Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:11

Бир қўлда гўдагу бирида ўроқ


Кузатувчиларга кўра, тожик аёллари мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам ўта оғир шароитда меҳнат қиладилар.
Кузатувчиларга кўра, тожик аёллари мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам ўта оғир шароитда меҳнат қиладилар.

Тожикистонда аёлларга нисбатан зўравонлик олдини олиш муаммоси билан шуғулланаётган “Гулрухсор” марказида 13 март куни анжуман бўлиб ўтиб, унинг қатнашчиларига ХХI асрдаги Тожикистон аёли тимсолини яратиш вазифаси топширилди.

Бир қўлида гўдак, иккинчисида ўроқ, белида пахта териш учун фартук, кўкрагида Ер шарининг икки бўлаги, белида эса Россиядан тортиб Бирлашган Араб Амирликларигача бўлган мамлакатлар чегара хизматларининг муҳрлари босилган аёлни акс эттирмиш расмга биринчи ўрин берилди.

Расм муаллифи Фируз Комил фикрича, бу мардикор, заҳматкаш аёл наинки бугунги тожикистонлик, балки бутун Марказий Осиёдаги кўплаб аёлларнинг тимсолидир. Расмдаги аёл прототипини ўз кўзингиз билан кўриш учун узоққа бориш шарт эмас. Уйингиздан чиқиб, кўча-куй, бозорлардаги аёлларга назар ташласангиз кифоя.

- Бугунги тожикистонлик аёл дарҳақиқат қул сифатида ишлатилмоқда. Расмда бир қўлида бола, иккинчисида ўроқ, белида пахта териш учун фартук мана шу қул аёл тимсоли. Қайси замонда аёллар мардикорлик қилибди ёки ватанини тарк этиб, ўзга мамлакатга фоҳишабозликка кетибди? Кўкрагида Ер шарининг икки бўлаги, белида чегара пунктлари муҳрлари мана шундан далолат, дейди рассом Фируз Комил.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Тожикистон аёлларининг аҳволи оғир, лекин ҳукумат бу ҳолатни кўриб-кўрмасликка олмоқда. Чунки аёллар турмуш даражасини кўтаришга қаратилган давлат, парламент томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган ҳужжатлар ишламаяпти.

- Юзлаб аёлларимизнинг рўзғор тебратиш мақсадида ўзга юртга мардикорликка кетиши миллатимизнинг энг оғриқли муаммоси, деб ҳисоблайман. Ахир хотин-қизлар бўлажак фарзандлар оналари-ку. Улар йил-ўн икки ой белини букиб, далада меҳнат қилаяпти. Россия ва бошқа мамлакатларда мардикорлик қилиб, соғлиғини йўқотиб қайтмоқда. Жумладан, республикада ОИТВ ва бошқа даҳшатли касалликлар сўнгги йилларда айнан мардикорликка борганлар сабаб кўпаймоқда. Нима учун ҳукумат бу ҳақда ўйламаяпти? дея савол ташлайди таҳлилчи Суҳроб Муҳсинов.

Сўғдлик Мўътабарнинг турмуш ўртоғи ишсиз қолганидан сўнг, оғир шароит уни пул топиш учун Сургут шаҳрига кетишга мажбур килди. Тўрт йилдирки, узоқ ўлка бозорларидан бирида оддий ишчи бўлиб ишлайди. Унинг айтишича, Россияда мардикорчилик қилаётган ўзбеку тожик аёлларининг сон-саноғи йўқ.

- Россияга эркаку аёл бир мақсадда – пул ишлаш учун боради. Масалан, биз ишлаётган бозорда юзлаб тожику ўзбек аёллари бор. Уларнинг кўпи шу бозорда ётиб қолади. Ўн рублдан пул йиғиб, милиция вакилларига беришади. Бошқа бир қисми эса ўрмонда ётиб юради. Ижара ҳақини беришга қурби етмайди. Уйига, болаларига жўнатиши керак. Оғир,жуда оғир, лекин на илож – мажбурмиз, дейди Мўътабар.

Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, хотин-қизлар Россия бозорларида энг қора ишларни бажарадилар. Кўча тозалаш, супир-сидир, ахлат тозалаш, картошка ва пиёз саралаш ҳамда бошқа ишларнинг барчаси марказий осиёлик аёллар қўлида. Улар ишлаб топган озгина пулга эса маҳаллий милиция ходимлари доим шерик.

Тожикистонда аёлларга нисбатан зўравонлик олдини олиш муаммоси билан шуғулланувчи “Гулрухсор” маркази вакили Гулчеҳра Раҳмонованинг сўзларига кўра, илгари оиланинг ягона боқувчиси эр бўлган ва бу тушунча деярли барчанинг онгига ўрнашиб қолган эди. Лекин бугунги бозор иқтисодиёти шароитида аёллар эркаклардан қолишмай рўзғорни тебраётганини кўриш мумкин.

- Бугун кўп эркаклар ишсиз, уйида ўтириб қолган. Аёллар эса оиласини боқмоқда, десам хато бўлмайди. Бу бир томондан яхши, ниҳоят аёллар оила бошқарувини қўлга олмоқда. Бошқа томондан эса бундай вазият, эркаклар тассавурида гўё инсон шахсиятини камситади. Оқибатда оила бузилмоқда, дейди Гулчеҳра Раҳмонова.

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилотлар вакилларининг сўзларига кўра, шу пайтгача Тожикистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ва оиладаги ўрнига етарлича баҳо бермай келинган. Бу тушунчани ўзгартириш вақти келганини қайд этаётган нодавлат ташкилотлар вакиллари ўзаро бирлашиб, мазкур муаммо юзасидан парламентга қонун лойиҳаси тайёрлаб жўнатиш тараддудидалар.
XS
SM
MD
LG