Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:33

Грузия мухолифати ясама телекўрсатувдан ғазабга келди


Имеди каналининг Россия ҳуружига оид ясама репортажи грузияликлар орасида саросимага сабаб бўлди
Имеди каналининг Россия ҳуружига оид ясама репортажи грузияликлар орасида саросимага сабаб бўлди

13 март куни Грузиянинг Имеди каналида берилган телерепортаж айрим томошабинлар орасида ваҳима ва саросимага сабаб бўлди. Телеканал вакиллари воқеани репортаж эҳтимолий ҳужумга оид кўрсатув бўлгани билан изоҳлади.

Россия танклари Тбилисига яқинлашаётгани кўрсатилган ва Грузия Президенти Михаил Саакашвили ўлдирилгани хабар қилинган ясама телерепортаж грузияликлар орасида қўрқув ва саросима келтириб чиқарди.

Шанба куни Имеди хусусий телеканали эфирга берган репортажда мухолифат вакиллари, жумладан Нино Буржанадзе ва собиқ бош вазир Зураб Ногаидели ҳам Россия фитнасига қўшилгани хабар қилинди.

Мухолифат якшанба кунги норозилик пайтида қалбаки репортажга ғазаб билан муносабат билдирди. Нино Буржанадзе жумладан бундай деди.

- Ҳеч бир нормал давлатда бундай воқеа, яъни кимдир сени ҳеч бир асоссиз сотқин ёки бошқа бир давлатнинг агенти, дея аташи мумкинлигини тасаввур қила олмайман. Ишончим комилки, Грузия халқи барқарорлик, якдиллик ва демократия йўлини танлайди. Бунинг учун эса бу жиноятчи ва масъулиятсиз ҳукуматни алмаштириш керак, деди Буржанадзе

Мухолифат теледастурни кўплаб одамларни даҳшатга солган ва ҳукумат ҳомийлигида тайёрланган ташвиқот, дея қоралади. Тбилисидан келган хабарларга кўра, репортажни кўрган одамлар кўчага югириб чиқа бошлаган ва мобил алоқа линияларида қўнғироқлар сони кескин ошган. Шошилинч тиббий ёрдам хизматларига кўра, юрак хуружи билан мурожаат қилганлар сони ҳам кескин кўпайган.

Тбилисидаги православ черкови руҳонийси Давид Рейтерс агентлиги билан суҳбатда бу воқеани жиноят, дея атади.

- Вазият шундоқ ҳам таранг бўлиб турганда бундай қалтис мавзуларда ҳазил қилиш жиноятдан бошқа нарса эмас ва улар бунинг учун жавоб беришлари керак, суд орқали жавоб беришлари керак, деди православ руҳонийси.

Ясама репортаж Россия Грузия ҳудудига ҳақиқатан ҳам бостириб кирганидан бир ярим йил ўтиб эфирга берилди ва шанба кунги кўрсатувда ўша воқеалардаги тасвирлар ҳам ишлатилди.

Президент Саакашвилининг дўстига қарашли Имеди телеканали репортажни эфирга беришдан аввал, унинг эҳтимолий воқеаларга оид модел экани ҳақида қисқача огоҳлантирди, лекин репортажнинг ўзи ҳақиқийга ўхшарди ва эфирга узатилаётган пайтда унинг қалбаки экани ҳақида ҳеч қандай огоҳлантирув берилмади.

Телеканал раҳбарияти кейинчалик дастур келтириб чиқарган муаммолар учун узр сўради.

Саакашвилининг матбуот котиби Манана Манжгаладзе якшанба куни телеканал идорасига келиб презеидентнинг шахсий огоҳлантирувини етказди.

- Президент мамлакатимизга нисбатан таҳдидлар сақланиб қолаётганига қарамасдан, бундай дастурлар берилганда нафақат оғзаки огоҳлантирув, балки экранда бу дастур шунчаки эҳтимолий воқеалар сценарийсига оид ясама репортаж эканини эслатиб турувчи белги қўйилиши лозимлиги айтиб қўйишим учун мени бу ерга юборди, деди президент вакили.

Буржанадзе ўз етакчилигидаги Демократик ҳаракат – бирлашган Грузия партияси Имеди телеканали ва воқеага алоқадор расмийларни судга беришини баён қилди.
XS
SM
MD
LG