсизми, ҳамманинг кўнглида ҳавотир пайдо бўлди. Худога шукр, ҳаммаси ўтиб кетди, - дейди чегара хизмати зобити.

Зобитнинг айтишича, айни пайтда чегарадаги вазият тинч, оддий одамлар ҳавотир олмасликлари мумкин.Фақат чегарадан ўтиш тартиби янада кучайтирилган.

Ўзбекистонга ҳар куни бориб келадиган суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, Тожикистондаги узун қулоқ гаплар замирида ҳеч қандай асос йўқ. Бундай гаплар оддий миш мишлар холос.

- Тўғри чегарадан ўтиш тартиби жуда қаттиқ бўлган. Назаримда чегара Африкада ҳам чегара, ҳужжатларинг тўғри бўлса бемалол ўтаверасан.

Энди Ўзбекистон танкларию БТРлари хақида... Ахир Ўзбекистон томони ҳар йили бундай ҳарбий машқлар ўтказиб туради. Нимага илгари ҳеч ким бунга эътибор бермас эди? Чунки илгари бундай чегаралар ҳам бўлмаган. Яна бир бор такрор айтаман, бу ҳаммаси кўча гаплари, - дейди Шаҳристон туманида истиқомат қилувчи Каримжон Хасанов.

Суҳбатдошларимизнинг кўпчилиги Ўзбекистон чегара ҳудудида кучайтирилган тартиб жорий қилинганига доир хабарларни рад этишди.

- Ўзбекистон томони чегарага танк ва бошқа техникани олиб келгани хақидаги гаплар нотўғри. Биз деярли ҳар куни чегарадан ўтамиз, бўлганда кўрардик- ку, - дейди спитаменлик Равшан.

Суҳбатдошимиз Дилбар Маназарованинг ўзи Тожикистон, турмуш ўртоғи эса Ўзбекистон фуқароси. Унинг айтишича, чегарадан ўтишаётганида Ўзбекистонда ҳам Тожикистонда ҳам уларга ҳеч ким бирор бир мушкиллик туғдиганича йўқ.

- Биз турмуш қурганимизда чегарнинг ўзи йўқ эди. Шу кунга қадар бирор бир муаммога дуч келганимиз йўқ. Биз бирга, фарзандларимиз билан яшашни хохлаймиз. Ўзбекистонда ҳам Тожикистонда ҳам уй жойимиз бор, - дейди Дилбар Маназарова.

Дилбарнинг айтишича, сўнгги пайтларда тожик - ўзбек чегара постларида йўловчилар ҳужжатлари ва юклари устидан назорат кучайтирилган.

Конибодомлик Жўрабой ака эса, Ўзбекистоннинг Андархан чегара нуқтаси ҳанузгача ёпиқлигини айтди. Чегара олди ҳудудлари аҳолиси Ўзбекистон билан визасиз борди-келди тартибининг жорий қилинишини орзу қилиб яшашмоқда.

- Мана биз ҳозир Қирғизистоннинг ҳамма вилоятларига бемалол бориб келамиз. Виза талаб қилишмайди. Чегарада паспортни кўрсатиб, ўтиб кетаверамиз. Ўзбекистонга ҳам мана шундай эркин бориб келсак яхши бўларди. Ахир биримизнинг қизимиз Ўзбекистонда, келинимиз у ердан. Афсуски, борди - келди йилдан - йилга қийинлашиб бормоқда, - дейди Журабой ака.

Тожикистон чегарачиларининг айтишларича, Ўзбекистон чегар хизмати фуқароларнинг чегарадан ўтишининг янги тартибини жорий қилган. Ўзбекистон томони чегарани эрта билан соат 7 да очади ва кечқурун соат 18 да буткул ёпиб қўяди.
XS
SM
MD
LG