Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:14

Ҳиндистон ва Россия кўп миллиардлик шартномалар имзолади


Россия Бош вазири Владимир Путин ҳиндистонлик ҳамкасби Манмухон Сингҳ билан икки давлат алоқаларини ривожлантириш масаласини муҳокама қилди.
Россия Бош вазири Владимир Путин ҳиндистонлик ҳамкасби Манмухон Сингҳ билан икки давлат алоқаларини ривожлантириш масаласини муҳокама қилди.

Россия бош вазири Владимир Путиннинг Ҳиндистонга икки кунлик сафари ниҳоясига етди. Жума куни Россия ва Ҳиндистон ўртасида қиймати 10 миллиард доллар бўлган ўндан ортиқ шартнома имзоланди.

Россия Бош вазири ўринбосари Сергей Иванов атом энергияси соҳасида эришилган ҳамкорлик ҳақидаги шартнома доирасида Россиянинг Росатом ширкати Ҳиндистонда 16тагача атом электр станцияси қуришини айтди.

Ундан олдин Россия атом энергияси агентлиги раҳбари Сергей Кириенко 2017 йилга қадар олтита реактор қуриб битказилишини маълум қилган эди. Росатом Ҳиндистон жанубида иккита атом реактори қурмоқда. Ҳиндистон 2008 йилда яна тўртта реактор қуришга буюртма берган.

Ҳиндистон жамоатчилиги вакиллари билан Деҳлида интернет орқали мулоқотда бўлган Владимир Путин Россиянинг атом реакторлари жаҳондаги энг хавфсиз реакторлар эканини айтди.

- Халқаро атом энергияси агентлигининг сўнгги ҳисоботига кўра, Россиянинг атом реакторлари дунёдаги энг хавфсиз реакторлардан ҳисобланади. Мутахассислар бизнинг реакторлар бевосита ҳимояга эга эканини биладилар. Бизнинг реакторлар икки қават қоплама ва махсус ҳимоя механизмига эга, - деди Россия Бош вазири.

Путиннинг Ҳиндистонга сафари чоғида ҳарбий соҳада ҳам кўм миллиард долларлик шартномалар имзоланди.

Хусусан, жанговар учқичлар ишлаб чиқарувчи Россиянинг МИГ компанияси раҳбари Михаил Погосян Россия Ҳиндистон ҳарбий флотига 29та МИГ-29К русумидаги учқичлар сотишини айтди. Унга кўра, янги учқичлар 2012 йилдан бошлаб етказиб берилади.

Ҳиндистон бортида учқичлар бўлган ҳарбий кема сотиб олиш борасида неча йилдан бери музокара олиб бормоқда. Россия Бош вазири Владимир Путиннинг Деҳлига ташрифи чоғида “Адмирал Горшков” номли кемани (янги номи “Викрамадитя” – “Қудратли”) Ҳиндистонга сотиш ҳақида келишув имзоланди.

Шартнома тафсилотлари ошкор этилмаган бўлса ҳам мутахассислан кема 2 миллиард 300 миллион долларга сотилганини тахмин қилмоқдалар. Сергей Иванов “Адмирал Горшков” 2012 йилга қадар Ҳиндистон флоти ихтиёрига топширилишини айтди.

Эслатиш жоизки, Ҳиндистон ўз армияси учун зарур бўлган қурол-аслаҳалар ва бошқа ҳарбий техниканинг қарийиб 70 фоизини Россиядан сотиб олади.

Россия ва Ҳиндистон ўртасида савдо ҳажми ҳозирда 8 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Владимир Путин 2015 йилга қадар бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказишни ваъда қилди.

Ҳиндистон президенти Пратибха Девизингх Патил ва Бош вазири Манмухон Сингҳ билан учрашган Владимир Путин Ҳиндистон билан нафақат ҳарбий, балки бошқа соҳаларда, хусусан, банк, информация ва технология каби соҳаларда ҳам ҳамкорликни кенгайтиришни ваъда қилди.

Путин Россия Ҳиндистон билан айниқса, юқори технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириши муҳим эканини алоҳида урғулади.
- Россия ҳукумати бу фаолиятни бевосита қўллаб-қувватлашга тайёр. Агар лозим бўлса, қўшимча молиявий воситалар орқали қўллашга тайёр, - деди Россия Бош вазири.

Владимир Путиннинг Деҳлига сафари чоғида 2013 йилга қадар ҳиндистонлик икки нафар космонавтни фазога учириш ҳақида ҳам келишиб олинди.
XS
SM
MD
LG