Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:38

"Ўзбекистондаги партияларга сариқ чақа ҳам бермас эдим..."


Оддий ўзбекистонликлар¸ Ўзбекистондаги партиялар кўп партиявийлик ниқобини ҳимоя қилиш учунгина мавжудлигига ишонадилар.
Оддий ўзбекистонликлар¸ Ўзбекистондаги партиялар кўп партиявийлик ниқобини ҳимоя қилиш учунгина мавжудлигига ишонадилар.

Расман рўйхатга олинган тўрт партиянинг бари давлат бюджети¸ яъни халқ солиқлари ҳисобига кун кўради. Бундан кўп ҳам хабари йўқ ўзбекистонликлар¸ ихтиëр ўзларида бўлса¸ уларга бир пул ҳам бермасликларини айтадилар.

ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган. Унда ўзбек парламентининг қуйи палатасига кирган партия вакилларининг сиёсий партиялар 2009 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботлари тингланган.

Ўзбекистондаги барча сиёсий партияларнинг бюджет маблағларидан молиялаштирилади. Бироқ оддий ўзбекистонликлар солиғи ва мамлакат табиий бойликларини сотиш эвазига тўлдириладиган бюджетдан маблағ олиб фаолият юритадиган бу партиялар қанчалик аҳолига дарддош ва қайғудош? Ўзбекистонлик оддий киши қайси сиёсий партияга ўз маблағини беришни истайди? Бу савол билан биз оддий ўзбекистонликларга мурожаат қилдик:

Сирдарё вилоятидан Алишер:


- Жуда оғриқли савол бердингиз. Ҳозир бу жуда сийқаси чиқиб кетган гап бўлса ҳам айтишим мумкин: бу чўнтак партияларга маблағ беришга мен умуман тарафдор эмасман. Чунки уларнинг бизнинг кўнглимиздаги ишни қилишига кўзим етмайди. Бу партиялар билан халқнинг орасида жуда катта жарлик бор. Менинг тушунишимчада. Бу партиялар партия эмас. Уларнинг партияликка даъво қилишга ҳеч қандай ҳаққи ҳам йўқ. Улар бюрократик ташкилот холос. Халқнинг ичида бирорта одам¸ биз ҳам халқнинг ичида юрамиз¸ оддий одаммиз¸ ҳали бирортаси бир партиянинг ўзига қиладиган яхшилик томонларнини кўргани йўқ. Мен ўзим сайлов ташкилий ишларида қатнашдим. Сайловнинг қанақа ўтганини ҳам кўрдим. Мен олдинги сайловларда ҳам қатнашганман. Сайлов участкасида раис ҳам бўлганман. Овозларнинг қанақасига тақсимланишини ҳам¸ кимнинг гапи билан қилинишини ҳам – ҳаммасини ўз кўзим билан кўриб чиқдим. Шунинг учун мен аниқ айтишим мумкин сиëсий партияларнинг¸ бизнинг имкониятимиз йўқ бу нарсага аралашишга. Давлат нима қилса ўзи билади. Қанча маблағ беради. Бу давлатнинг партиясию. Мана сайловда қатнашган ўзимизнинг депутатлар. Масалан сайладик¸ Олий Мажлисга депутат бўлиб сайланди. У боргандан кейин биз билан алоқаси тамоман узиладику. У фақат уларнинг музикасига ўйнайдику. Бизнинг сайлаганимиз нимаю¸ сайламаганимиз нима. Биз фақат бажарувчи бўлиб қолдик холос. Мен энди ўзимнинг “Депутатга” деган шеъримни айтиб бермоқчиман.

Сайлов сенга сийлов¸ балки ўтарсан¸
Элнинг назарида кўп овоз олиб¸
Мухолифларингни ютарсан¸
Музаффар бўларсан ва ғолиб.

Лавозим муборак¸ депутат¸
Нишони ялтирар кўксингда¸
Осмондан қарасанг биз ҳилқат¸
Гўëки яшаймиз ўкинмай.

Кошона қурасан марказда¸
Мол-дунë ортади кўп мўмай¸
Дам олиб қайтарсан Кавказда¸
Нутқлар ўқийсан эринмай.

Нур сочиб қаршилар келажак¸
Авлодинг яйрайди ортингда¸
Тўрт-беш йил сен учун нокерак¸
Сайловчи эзилар остингда.

Сўнг яна сайлов¸ сийловлар¸
Эл кўзин бўяйсан қайтадан¸
Ҳурпайган¸ буркайган мўйловлар¸
Салгина эгилар атайдан.

