Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:01

Қирғиз фаоли Душанбедаги мелисахонада йўқолди


Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматулло Бўтақўзиев бу сафар Душанбедаги милиция изоляторида йўқолди.
Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматулло Бўтақўзиев бу сафар Душанбедаги милиция изоляторида йўқолди.

Душанбедаги бошпанасизларни қабул қилиш махсус изоляторида сақланаётган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев яна сирли тарзда йўқолди. Милиционерлар уни изолятордан ким¸қаёққа олиб кетганини билмасликларини айтмоқдалар.

17 март куни эрталаб Озодлик радиосининг Душанбедаги бўлимига мурожат қилган Неъматилло Бўтақўзиевнинг укаси Муҳаммадсолиҳ, акаси камерадан йўқолиб қолгани ва мазкур идора масъуллари унинг қаердалигини сир тутаётганларини хабар қилди.

Қочқинлик мақомини олиш мақсадида БМТнинг Душанбедаги ваколатхонасига мурожат қилиш учун Тожикистонга келган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев 26 феврал куни бедарак йўқолган эди. 15 кун ўтиб¸ унинг Душанбе шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошпанасизларни қабул қилиш махсус изоляторида сақланаётгани аниқланди.

Унинг топилгани ҳақидаги хабар яқинлари қаторида, унинг тақдирига қайғураётган бир қатор ташкилотларни ҳам қувонтирган эди.
Неъматиллонинг укаси Муҳаммадсолиҳ уни Душанбе шаҳридаги таниш -билишлар ёрдамида топган эди.

- Ишонсангиз 15 кун йиғлаб юрдим. Раҳматлик отамиз ўлганда ҳам бунчалик хафа бўлмагандим, лекин акамиз қўққисдан йўқолиб қолганига жуда қийналдик. Энди аввало¸ Худога шукр, деган эди ўша суҳбатда қувончдан кўз ёшларини яшира олмаган Муҳаммадсолиҳ.

Суҳбатдошимиз акасининг Душанбе шаҳар кўчаларида ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўтказган махсус рейд чоғида ҳужжатсизлиги важидан қўлга олиниб, шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошпанасизларни қабул қилиш махсус изоляторида сақланаётганини айтган эди. Орадан икки кун ўтмай, Неъматилло Бўтақўзиев сирли тарзда яна йўқолган.

Унинг қаерга ғойиб бўлганидан ҳатто мазкур идора ходимлари ҳам ўз хабарсизликларини билдиришди.

Душанбе шаҳар Ички шлар бошқармасининг бошпанасизларни қабул қилиш махсус идорасида чоршанба куни навбатчилик қилаётган Шарофов исмли ходим Неъматилло Ботақўзиев сешанба тунда олиб кетилгани, аммо ким томондан, қаёққа олиб кетилганидан хабари йўқлигини айтди.

- Кеча эрталаб сменалар алмашилган пайтда Неъматилло Ботақўзиевнинг фамилияси регистрация китобида бўлган. Лекин бугун эрталаб мен сменани қабул қилганимда, китобда унинг фамилиясини учратмадим. Фикримча, у олиб кетилган, лекин ким томондан, қаёққа бунисини фақат бошлиқлар билишади, буни биз билолмаймиз, деди навбатчи Шарофов.

Суҳбатдошнинг кўрсатмаси билан мазкур идора бошлиғи Маҳмуд Рафиевнинг қўл телефони рақамларини тердик.
Ўзимизни таништиргач, мақсадга кўчиб, Нематилло Ботақўзиев номини тилга олишимиз биланоқ бошлиқ телефонини ўчириб қўйди. Шундан сўнг Душанбе шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийси Рафиев билан қайта уланишнинг иложи бўлмади.

Озодлик радиосининг Душанбедаги бюросига мурожат қилган Муҳаммадсолиҳдан “Неъматилло Қирғизистон томонга қайтарилгандир?” дея сўрадик.

- Йўқ, яна билмадим. Лекин ҳозир, эрталаб менга телефон қилишиб: “Аканг камерасидан номаълум кишилар томонидан олиб чиқиб кетилган” деб айтишди, дейди Муҳаммадсолиҳ қаттиқ қайғуда қолганини яширмай.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоев “Ботақўзиев Миллий хафсизлик қўмитасига олиб кетилган бўлиши мумкин” лигини билдирди.

Тожик расмийси ҳужжатсиз хорижликларни тергов қилиш, улар ҳақида тўлиқ маълумотлар тўплаш фақат Миллий хавфсизлик қўмитаси ваколатида эканини айтиб ўтди.

Албатта, мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасига ҳам бир неча марта қўнғироқ қилдик.
У томондан телефон гўшагини кўтарган ва ўзини таништирмаган ходим Ботақўзиевнинг Миллий хавфсизлик хизматига олиб келинганини на тасдиқлади ва на рад этди.

“Идорамизга мактуб билан мурожат қилинглар. Мактубсиз жавоб берилмайди”, дея билдирди Миллий хавфсизлик ходими.

Неъматилло Бўтақўзиев Душанбеда бедарак йўқолганидан сўнг, қароргоҳи Парижда бўлган инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилот инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш бир қатор халқаро ташкилотларга мурожатнома билан чиқиб, Неъматиллон Бўтақўзиевни топишга кўмаклашишга чақирган эди.

Шу мурожат ортидан дараги Душанбе шаҳридан чиққан қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев атрофидаги воқеаларни бир қатор халқаро ташкилотлар диққат билан кузатиб тургани сезилади.

- Аммо шунга қарамай, бу мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари Тожикистон қабул қилган ва имзолаган инсон ҳуқуқлари бўйича ҳужжатлар талабини қўпол тарзди бузмоқда, дея таъкидлайди ҳуқуқ фаолларидан бири Пайёми Фуруғи.

-Тожикистонда қабул қилинган қонунлар ва бу мамлакат инсон ҳуқуқлари бўйича имзолаган халқаро ҳужжатлар талабига кўра, миллий хавфсизлик ёки бошқа ҳуқуқ идоралари назоратида бўлган ҳар қандай шахсга ўз яқинлари ва адвокати билан бемалол кўришиш ва суҳбатлашиши икмонияти берилиши лозим, дея уқтирди Пайёми Фуруғи.

Неъматиллонинг укаси Муҳаммадсолиҳ ҳам акасининг дараги Душанбедан чиққанидан сўнг юрак касали билан оғриган акасини кўриш ва унинг саломатлигидан тезроқ хабардор бўлиши учун ноқонуний йўл билан бўлса ҳам у билан учрашишга мажбур бўлганини айтган эди.

Айни пайтда Муҳаммадсолиҳни ҳам, унинг тақдирига бефарқ бўлмаган халқаро ташкилотларни ҳам Тожикистон ҳукуматининг Минск Конвенцияси талабига биноан Неъматилло Ботақўзиевни Қирғизистон ихтиёрига топшириши мумкинлиги ташвишга солмоқда.
XS
SM
MD
LG