Линклар

Ўзбекистон фуқароси АҚШ маҳкамасига тортилди


АҚШ Федерал маҳкамасида Ўзбекистон фуқароси одам савдоси билан шуғулланган гуруҳ билан тил бириктирган ҳолда фаолият юритганини тан олди.

KansasCity.com сайтининг хабар қилишича, 30 яшар Жаҳонгир Қаҳҳоров 2007 йилнинг июл-декабр ойлари давомида кичик ширкатга раҳбарлик қилгани ва ўз фаолияти давомида 635 минг АҚШ долларини ноқонуний йўллар билан ўзлаштирганини тан олган. Айтилишича, мазкур гуруҳ юздан зиёд ноқонуний меҳнат муҳожирини АҚШнинг камида 14 та штатига олиб келишга муваффақ бўлган.


-Қаҳҳоров катта жиноий тўданинг кичик бир ўйинчисидир, айтмоқчиманки бир гуруҳ фош қилинганига қарамай АҚШда мингдан ортиқ шахс ишчи визаларини бериш билан шуғулланган. Ҳозир АҚШ расмийлари гуруҳнинг катта аъзолари Асқархўжаев, Эркин Фозилов ва бишқа шахсларни қидирмоқдалар. Уларни жиноий жавобгарликка тортиш борасида ҳукумат ўз режаларига эга,-деди Kansas City Star нашри мухбири Марк Моррис Озодлик билан суҳбатда.

Адвокат Билл Меинерснинг билдиришича, Қаҳҳоров одам савдоси билан шуғулланувчи яширин гуруҳ фаолияти ҳақида терговчиларга маълумотлар етказган.

Маълум бўлишича, 2008 йилда гуруҳ аъзоларидан бири Аброрхўжа Асқархўжаев исмли шахс Қаҳҳоровдан пул талаб қилгандан сўнг у полицияга мурожаат қилиб, терговчилар билан ҳамкорлик қилишга розилик берган.

Сайтнинг билдиришича, прокурорлар даставвал Қаҳҳоровни жиноий жавобгарликка тортишни режалаштирмаган. Бироқ Қаҳҳоров бир муддат АҚШ ҳудудини тарк қилиб ва жорий йил у ерга қайтиб боргандан сўнг унга нисбатан айблов эълон қилинган.
XS
SM
MD
LG