Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:30

Қирғизистонлик қочқиннинг дараги чиқди


Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев, яқинларининг айтишларича, 26 февралдан буён Душанбе ҳибсхонасида сақлаб турилибди.
Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев, яқинларининг айтишларича, 26 февралдан буён Душанбе ҳибсхонасида сақлаб турилибди.

Душанбеда бедарак йўқолган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматулло Бўтақўзиев топилди. Неъматиллонинг яқинлари у Душанбе шаҳридаги вақтинчалик сақлаш изоляторида тутиб турилганини маълум қилдилар.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматиллонинг укаси Муҳаммадсолиҳнинг гапига қараганда, Неъматиллони Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари Душанбе шаҳар кўчаларида рейд ўтказаётган пайтда қўлга олганлар.

- Яхши одамлар кўп экан, шулар ёрдамида акамни топдим. Ҳозир акам Душанбе шаҳридаги Ички ишлар бошқармасига тегишли вақтинчалик сақлаш изоляторида ўтирибди. Акамнинг ҳолати жудаям танг, қаттиқ дўппослашган, уришган. Акамдан нима исташган - бу бизга қоронғу. Акамнинг юрагиям касал, йиғлайди, гапиролмайди. Хуллас, шундай ҳолат, дейди биз билан суҳбатда Муҳаммадсолиҳ.

Муҳаммадсолиҳ акаси Неъматилло Тожикистон ҳуқуқ идора ходимлари томонидан Қирғизистонга депортация қилинишидан ташвишланмоқда.

Суҳбатдошимиз бу борада бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича идорасига, ЕХҲТ ва барча оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаатнома ҳозирлаганини айтди.

Ўз мурожаатномаси орқали Муҳаммадсолиҳ акаси Неъматиллонинг озодликка чиқишига кўмаклашиш ва имкони борича унга тиббий ёрдам кўрсатилишини сўрамоқчи.

- Ҳозир унга ҳақиқатдан тиббий ёрдам керак. Аммо акам ўша ерга тушгандан буён рўза тутаётган экан. Лекин унинг бу акциясини у ерда ҳеч ким қабул қилмаган, дейди Муҳаммадсолиҳ.

Суҳбатдошимиз айни пайтда ўзи ва яқинларининг ҳам хавфсизлиги таҳдид остида эканини, аммо нима бўлганда ҳам Неъматилло озодликка чиқмагунча ҳеч қаерга кетмасликларини айтди.

Мавзу юзасидан Душанбе шаҳар Ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш изолятори масъулларига ҳам қўнғироқ қилдик.

Телефон гўшагини кўтарган навбатчи ходима Воҳидова ҳақиқатан ҳам Неъматилло Бўтақўзиев деган шахс 15 кундан буён шу ерда сақланаётганини тасдиқлади.

- Ҳозир у камерада ётибди. Уни бу ерга миллий хавфсизлик ходимлари олиб келишган эди. У хорижлик бўлгани учун қоидага биноан миллий хавфсизлик ходимлари тергов қилишаяпти. Ҳамма нарса аниқлаштирилганидан сўнг уни ватанига депортация қилишади, деди Воҳидова хоним.

Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев шу йил 26 февралида БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича Душанбедаги идорасидан чиқиб, ижарага олган уйига қайтаётган чоғида бедарак йўқолган эди.

У бундан бир ой аввал қочқинлик мақомини олиш мақсадида БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича Тожикистондаги ваколатхонасига мурожат қилиш учун Душанбега келганди.
XS
SM
MD
LG