Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:41

Вашингтон Душанбени танқид қилди


АҚШ Давлат департаментининг 2009 йил учун тайёрланган йиллик ҳисоботида Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият кескин танқид қилинган.

“Тожикистон авторитар ҳукумат томонидан бошқарилиб, мамлакатдаги сиёсий ҳаёт президент Имомали Раҳмон ҳукми остида, унинг манфаатига юргизилмоқда”, дея бошланади АҚШ Давлат департаменти йиллик ҳисоботининг Тожикистонга тегишли қисми.

Тожикистонни авторитар давлат дея атаган ҳисобот муаллифлари тожик жамиятидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга кўпроқ эътибор қаратиб, иқтидордаги ҳукумат матбуот, дин ва сўз эркинлигини чеклаб қўйгани ҳамда нодавлат ташкилотлар устидан босимни кучайтираётганини қайд этадилар.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Тожикистондаги порахўрлик бу мамлакатда ижтимоий ва демократик ислоҳот ўтказишга йўл бермаётир.

Ҳисоботда ҳукумат расмийлари томонидан инсон ҳуқуқларининг чекланаётгани, турли айбловлар билан қўлга олинганларнинг миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қийноқларга солиниши, судлардаги адолатсизлик, қамоқхоналарда инсон саломатлигига таҳдид солувчи аҳвол, ўз вазифасини суиистеъмол қилган мулозимларнинг жазосиз қолаётгани, халқаро ташкилотларнинг ҳамон қамоқхоналардаги вазият билан танишишларига йўл берилмаётгани, аёлларга нисбатан зўравонлик, одам савдоси ва болалар меҳнати борасида гап кетган.

Шунингдек, мамлакатдаги сиёсий маҳбусларнинг сирли ўлимлари ҳам ҳисобот муаллифлари эътиборидан четта қолмаган.

“Ҳукумат, сиёсий маҳбусларни қатл этгани каби ҳолатлар кузатилмаса-да, сиёсий режимнинг бир неча мухолифи сирли вазиятда бу олам билан видолашди. Ўтган йил 17 июнида Тожикистон ички ишлар собиқ вазири Маҳмадназар Солеҳов миллий хавфсизлик ходимлари унинг уйига келиши биланоқ ҳалок бўлди. Тожик расмийлари унинг ўз жонига қасд қилганини айтишади.

11 июлда эса тожик собиқ мухолифати қўмондонларидан бири, Тожикистон фавқулотда ҳолатлар собиқ вазири Мирзо Зиёев ҳукумат аскарлари Тавилдарага борган чоғида ўлдирилди. Расмий маълумотларда у ноқонуний қуролланган жангарилар қўлидан қурбон бўлгани айтилади”, дейилади ҳисоботда.

Тожикистон расмийлари мазкур ҳужжатда айтилганларга нисбатан фикр билдиришдан тийилиб турган бир пайтда бу мамлакатдаги мустақил таҳлилчилар бу борада икки хил фикрдалар.

- АҚШ Давлат департаменти ҳисоботи ҳам, бошқа шу каби хорижий ташкилотлар ҳисоботлари ҳам ҳар гал бир томонлама, асосланмаган далиллар атрофида тайёрланади. Масалан, тожик мухолифати собиқ лидери Мирзо Зиёев ёки ҳукумат собиқ мулозимларидан бири Муҳаммадназар Солеҳов ўлимида ҳисобот муаллифлари сиёсий мотив ётганига ишора қилишган. Аммо қани бунга асосли далил? Менимча, бу одамлар оғзидан олинган кўча гаплари, ҳисобот эмас, дейди мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов.

Таҳлилчи фикрича, дунёдаги барча давлатларда, ҳатто ўша Америкада ҳам эркинлик нисбийдир.

Бошқа бир таҳлилчи Парвиз Муллажонов бу фикрларга қўшилмайди. Унингча, Америка ва бошқа шу каби тараққий этган давлатларда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар – хоҳ у ҳукумат ички сиёсатига тегишли бўлсин, хоҳ ташқи сиёсатга – матбуотда эркин ўз аксини топади.

- Масалан, Америкада оқ танлилар томонидан қора танлиларни таҳқирлаш, ўлдириш каби ҳолатлар кузатилади. Лекин бу борада оммавий ахборот воситалари ҳам оддий кишилар ҳам ўз фикрларини очиқ-ойдин айта олади. Аммо Тожикистонда, умуман Марказий Осиё бир қатор давлатларида бу борада “ёпиғлиқ қозон ёпиқлиғ”ича қолади. Хусусан, давлат мулозимлари сирли ўлими ҳақида гап кетса, бу ёпиқ мавзуга айланади. Биздаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ва эркинлигидаги катта муаммо ҳам шу, дейди бир муддат Америкада яшаб қайтган мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов.

Маҳаллий кузатувчи Бахтиёр Мўминов бунга мамлакатда қабул қилинаётган қонунларнинг қоғозларда қолиб кетаётгани сабаб эканини айтади.

- Тожикистонда шахс эркинлигини кафолатловчи қонунлар қабул қилинадию, лекин улар чегараланиб ҳам қўйилади. Яъни қонун бор, амалда улар ишламаяпти. Шунинг учун бу муаммолар ҳеч қачон ўз ечимини топмайди, дейди Бахтиёр Мўминов.

Унинг фикрича, АҚШ Давлат департаментининг бу ҳисоботи Тожикистоннинг халқаро ҳамжамият олдидаги обрўсига путур етказади.
XS
SM
MD
LG