Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:12

Паркентдаги норозилар ҳарбийлар қуршовида қолмоқда


Айтилишича¸ ҳозирда Навбаҳор маҳалласи қуролли кучлар билан қуршаб олинган.
Айтилишича¸ ҳозирда Навбаҳор маҳалласи қуролли кучлар билан қуршаб олинган.

Гарчи Навбаҳор маҳалласи аҳли Паркентнинг ҳали газ кўрмаган бу қисмига газ олиб келиш ташаббусини бошлаб жиноятчига чиқарилган Азамат Ëқубовнинг озод этилишига эришган бўлса-да¸ маҳалланинг Ўзбекистон қуролли кучлари назоратида қолаëтгани айтилмоқда.

11 март куни Паркент туман ҳокимияти олдида 200 га яқин одам йиғилиб¸ Навбаҳор маҳалласининг собиқ раиси Азамат Ëқубовнинг озод этилиши талаб қилди. Халқдан ножўя тарзда пул йиғиб¸ унинг бир қисмини ўзлаштирганликда айбланаëтган Ëқубов 10 март куни Паркент туман Ички ишлар бўлими томонидан ушланиб¸ ҳибсга олинган эди. Навбаҳор маҳалласи аҳли эса¸ Ëқубовнинг халқ учун қайғурадиган¸ бировнинг ҳаққига хиëнат қилмайдиган одам эканини айтиб¸ унинг фитна нишони бўлганини таъкидламоқда. Жума куни прокуратура қарорини кутган навбаҳорликлар¸ агар Ëқубов озод қилинмаса¸ Тошкент вилояти ҳокимлиги биноси олдида норозилик йиғини ўтказишга қарор қилган эди.

Душанба куни маълум бўлишича¸ Азамат Ëқубов¸ туман прокурои ваъда қилган каби¸ 13 март куни озод қилинган. Буни Озодлик суҳбатлашишга муваффақ бўлган Азамат Ëқубовнинг ўзи ҳам тасдиқлади.

Азамат Ëқубов: Очиқдаман ҳозир. Мен 10 мартда кирган бўлсам¸ 13 мартда чиқдим. 72 соат ўтирдим.

Озодлик: Нимада айблашаяпти сизни?

Азамат Ëқубов: Мени “Халқнинг пулини еб қўйгансан” деб айблашаяпти. Лекин халқнинг пули ишлатилган¸ еб қўйилмаган. Ҳозир прокурор шуғулланаяпти. Гумондор сифатида мени сўроққа таклиф қилишди.

Озодлик: Қанча миқдордаги пул ҳақида гап кетаяпти?

Азамат Ëқубов: Аҳолидан баëннома асосида 11 миллион 495 минг йиғилган. 9 миллион 447 минг 681 бу қилинган иш уларнинг ўлчови бўйича.

Озодлик: Сизнинг ўлчовингиз бўйича қанча?

Азамат Ëқубов: Менинг ўлчовим бўйича 23 миллион ëзилган. Лекин иш охирига етмаган. 549 минг мен¸ сметани янгилаш керак¸ квитанция бор¸ нима қилганман.

Озодлик: Ҳозир прокуратуранинг сизга қўяëтган камомади қанча?

Азамат Ëқубов: Тахминан 4 миллионга боради. Уларнинг ҳисоби бўйича қилинаëтга ишда. А так мен 23 миллионлик иш бажарганман.

Озодлик: Даъвогар ким?

- Даъвогарни мен билмайман. Мен прокуратурага ариза ëзганман. Менинг қилаëтган ишимга проект бор, ҳаммаси жойида. Рухсат бериб қўйишди. Проектим жуда ҳам яхши. Смета ҳам янги қилинган. Ҳокимнинг ўзи рухсат берди. “Азамат ака¸ босинглар” деди. Ишлар бажарилгандан кейин ишимни тўхтатиб қўйди. Облгаз менга рухсат берган. Лекин Облгазнинг ўзи яна ишимни тўхтатиб қўйган. “Нима учун менинг ишимни тўхтатдинглар? Шунга жавоб беринглар” деб прокурорга ариза ëзиб бердим. Прокурор мени ўзимнинг аризам бўйича энди ўзимни ноқулай аҳволга тушириб қўйди. Менинг проектимни тўхтатиб қўйиб¸ бошқа томондан ўша маҳаллани газлаштириш лойиҳасини кимларгадир кимлар сотиб юборди, дейди Озодлик билан суҳбатда Паркентдаги воқеаларнинг бош қаҳрамони Азамат Ëқубов.

Азамат Ëқубовнинг иши билан яқин таниш Паркент ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг маъсули¸ Озодлик билан суҳбатда ишнинг расмий жиҳатларига ойдинлик киритди.

- Шанба куни эҳтиëт чорасини ўзгартирдик. Озод қилинди. Ҳозир тергов давом этаяпти. Тергов тамом бўлгунча ўртадаги фарқнинг бир қисмини кассага депозит ҳисоб рақамига тўлади. Тергов давом этади. Шунга қараб тергов натижаси бўйича ҳал қиламиз.

