Линклар

logo-print

Қирғизистонда ахборот қамали бошландими?


Душанба куни ЕХҲТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси биноси ёни пикет ўтказган намойишчилар "Озодликка озодлик", "Ҳамманинг оғзини юмолмайсиз" каби шиорларни кўтариб олган эдилар.

Душанба куни ЕХҲТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси биноси ёни пикет ўтказган намойишчилар "Озодликка озодлик", "Ҳамманинг оғзини юмолмайсиз" каби шиорларни кўтариб олган эдилар.

15 март куни ЕХҲТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси олдида Озодлик радиоси қирғиз хизмати эшиттиришларининг мамлакат ичкарисида тўхтатиб қўйилишига қарши норозилик намойиши бўлиб ўтди. Мазкур акцияда 200 чоғли киши қатнашди.

ЕХҲТнинг Бишкек ваколатхонаси олдида бўлиб ўтган намойиш иштирокчилари орасида парламент депутатлари, таниқли мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсатчилар бор эди.

Норозилар халқаро ҳамжамият эътиборини Қирғизистонда сўз эркинлиги босим остида қолаётганига қаратиш мақсадида мазкур тадбирни ЕХҲТ ваколатхонаси олдида ўтказишга қарор қилганларини айтдилар.

Намойишчилар олдига чиққан ЕХҲТ ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Лилиан Дарий “Азаттиқ” радиоси эшиттиришлари трансляцияси 10 мартдан бошлаб мамлакат ичкарисида тўхтатиб қўйилиши ташвишли ҳолат эканинини билдирди.

- “Азаттиқ”нинг тўхтатилиши бизни ҳам ташвишлантирмоқда. Мазкур радио эшиттиришларининг мамлакат ичкарисидаги радиостанциялар томонидан трансляция қилиниши Қирғизистонда сўз эркинлиги нисбатан борлигига далил эди, деди Лилиан Дарий.

Намойишда иштирок этган Қирғизистондаги сиёсий таъқибларга қарши кураш қўмитаси раиси Тўпчубек Турғуналиев тадбирда сўзлаган нутқи чоғида қирғиз ҳукумати сўз эркинлигини режалаштирилган тарзда йўқ қилиб бораётганини айтди.

- Журналистлар, сизларнинг ҳамкасбларингиз сиёсий бошпана излаб, бошқа давлатларга кетишга мажбур бўлмоқда. Сўнгги 3-4 йил ичида Қирғизистонда сўз эркинлиги мунтазам топталмоқда, деди Тўпчубек Турғуналиев.

15 март куни кечга яқин Қирғизистонда мухолифат нашри бўлмиш “Форум” газетасининг 7 минг нусхаси милиция ходимлари томонидан мусодара қилингани маълум бўлди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги бунинг сабабларини изоҳлашдан бош тортаётир.
Айни шу куни Би-Би-Си радиоси қирғиз хизматининг трансляцияси ҳам тўхтатиб қўйилган.

Бундан олдинроқ эса Қирғизистонда Фарғона ру, Центразия, Белий параход интернет нашрлари блок қилинди.

Қирғизистон бош вазири Данияр Усенов журналистларнинг бу борадаги саволларига жавоб берар экан, мазкур вазиятдан хабарсиз эканини, шунинг учун ҳам бирон изоҳ бера олмаслигини айтган.

Қирғизистондаги таниқли сиёсатчи Бўлўт Шерниёзов фикрича, президент Бакиевга яқин доираларга алоқадор бўлган бизнесмен Евгений Гуревичнинг Италия суди томонидан мафияга алоқадорликда айблангани ва Рим суди уни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқаргани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлгач, мамлакатда сўз эркинлигига нисбатан босим кучайган.

Евгений Гуревич президент Бакиевнинг ўғли Максим Бакиевнинг бизнес ҳамкори сифатида кўрилади. Евгений Гуревичнинг “MGN Group” ширкати ҳукуматга қарашли қимматбаҳо қоғозларни ва маблағларни бошқарар эди.

- Италия мафиясининг аъзоси Гуревичнинг Қирғизистонга келиб, мамлакатнинг бутун тоғ-кон бойликлари, жумладан, олтин конларини, давлатга қарашли ширкатларни, қимматбаҳо қоғозларни бошқариши ҳукуматнинг қандай эканидан ёрқин даракдир. Италия мафиясини Қирғизистонга олиб келган одамлар ва мамлакат бойлигини мафия бошқарувига бериб қўйган одамлар ўз вилмишлари учун жавоб бериши керак. Мана шу масала кўтарилмаслиги, халқ вазиятдан бехабар бўлиши учун ҳам бугунги кунда матбуот эркинлиги бўғилаяпти, деди Бўлўт Шерниёзов.

Айни пайтда Қирғизистон президенти котибиятининг мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Илим Қарипбеков ҳориж радиоларининг мамлакат ичкарисидаги трансляцияси тўхтатилиши, интернет сайтларнинг блок қилинишига президент маъмурияти алоқадор эмаслигини айтди.

- Бу жараёнга ҳукумат амалдорларининг таъсири бўлаяптими ёки йўқми, деган саволга жавоб излаяпмиз. Шунинг учун ҳам мазкур фактлар юзасидан президент котибияти мустақил текшириш-тергов ишини олиб боради, деди Илим Қарипбеков.

Бироқ мустақил кузатувчилар фикрича, Қирғизистон ҳукумати мамлакатда мухолифат томонидан ўтказилиши кутилаётган кўпминг кишилик норозилик намойишлари арафасида матбуот эркинлигини чеклашга уринмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG