Линклар

"Каримов Назарбоевдан ўрнак олса бўларди.."

  • Садриддин Ашур

Кузатувчилар¸ Ислом Каримовнинг Нурсултон Назарбоевга рақиб сифатида қараши минтақавий интерграция йўлидаги жиддий тўсиқлардан биридир.

Кузатувчилар¸ Ислом Каримовнинг Нурсултон Назарбоевга рақиб сифатида қараши минтақавий интерграция йўлидаги жиддий тўсиқлардан биридир.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг 16-17 март кунлари Тошкентга қиладиган расмий ташрифи олдидан ўзбек-қозоқ муносабатлари вазиятидаги салгина тебранишни ҳам ўз танасида ҳис қилиб яшаëтганлар ана шундай тилак билдиришди.

Мустақиллик йилларида муносабатлари яхши қўшничилик¸ ҳамкорлик ва интерграциядан кўра кўпроқ шахсий рақобатга асосланган Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг навбатдаги учрашувидан нималарни кутмоқдасиз?

Ўзбекистоннинг Қозоғистонга чегарадош бўлган Сирдарё вилоятида яшовчи ўқитувчи Абдураҳмоннинг айтишича, икки давлат раҳбарлари учрашуви чоғида муҳокама қилинишга муҳтож бўлиб турган масалалар талайгина.

Абдураҳмон: Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга келишидан ўзбекистонликлар кўп нарса кутади. Биринчидан¸ Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиëда аҳолиси бўйича ҳам¸ табиий ресурслари бўйича ҳам энг бақувват давлатлардан ҳисобланади. Шунинг учун Ўзбекистон билан Қозоғистон қанча яхши ҳамкорлик қилса¸ бир бири билан иқтисодий¸ маданий¸ сиëсий алоқаларни кучайтирса¸ бу Марказий Осиëдаги бошқа давлатларга ҳам яхши бўлади. Менинг фикримча¸ Ўзбекистон билан Қозоғистон ҳар соҳада муносабатларни ривожлантириши керак. Иккита лидер бир бири билан рақобат қилмасдан Марказий Осиëда кейинги 20 йил давомида йиғилиб қолган муаммоларни биргаликда ҳал қилишга ҳаракат қилишса¸ яхши бўлади.

Озодлик: Икки давлат ўртасида йиғилиб қолган муаммолар қайсилар?

- Йўлларнинг ëпилганлиги¸ борди-келдилар¸ масалан¸ туризм соҳасида муносабатларни яхшилаш мумкин. Мана ҳозир сув ресурслари бўйича муаммолар кўпайиб кетаяпти. Шу соҳада ҳам биргалашиб ҳаракат қилишса¸ Тожикистонга ҳам¸ Қирғизистонга ҳам таъсирларини ўтказиши мумкин¸ дейди Абдураҳмон.

Тошкентдаги Қозоқ маданий маркази раҳбари Марат Уқубаевнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда 1¸5 миллион қозоқ истиқомат қилади. Марат Уқубаев бу учрашувдан икки қардош халқ ўртасидаги муносабатлар янада яхшиланиши ва ривожланишига асос бўладиган шартномалар қабул қилинишига умид қилаётганини айтади:

- Нурсултон Абишевичнинг ташрифини жуда катта қувонч билан кутаяпмиз. Ўзбекистонда яшаëтган ўзбек халқи билан бирга жуда катта қувонч билан кутиб олаяпмиз. Бу расмий ташриф иқтисодимизга¸ иккита давлат ўртасидаги бирликка¸ бошқа соҳалардаги ҳамкорликка пойдевор бўладиган учрашув бўлади. Шунга ишончимиз комил. Бизнинг ниятимиз ўзбек-қозоқ халқининг абадий дўстлиги мустаҳкам бўлиши. Олдиндан келаëтган яхши муносабатлар бундан кейин ҳам қолиши керак¸ дейди Марат Уқубаев.

Бироқ, Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида истиқомат қилаётган Шоҳруҳнинг айтишича, аслида Ўзбекистондаги қозоқлар ва Қозоғистондаги ўзбеклар маданий ҳаётида ҳам муаммолар бор. Бу муаммолар ечими икки давлат раҳбарининг ўз шахсий амбицияларидан воз кечишига ва яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатишига боғлиқ, дейди Шоҳруҳ.

- Ҳамма қатори икки томонлама муносабатларнинг яхшиланишини кутамиз. Иқтисодий яхшиланиш¸ иқтисодий ривожланиш¸ чегара муаммолари¸ Чимкентда яшаëтган ўзбекларга дарсликлар¸ ўзбекча радио ва телевидениелар ишга тушса. Бизда умуман йўқда. Телевизор кўрмаймиз ҳам. Газета келади¸ у ҳам сотувларда. Сариқ матбуот дейдию. Ҳозир чегаралардан ўтиш қийин. Яқинда бир танишлар бориб келди. Чегарада тўрт соат турдик дейди. У ëқдан бу ëққа ўтгунча бир кун вақт кетадида. Мен ўзим икки йил бўлди бормай қўйдим. Шу муаммодан қийналиб бормай қўйдим. Йўл оғир. Шу томонлар яхшиланса¸ яхши бўларди. Яқинда бир танишларимиз Ўзбекистон орқали Тожикистонга бориб келди. Биттаси рўмол тақиб олган экан. Милиция ходимлари “Нимага рўмол тақиб олгансан? У ер бу ерда дарс берасанми?” дебди. Яқинда айтишди менга¸ дейди Шоҳруҳ.