Шу яхлит йиғилар овозлар¸
Шу тахлит сайловлар ўтади¸
Эвини тополган шоввозлар¸
Гўл халқни доимо ютади.


Тошкент вилояти, Бекобод шаҳридан Наримон:

- Мен умуман бирор бир партияга ўз кўмагимни бермаган бўлардим. Сабаби ҳозирги партиялар олиб бораëтган иш талаб даражасида эмас. Давр талаби даражасида эмас. Қўпол қилиб айтганда байроқ булар. Шамол бир тарафдан эсса¸ иккинчи тарафга қараб ҳилпирайди. Шамол йўналишини ўзгартирса¸ ўша томонга қараб ўзгарадида булар. Уларнинг ўзининг маълум бир фикри йўқ¸ маълум бир стратегияси йўқ. Менимча¸ булар халқ учун¸ омма учун бирор бир янгилик¸ бирор бир эзгу иш қилиб бера олмаса керак. Халқнинг ночор ҳолатдалиги¸ бошқа бўлаëтган ҳолатлар шундан далолат беради деб ўйлайман. Агар булар ҳақиқатан элим деб¸ юртим деб¸ ўша юртбоши айтгандай ëниб яшайдиган бўлганда¸ Ўзбекистонда анча-мунча олдинга силжиш бўлган бўларди.


Тошкент шаҳридан Абдували ота:

- Қанақа қилиб пул бераман¸ нимага пул бераман? Бу партиялар қўғирчоқ партиялар. Ҳеч қайси партия партия бўлиб¸ халқнинг хизматини қилиб¸ бошқа қилган партия эмас. Битта депутатга овоз бердик. Бунисида эмас¸ бундан олдингисида. Лекин у дастурларнинг ҳаммасини бажармади. Мен “20-25 фоизини бажарсангиз ҳам дўппимизни осмонга отардик” десам¸ “Ҳа бажарамиз” деб умуман бажаргани йўқ. Мажлисда ўтирган депутатлар фақат ўзини ўйлайдиган депутатлар. Бошқа нарсани ўйламайди булар. Охирги бўлган сайловга чиқмадим ҳам¸ овоз бермадим ҳам. Чунки буларга ишонмайман. Буларнинг ҳеч қанақа фойдаси йўқ. Фақат қонун қабул қилинади. Қонун ишлайдими ишламайдими буларнинг иши йўқ. Ҳеч қайси депутат сайловчиларга ҳисобот бериб улар билан учрашган эмас.


Жиззахлик Абдусаттор:

- Мен бу саволингизга аниқ жавоб бера олмайман.

Озодлик: Нега?

- Мен ўзим партия нималигини тушунмайман.

Озодлик: Ўзбекистонда сиëсий партиялар борлигини биласизми?

- Биламан.

Озодлик: Қайсиларини?

- Ака¸ узр. Биттаси чақириб қолди. Кейин телефонлашамиз.


Тошкент шаҳридан Абдуқаҳҳор Мусаев:

- Ҳозирги пайтдачи бу тўртта партияга сариқ чақа ҳам бермас эдим очиғи.

Озодлик: Нега?

- Чунки бу партияларнинг халқимизга зиëни бўлса зиëни борку¸ лекин фойдаси йўқ. Битта партия ўша КПСС тўртга бўлинган. Бу менинг ўзимнинг шахсий фикрим. Уларнинг ичида халқнинг дардини эшитадиган одам йўқ. Чунки менинг бошимдан ўтдида. Улар халқ учун ҳеч қачон жон куйдирмаган. Булар чўнтагини тўлатиб¸ эртага бошқаси президент бўладиган бўлса¸ ура-ура қиладиган одамлар. Булар халқнинг дардини президентга озгина бўлса ҳам етказадиган партия эамс. Чунки кўраяпман. Мана пойтахтдаман. Экранга чиқиб олиб¸ телевизорга чиқиб олиб қуруқ аравани олиб қочишаверади. Даже мен ўзим Адолат партиясига бориб мурожаат қилганман. Сариқ чақалик фойдаси йўқ. Қани эди халқни ўйлайдиган партия тузилса. Йўқ. унинг ҳам иложи йўқ. Йўл қўйилмайди. Ўзининг қорнини ўйлайдиган партиялар. Улар халқни ўйламасдан¸ ўйламайди ҳам. 100 йил турса ҳам шундай тураверади. Олтин қафасдаги тўтиқушлар десам ҳам тўғри келади. 20 йил бўлди¸ 20 йил. Кўзи кўр¸ қулоғи гаранг партияларда булар. Булардан ëруғлик чиқмайди. Менинг фикрим шунақа.
XS
SM
MD
LG