Озодлик: Нимада айбланаяпти бу одам?

- Бу одам маҳаллага газ олиб келаман деб халқдан пул йиққан. Текширишда эса халқдан йиғилган пулнинг бир қисми йўқ. Ўзи нотўғри иш қилган. Ўзбошимчалик билан стойкалар қўйган¸ Юқори Чирчиқ туманидан бу ëққа тортиб келмоқчи бўлган. Фактический у ëқда газнинг давлениеси йўқ. Одамлардан йиққан. Тўрт ярим миллион пул йўқ. Шунинг эвазига у ҳибсда. Тушунсангиз керак¸ қамоққа санкция олинмади¸ ушланди. Зарарни қоплагин¸ деб унга қонун талаби тушунтирилди. У бўлса “Хўп¸ хўп. У қилганман¸ бу қилганман. Кўрсатаман¸ уйимда турибди” деб юриб¸ ундан кейин ушланди. Икки кундан кейин умумий суммадан бир қисмини тўлади ва эҳтиëт чораси ҳам ўзгартирилди¸ деди Паркентдаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг маъсули.

54 ëшли Азамат Ëқубов беш йил раислик қилган Навбаҳор маҳалласи аҳли¸ унинг айбсизлиги ва маҳаллага газ олиб келиш лойиҳаси райондаги бой одамлар режасига халал бергани учун¸ Ëқубовнинг туҳматга дучор бўлганини айтмоқдалар.

Навбаҳорликлардан бирига кўра¸ ҳозирда Ëқубовга қарши ишни катталаштириш учун маҳалла аҳлига босим ўтказилмоқда.

- Энди ҳозир бошқача бўлаяпти. Пул берган одамларнинг ҳаммасини чақириб олиб “Нимага ариза ëзмаяпсан? Ариза ëз” деб ëтибди улар. “Ариза ëзиб беринглар. Бизлар Азаматдан пулларингизни қайтариб олиб берамиз” деган маънода айтаяптида.

Озодлик: Маҳалла аҳли нима дейди?

- Маҳалла аҳлининг ҳаммаси Азамат томонда. Одамлар “Бизлар хайрия сифатида бердик маҳаллага. Газ олиб келса¸ яна берамиз” дебди. Ҳозир одамларни тўртта-тўрттадан чақираяпти. Дачанинг раисларини чақираяпти. Ўшаларга ҳам “Ариза ëзинглар” дебди. “Нимага ариза ëзамиз бизлар?” деса¸ “Азамат газ олиб келаман деб договор қилган эканку. Вақт ўтиб кетдику” дебди. Кейин улар “Бизларга беш йилдан кейин олиб келадими ишқилиб олиб келса бўлди. Бизларга бунақа гапларни гапирма” дебди. Ҳозир улар ҳам норози. “Пулни биз берган бўлсак. Нимага улар решат қилади? Биз ўзимиз решат қилмасдан у решат қиладими?” деяптида. Кеча¸ якшанба куни бир рота солдатларни олиб келиб қўйган.

Озодлик: Солдатларни нима учун олиб келишди?

- Чунки биз бозорга чиқиб митинг қиламиз деган эдик.

Озодлик: Қанча аскар бор?

- 50-60 та бор.

Озодлик: Ҳаммаси қуролланганми?

- Ҳа.

Озодлик: Ҳарбий техника йўқми?

- Йўқ. Машиналари бор¸ бор дейди Азамат Ëқубов атрофидаги машмашадан яхши хабардор паркентликлардан бири.

Паркент воқеаларини ўрганган мустақил журналист Василий Марковга кўра, ҳақиқатдан ҳам паркентликлар Азамат Ёқубовни ҳурмат қилишади.

- Мен Азамат Ёқубовнинг ҳибсга олинишини ўрганиш учун у яшаган Навбаҳор маҳалласига бордим. Маҳалла аҳли билан суҳбатлашдим. Уларнинг барчаси Азамат Ёқубов ҳақида фақат яхши гапиришди. Лекин мен маҳалла жуда катта назорат остида эканига гувоҳ бўлдим, дейди журналист.

Василий Марковнинг Озодликка билдиришича, у 13 март куни Навбаҳор махалласида бўлиб ўтган норозилик акцияси тафсилотлари юзасидан ахборот йиғишга уринаётган пайтида милиция ходимлари томонидан қўлга олинган.

- Маҳаллага борганимда жуда кўп одамлар билан суҳбатлашдим. Тахминан 15-20 одам мени ўраб олиб, Азамат Ёқубовнинг қанчалик яхши одам эканлиги ҳақида гапириб бераётган эдилар. Бу четдан қараганда стихияли митингга ўхшаб кетарди. Менимча¸ милиция ходимларига кимдир буни етказган ва улар келиб мени ушлаб кетишди. Мени ёнимда паспортим йўқ эди. Уни чиқиш визаси олиш учун ОВИРга топширгандим. Мени шаҳсимни аниқлашгач қўйиб юборишди, деди Василий Марков.
XS
SM
MD
LG