Линклар

Евроҳудуд Грецияни бўҳрондан қутқармоқчи


Грециядаги молиявий бўҳрон евро пул бирлиги тақдири борасида хавотирларга сабаб бўлмоқда

Грециядаги молиявий бўҳрон евро пул бирлиги тақдири борасида хавотирларга сабаб бўлмоқда

Евро пул бирлиги зонасига кирувчи мамлакатларнинг молия вазирлари катта қарзлари туфайли синиш ёқасига келиб қолган Грецияни қутқариш режаси бўйича келишиб олди.

Бир неча ҳафта давом этган оғзаки ваъдалардан кейин еврозона мамлкатлари муккасидан қарзга ботган Грецияни молиявий бўҳрондан қутқариш режаси бўйича келишиб олди.

Еврозонага кирувчи 16 давлат молия вазирлари душанба куни Брюсселда тунгача мажлис қилиб, режанинг асосий қисми бўйича келишиб олди. Режанинг баъзи жиҳатлари ошкор қилинди, лекин баъзи манбаларга кўра, қутқарув режасида Европа Иттифоқи ҳукуматлари икки томонлама ёҳуд кўп томонлама равишда Грецияга одатдагидан кўра юқорироқ бўлган устама фоизлик кредитларни тақдим қилиши кўзда тутилган. Бироқ кредитлар берилиши кафолатланмайди.

Бу кредитлар тижорат асосида бериладиган пул ўтказмалари сифатида расмийлаштирилгани боис, Европа Иттифоқининг бир аъзо мамлакат бошқа аъзо мамлакат қарзларини ўз зиммасига оламслигга оид иттифоқ қоидаларига зид бўлмаслиги айтилмоқда.

Bloomberg иқтисодий янгиликлар агентлигига кўра, Ҳолландия молия вазири Ян Кеес де Ягер келишувни тижорат операцияси сифатида расмийлаштирилаётганига алоҳида урғу берган. Ягер “Греция бозор иқтисоди қоидаларига кўра, ўз вазиятини ўнгаб олиши учун рағбат ўлароқ берилажак кредитлар” учун расмий Афина одатдагидан кўра юқорироқ устама фоизини тўлашга тайёр бўлиши лозимлигини таъкидлаган.

Европа Иттифоқи расмийлари Грециянинг дефолтга учраши эҳтимолдан йироқ экани ва қутқарув режаси ҳар эҳтимолга қарши ишлаб чиқилганига урғу беришмоқда.

Еврозона раиси ва Люксембург Бош вазири Жан Клод Юнкер, режа хусусида бундай деди.

- Биз юбораётган мужда Греция ҳар қандай ҳолатда қутқариб олинади, дегани эмас. Греция фақат бунга эҳтиёж туғилсагина, қўллаб-қувватланади. Ҳозирча бундай эҳтиёж пайдо бўлади, деб ҳисобламаймиз, лекин бунинг чорасини олдиндан кўриб қўйишимиз керак, деди еврозона раиси.

Франция ва Германия молия вазирлари ҳам қутқарув режасини амалга ошириш эҳтиёжи пайдо бўлиши эҳтимолдан йироқ эканини айтмоқдалар. Греция ҳукумати бўҳрондан чиқиш учун кескин чораларни кўрган ва Европа Иттифоқи расмийлари бу чоралар Афинанинг инқироздан мустақил равишда чиқа олишига кифоя қилишини айтмоқда.

Ўзини-ўзи овутишга қаратилган бу баёнотлар ортида Европа Иттифоқи етакчиларининг бошқа хавотирлари, хусусан, агар Греция дефолтга учрайдиган бўлса, бу Испания, Португалия ва иттифоқнинг катта қарзлардан қийин аҳволда қолган бошқа аъзоларидаги сармоядорлар орасида саросима туғидиришига оид хавотирлари ётибди.

Евро пул бирлиги ўтган йилнинг ноябридан бери долларга нисбатан 10 фоиз арзонлади.

Еврозонага кирувчи давлаталар молия вазирларининг баёноти уларни ўз иқтисодий сиёсатида хатоликларга йўл қўйганликда танқид қилинаётган Греция эмас, айнан евронинг тақдири хавотирга солаётганини аниқ кўрсатмоқда. Баёнотда “Еврозонадаги барқарорликни ҳимоя қилиш” асосий вазифа экани таъкидланади.

Қутқарув режаси кучга кириши учун уни Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатнинг барчаси маъқуллаши лозим бўлади. Бироқ расмийлар режанинг якуний кўриниши 25 мартга белгиланган саммитгача тайёр бўлмаслиги ва бу борадаги муҳокамалар кейинроққа қолдирилиши мумкинлигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG