Линклар

logo-print

АҚШ ўзбек тадбиркорлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқчи


АҚШнинг ТМС ширкати ўзбек тадбиркорлари ишлаб чиқарган қурилиш материалларини Афғонистондаги АҚШнинг қурилиш объектларига етказиб беришга чоғланган.

АҚШнинг ТМС ширкати ўзбек тадбиркорлари ишлаб чиқарган қурилиш материалларини Афғонистондаги АҚШнинг қурилиш объектларига етказиб беришга чоғланган.

Американинг ТМС ширкати АҚШнинг Афғонистондаги лойиҳалари учун қурилиш материаллари етказиб бериш бўйича Ўзбекистондаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ширкат вакилларини янада тиғизроқ ҳамкорлик қилишга чорлади.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишларича, АҚШ ширкати ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларга Афғонистондаги қайта қуриш ишлари учун қурилиш материаллари экспортини сезиларли даражада ошириш таклифи билан чиққан.

ТМС (Technology Management Company) вакиллари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ўзбекистонлик 70 тадбиркор иштирокида 11 март куни Тошкентда бўлиб ўтган учрашувида АҚШ мудофаа вазирлигининг жабҳаорти таъминоти мутахассислари консултантлик қилдилар.

АҚШ ширкати билан ҳамкорликка мойиллик билдирган барча ўзбек ширкатлари тегишли реестрга киритилган ҳамда уларга АҚШ Мудофаа вазирлигининг муҳтамал таъминотчиларга қўядиган талаблари намойиш қилинган.

Американинг ТМС ширкати АҚШ Қуролли кучлари эҳтиёжлари учун қурилиш материаллари етказиб беришга ихтисослашган ширкат бўлиб, унинг Термиз шаҳрида икки омбори бор. Афғонистонга юборилаётган қурилиш материаллари айнан шу омборлардан юклаб жўнатилади.

Регнум ахборот агентлигининг Ўзбекистон статистика қўмитаси маълумотларига таянган ҳолда хабар қилишича, 2009 йилда Ўзбекистон-Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 703,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлиб, бунда ўзбек экспорти ҳажми 703,8 миллион долларни ташкил қилади. 2008 йилда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми қарийб 523 миллион АҚШ долларини ташкил қилганди.
XS
SM
MD
LG