Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:31

Ўзбекистондаги партиялар сайлов пули бўйича ҳисоб бердилар


ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган. Унда ўзбек парламентининг қуйи палатасига кирган партия вакилларининг сиёсий партиялар 2009 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботлари тингланган.

“2009 йил декабр ва 2010 йил январ ойларида бўлиб ўтган кўп партиявийлик асосидаги эркин, демократик сайловлар натижасида янги чақириқ Олий Мажлиснинг профессионал Қонунчилик палатаси шакллантирилиб, унга мамлакатимиз барча сиёсий кучларининг вакиллари кирдилар. Депутатлар сони 120 нафардан 150 нафарга ошганлиги, парламент ишида Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларининг иштирок этиши янги таркибдаги қуйи палатанинг асосий хусусияти бўлиб, бу депутатлар корпусининг қонун ижодкорлиги салоҳиятини, мамлакатимизда ўтказилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни ўз вақтида ҳуқуқий таъминлашга қаратилган, сифат жиҳатидан пухта қонунлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш имкониятини анча оширади”, деб ёзади ЎзА мажлисда сўзга чиққан депутатлар нутқига таянган ҳолда.

Қонунчилик палатаси мажлисида сўзга чиққан депутатларнинг қайд этишларича, сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловларда иштирок этишини молиялаштириш учун улар Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатган номзодлар рўйхатга олингандан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмдаги давлат маблағлари партияларнинг ҳисоб-китоб варағига ўз вақтида ва белгиланган тартибда ўтказилган. Маблағлар сиёсий партиялар томонидан сайловолди кўргазмали ташвиқот воситаларини нашр қилишга, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг телевидение, радио орқали ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чиқишларини, сайловчилар билан учрашувларини, ишончли вакиллар ва бевосита сайлов округларида сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга, сайлов кампаниясини ўтказишга доир турли умумпартиявий тадбирларга сарфланган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг барча сиёсий партиялари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда молиявий ҳамда бухгалтерия ҳисоботларини тақдим этганлар. Улар молия органларига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигига ҳисобот даврида олинган ҳамда сарфланган молиявий ва бошқа маблағлар тўғрисидаги молиявий ҳужжатларни топширганлар.

Айни пайтда сиёсий партиялар ҳисоботлари юзасидан уларнинг Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этишини ва уставда назарда тутилган фаолиятни молиялаштириш учун ҳисобот йилида партия ҳисоб-китоб варағига келиб тушган ҳамда сарфланган давлат маблағлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигининг хулосалари берилган.

Аснода кузатувчилар кўплаб мамлакатлар тажрибасида бор бўлган сайловни молиялаштириш тизими Ўзбекистонда, зарур бўлган тақдирда, сиёсий пишанг вазифасини ўташи мумкинлигини айтадилар. Гарчи ўзбек парламентига фақат президент Каримов сиёсатини тўла дастаклайдиган партиялар кирган бўлса-да, кузатувчиларга кўра, ўрни келганда молиявий назорат органлари воситасида бу партиялар тизгинини янада қаттиқроқ тортиб қўйиш имконини берувчи эҳтиёт чораси иқтидордаги расмийлар учун ортиқчалик қилмайди.
XS
SM
MD
LG