Шоҳруҳ чегара масалаларига эътибор қаратди. Ўзбекистонлик Шералининг айтишича, улар ҳар йили Қозоғистон орқали Россияга ишлагани борадилар. Бироқ, дейди у, қозоғистонлик чегарачи ва божхоначилар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ҳаддан ташқари қийнаб юбормоқдалар. Шерали икки давлат раҳбари эътиборини ана шу муаммога қаратишни истади:

- Мен кеча радиода Ўзбекистонга қозоқ президенти ташриф буюришини эшитдим. Қозоғистондан Россиягача юртдошларимиз қанча азоб кўриб келишини назарга олса агар¸ Қорақалпоғистондан бошланади темир йўли. У ердан Бейновгача¸ Бейновдан Актюбинсккача. Ана шу йўллар жуда ëмон бўлиб кетди. Бу ерда талайди. Бизларнинг ўзимизнинг таможня яхши. Ҳеч нарса сўрамай ўтказади раҳмат. Қозоғистон таможняси бошлайди. Ўзининг пулини ҳам олмайди. “Менга рубл топиб берасан. 500 рубл топиб берасан” дейди. Поезд Қозоғистонда бир ярим сутка юради. Россияга кириш олдидан юртдошларимиз пулини тамом қилган бўлади. Бухоро¸ Самарқандгача бўлган аҳоли шу йўлдан келади. Тошкентдан Москвага келадиганлар ҳам йўлда азоб еб келади. Нурсултон Назарбоевдан ва Ислом Каримовдан бунинг олдини олинглар деб сўрамоқчи эдим. Одамларнинг хавфсизлигини таъминласа дейман¸ дейди Шерали.

Норасмий маълумотларга кўра, Қозоғистонга ҳам ҳар йили юз минглаб ўзбекистонлик иш излаб борадилар. Олмаота шаҳри яқинидаги туманлардан бирига оиласи билан кўчиб бориб деҳқончилик қилаётган андижонлик Муҳаббат опа Қозоғистонда эркин ишлаётганларини таъкидлар экан, Ўзбекистонда ҳам ана шундай эркинликлар яратилишини орзу қилади.

Муҳаббат опа: Ўшандан кейин бора олмадик Ўзбекистонга. Чунки бу ернинг нимаси ëқиб қолди. Борганимиз билан яхши яшай олмаймизку. Ўзбекистонда уй-жойимиз¸ ҳамма нарсамиз етарли. Фақат энди жумуш ишлай олмаймиз. Шунинг учун вақтинчаликка Қозоғистонда қолиб кетдик.

Озодлик: Эртага Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Тошкентга бориб Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашар экан. Шу иккита президет учрашувидан сиз нималар истаган бўлар эдингиз? Қайси муаммоларни ҳал қилишини истаган бўлар эдингиз?

Муҳаббат опа: Биринчи илтимосим халқимизни ўз эркинлигига қўйиб берса¸ шароитини яхшиласа¸ фақат оғизда эмас амалда бажарса¸ халқига яхши қараса¸ парвариш қилса¸ вақтида ойликларни етказиб берса¸ сабабсиз тушкунликка туширмаса. Шуни истаб қолардим.

Озодлик: Мана ҳозир сизлар Ўзбекистондан Қозоғистонга келиб ишлаяпсизлар. Қозоғистондаги шароит қандай сизларга?

- Ўтган йили мен олган ерларим ҳақида гапирган эдим. Худога шукур ҳамма нарса етарли. Еб-ичишдан камчилик йўқ. Меҳнат қилсангиз¸ албатта¸ роҳатини кўрасиз. Олдин Жигули машина олган бўлсам¸ кейинги йили иномарка машина олдим. Мана яна ер олиб қўйдим. Ҳамма нарса етарлию¸ фақат ватанимизда йўқмизда. Шуниси етишмайди. Агар мана шу шароитлар¸ ҳамма нарсалар бўлса¸ биз ҳеч нарсадан афсусланмаган бўлардик. Бу ерларга ҳам келмас эдикда. Бунақа шароитлар Ўзбекистонда бўлса¸ биз ўзга юртларда¸ мусофир жойларда сарсон бўлиб юрмас эдик. Бу ернинг президентига гап йўқ. Қозоғистон халқига ҳам¸ бу ерда тушукунликка тушган одамларга ҳам яхши қарайди. Барчага баробар. Шунисидан хурсандмиз. Шуни истаб қолардим. Бизнинг президент ҳам халқига яхши қараб¸ яхши едириб¸ ҳамма нарсани етказиб берса¸ жуда хурсанд бўлардикда¸ дейди Муҳаббат опа.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG