Линклар

logo-print

159 болалари - "Менинг юрагимда отилажак ўқ!"

  • Абдулла Искандар

Фарида опа ҳукуматдагиларни "159 болалари"нинг ўз қалбида ўч орзуси билан улғаяëтганидан огоҳлантиради.

Фарида опа ҳукуматдагиларни "159 болалари"нинг ўз қалбида ўч орзуси билан улғаяëтганидан огоҳлантиради.

"159 болалари" деб номлаганимиз туркумнинг навбатдаги лавҳасига Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Конституцияга тажовуз қилиш"га оид 159-моддаси билан айбланган Ўзбекистон миллий банки ходимининг ўғли¸ тошкентлик 14 яшар Комронни қаҳрамон қилдик.

Ўзбекистон жазо қонунининг 159-моддасида мамлакат конституциявий тузумига тажовуз қилганларга 20 йилгача қамоқ белгиланган. Ота ëки она¸ баъзи ҳолларда ҳам ота¸ ҳам она узоқ йиллик қамоққа ташланар экан¸ улар болаларининг ҳоли не кечади?

"159 нинг боласи” деган тамға болаларнинг ўзидан олдин боғчага, мактабга, маҳалла қўмитаси ва ҳарбий комиссарликка махсус мактуб тарзида етиб боради.

Бу болаларнинг умри қамоқхона эшиклари олдидаги навбатларда ўтади. Уларнинг егани заҳар заққум, эшитгани дарду ҳасрат. Бошини силашга бир меҳрибон қўл, бир оғиз ширин сўз нондай арзанда. Улар қалбидаги алам ва ўч туйғуси улар билан биргаликда улғаймоқда.



Комронбекнинг ҳазин ҳикояси


У туғилган пайтда ота-онаси бахтли бўлсин деб Комрон исмини беришди. Аммо қаҳрамонимиз Комрон ўз исмига монанд xушбаxт бўла олмади. 8 яшар пайтида унинг отасини 159-модда билан айблаб¸ қамоққа олиб кетишди. Ўшандан бери у отасини қамоқда кўради.

Комронбек: Ассалому алайкум.

Озодлик: Яхшимисиз? Соғликларингиз яхшими?

Комронбек: Яхши раҳмат.

Озодлик: Комронбек неча ëшдасиз?

Комронбек: 14.

Озодлик: Отангиз қамалганда неча ëшда эдингиз?

Комронбек: Адам қамалгандами?

Озодлик: Ҳа.

Комронбек: Саккиз ëшми¸ етти ëшми шунақа.

Озодлик: Дадангизни кўришга бориб турасизми? Қачон бордингиз охирги марта?

Комронбек: Октябрдами¸ ноябрдами бордим. Суткалик. Уч кун бирга ўтирилади.

Озодлик: Мактабда ўқишларингиз яхшими?

Комронбек: Яхши¸ бўлади.

Озодлик: Қайси фанларга қизиқасиз?

Комронбек: Тарихга.

Озодлик: Яна нималарга қизиқасиз? Машиналаргами...

Комронбек: Машина энди ҳайдашгаю¸ тузатишгамас.

Озодлик: Мана дадангиз сиздан узоқда. Дадам қамоқда деб хафа бўлган¸ қийналган кунларингиз бўлдими?

- Бошида озгина бўлган. Энди кичкина бўлганмиз. Ҳозир ҳам бор¸ дейди Комронбек.

Комронбек ва яна беш нафар невара мана 10 йилга етибдики бобо ва буви қўлида тарбия топмоқда. Икки ўғли бирданига 159-модда билан қамалган Қаҳрамон ака қўни-қўшниларнинг дашномли қарашларидан чарчаганини айтади.

Қаҳрамон ака: Энди нима дейсиз. Каттасига 10 йилдан ошди ҳозир. Кичкинасига 6 йил берган эди. Олти йил ўтирганидан кейин яна саккиз йил қўшиб берди. Олиб бориб ташлаган жойи Қизилқум. Биттаси Зарафшонда¸ биттаси Қоровулбозорда. Каттасининг тўртта боласи бор. Кичкинасиники иккита.

Озодлик: Болаларингиз қамоққа олинганда неча ëшда эди бу болалар?

Қаҳрамон ака: Катта ўғлимнинг каттаси олти яшар эди. Иккинчиси 2003 йилда олинган. Биринчиси 2000 йилда олинган. Кичкинасиники мана ҳозир 14 ëшга кирган бўлса¸ олти-етти йил олиб ташласангиз¸ етти яшар бўлган экан.

Озодлик: Отам қани деб сўраганми? Мана кириб-чиқиб юрган отаси бирдан йўқ бўлиб қолди. Қани отам деб сўрашдими?

Қаҳрамон ака: Ҳар битта фарзанд сўрайдику отасини. Ҳар кун кўриб турган эртасига кўрмаса¸ дарров сўрайдику.

Озодлик: Кўришга бориб келиб туришадими?

Қаҳрамон ака: Кўришга боришади. Энди бориш ҳам жуда амримаҳол. Йўлкираси қиммат. Тунаш қиммат. Бориб кира олмаган кунлари ҳам бўлади. Ўша ерда бир нималар топиб тунаб қолади. Свиданиени уч кунга берадиган бўлса¸ қўшимча харажат. Ҳаммаси биргаликда ўтириб овқатланиши керак. Борганда тўрт-беш киши бир боришади. Поездга миниб етиб бориш ҳам амримаҳол. Олдин автобуслар кечаси юрарди. Ҳозир юрмайди. Эрталабдан юради. Ишқилиб муаммоси жуда кўп. У ерга борганингиздан кейин олиб борган нарсангизни олса олади¸ олмаса олмайди. Қайтариб олиб келган вақтлари ҳам бўлади.

Озодлик: Маҳкумнинг отаси бўлишнинг оғирлиги бор. Болалар қандай кўтаради буни?

Қаҳрамон ака: Атроф¸ қўни-қўшни ҳаммаси биздан чўчийди. Эшитган билганлар биздан четроқ бўлишга ҳаракат қилади.

Озодлик: Нима тирикчилик билан кун кўраяпсиз? Невараларни қандай боқаяпсиз?

Қаҳрамон ака: Ээээ¸ боқишни гапирманг. Боқишни ишқилиб йўлини қидираяпмиз. Йўли ҳам йўқ. Ота-она биз инвалидмиз¸ пенсионермиз. Иккинчи гуруҳ инвалидимиз. Ҳеч қаердан ҳеч қанақа ëрдам деган нарса бўлмайди. Бир амаллаяпмизда энди. Нарсамизни сотамиз¸ бошқа қиламиз¸ кимдандир пул оламиз. Шунақа қилиб боқаяпмизда.

Озодлик: Мана "159 болалари" деймиз. Қамоқхонага борганда бошқаларнинг ҳам болаларини кўрганмисиз? Аҳволи қанақа уларни? Нима ейди¸ нима ичади?

- Мана каттасининг тўртта боласи бор. Иккитаси бу йил коллежни битирди. Йўл ҳаққи чатоқ. Кичкина қизча боғчага боради. Унга берамиз. Репетирорга пул керак¸ бошқасига пул керак. Ҳамма бор нарсамизни сотиб еб қўйдикда. Ҳаттоки уй-жойни ҳам сотдик¸ дейди Қаҳрамон ака.

Ëши 70 ни қоралаган Қаҳрамон ака ўз вақтида Халқ хўжалик институтида иқтисоддан дарс берган.

Қаҳрамон ака: Булар кўрганни ҳеч ким кўрмаган ҳали. Қандай-қандай таклифлар бермади. Охири “Онангни ечинтириб олиб келиб солдатларнинг олдига ташлаймиз” деб айтиб¸ бўйнига олдиртирган. “Менинг айбим йўқ. Мен ҳеч нарса қилмаганман” деб турса ҳам уриб¸ дўппослаб¸ орқаларини тирнаб¸ иккита оëғини тешиб ташлаган. Тўрт ой қийнашди буни. Тўрт ой қўл-оëғидан ушлаб¸ бетон деворларга уришган. Соғ жойи қолмаган. Тўртта қовурғасини синдиришган. Қўлидаги дубинка билан бошига урган. Бунақа қийноқни ҳеч ким кўрмаган ҳали. Фашистлар ҳам бунақа қийноқ бермаган. Кичкинасини ҳам икки-уч марта қўлларини синдириб ташлашган. Ҳақиқат шунақа. Аччиқ ҳақиқат шунақа.

Озодлик: Ҳар иккала фарзандингиздан нечта неварангиз бор?

Қаҳрамон ака: Олтита.

Озодлик: Улар сиз билан-а?

- Ҳа¸ менинг қарамоғимда. Олган пенсияни дарров шуларга тарқатамиз. Бизга жазо бермаганига шукур қилиб ўтирибмиз. Бизни ҳозир бутун аҳолидан четлатиб қўйган. Бизга ҳаммаси “ваҳҳобий” деб ном қўйиб олган. “Булар ваҳҳобий¸ унақа¸ бунақа” деб биздан қочишади¸ дейди икки ўғли 159-модда билан айбланиб жазо муддатини ўтаëтган Қаҳрамон ака.

"159 болалари" ҳақида гапирар эканмиз "159 оналари" ҳақида ҳам гапиришга тўғри келади. Иккала ўғли 159-модда билан қамоққа ташланган Фарида опа дардини эшитса¸ тош ҳам эрийди.

Фарида опа: Мактабда ҳам барибир аҳвол чатоқда. Қизларни рўмолда қўймайди. Рўмолда умуман мактабнинг тагидаги эшикдан қўймайди. Ўғил болаларни ҳам ҳар доим “Қаëққа бординг? Нима қилдинг?” деб сўроқ қилади. Жума намозига чиқармайди. Шунақалар бор. У ëқдаги болалар ҳам қийналиб ўтиришибди. Болаларга қўшимча муддатлар бериб юборган. Иккинчи ўғлимга ҳам муддати тугагандан кейин анча йил қўшиб берган. Мана шунақа. Жуда аҳвол оғир. Мана яқинда болаларнинг орқасидан боориб келдим. Болалар “Тез-тез келиб туринглар. Булар бир нарсаларни мўлжал қилишаяпти шекилли. Овқат олиб келмасангизлар ҳам бизлардан хабар олиб тез-тез келиб туринглар” дейишди. Ур-ур¸ тўполон. Қоровулбозор особый зона. Битта хонада ўтиришади. Болаларни олиб чиқиб уриб¸ тўполон қилиб¸ рецидивистлар билан уриштириб - мана шунақа ишлар қилишади. Қачон тинчишади булар¸ қачон инсофга келишади билмайман. Невараларим бу ëқда отага зор. Аëллар бўлса онага зор. Болалар ҳам у ëқда оиласини кутади. Олти ойда битта свидание. Унда ҳам тўполон¸ жанжал билан 10 килони зўрға олади. Баттар бўлса бўлаяптики¸ яхши бўлаëтгани йўқ.

Озодлик: Олтита набирани тарбиялаш қанақа бўлаяпти? Оғирлиги сизга тушаяптида.

Фарида опа: Гапирманг¸ гапирманг. Болаларга отасиз жуда қийин. Оналари эплаб эплай олмайди. Болалар икки томондан. Бу ëқдан “Соғлом авлод”¸ “Баркамол авлод” деб буларнинг бошини қотиради¸ иккинчи томондан булар ҳақ йўлни танлашни хоҳлайди. Ўртада аросат. Эртага ким бўлади булар билмайман. Жуда қийин. Шунча ўтирибди. Нима иш қилди оталари? Портлатибдими¸ бошқа қилибдими. Ўзи қилиб¸ ҳаммага тўнкаб¸ болаларни ҳам бунақа қилиб. Ҳаммасининг оталарини мана бу аҳволга келтирди. Лекин болалар тушкунликдамас. Кўчада болаларни кўраман¸ зонага бораман. Оталарини ҳақ деб билишади. “Дадам ëмонлик қилгани йўқ¸ ўғирлик қилганлари йўқ. Ўқиган намозларига ўтиришибди” деб билишади болалар. Кўчадаги ота-оналиклардан яхши. Ўғирлиги йўқ¸ ичкилиги йўқ¸ чекишмайди. Нима десангиз хўп дейишади¸ йўғингизга кўнишади. Бир кунда қозон қайнайдими қайнамайдими болалар кўнишади. Мана шунақа гаплар.

Озодлик: Фарида опа¸ болаларга озиқ-овқат етказиб бера олмасдан қийналган кунларингиз кўп бўлдими? Неварани боқасизми¸ зонага олиб борасизми...

Фарида опа: Қанақа қилай? Боримизча. Дадамнинг пенсияларини ишлатамиз. Ўзимиз емасак ҳам болаларга ташиймиз. Невараларимиз ҳам зонага борганда “Гўшт еб келамиз” деб хурсанд бўлишади. Дадаларини кўриб бирпас қувонишади. Бўлди икки кундан кейин дарров уйга рухсат бериб юборишади. Мана шунақа аҳвол. У ëқда болалар қийналаяпти¸ бу ëқда неваралар қийналаяпти. Кеча бир аëл бориб келибди. Нарсаларини умуман олмабди. Ҳеч нарсасини олмай қайтарган экан¸ олмай ташлаб келибди. Кўчада йиғлаб келаëтган экан. “Нимага келаяпсиз?” десам¸ “Шунақа. Ташлаб келган эдим. Нима қилди экан деб сўрагани борсам¸ уничтожение қилдик деб айтишди” деди. “Нонларни ҳамми?” деб сўраган экан¸ “Ҳа” дейишипти. Нонларни ҳам ëқиб юборишибди. “Уволи тутсин шуларни” деб келаëтган экан. Нима дейсиз энди. Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Давлатнинг олдида ҳеч кимсиз. Гапингиз ҳам ўтмайди¸ айтганингиз ҳам бўлмайди. Невараларнинг кўзига термулиб ўтираверасиз. Гоҳида йиғлашади¸ гоҳида тинчишади. Мана болаларнинг кўплари ота-онага ëрдам беришга бозорларга чиқишаяпти. Эртага ким бўлади булар? Давлатга одам керак эмасми? Гапирсангиз гап кўп.

Озодлик: Ўғилларингиз нима иш қиларди?

Фарида опа: Молияни битирган. Миллий банкда ишлаган. Иккинчиси ҳам Никон заводида ишларди. У ҳам Халқ хўжалиги институтини битирган эди. Иккаласи ҳам олий маълумотли. Каттасига 10 йил бўлди.

Озодлик: Мана шу 10 йил болаларнинг тақдирида қандай кечди?

Фарида опа: Йўлини танлаяпти болалар ҳам. Лекин булар ҳам кўчадаги болаларга қараб гоҳида иккиланади. Гоҳида ҳақиқатни бундоқ ўйлаб кўришадида¸ ўзлари таъбир сўрашади. Жуда қийин бўлаяпти. Қийин бўлаяптию¸ бир томондан хурсанд бўлганим болаларим ëмон болаларга қўшилмади. Ëмон одам бўлишмади. Кўчада сигарет чеккан¸ ичиб юрган қанча болаларни кўраман. 159 билан қамалганларнинг ўғилларининг маст бўлиб юрганини¸ биров билан урушганини кўрмадим. Ўтиришибди сабрда. Кўплари ишлаяпти¸ қизлар турмушга чиқишаяпти. Лекин қизларни турмушга беришаëтганда қийналишаяпти. “Отаси қамалган” деган гаплар чиқаяпти. “Қамоқдагиларнинг қизларини олманглар” деган гаплар ҳам бор.

Озодлик: Маҳалла кўйда чеклаб қўяяптими? “Ваҳҳобийнинг болалари”¸ “159 нинг болалари” деб бармоғини бигиз қилиб кўрсатишлар борми?

Фарида опа: Айтишади. “Отаси қамалган” деб мактабда ҳам қўлининг учи билан кўрсатишади. Кўчада “Отам қамалган” деса¸ “Отанг унақа. Отанг бунақа¸ террорист” дейишади. Болалар “Менинг отам террорист эмас. Ўқиган беш маҳал намози учун қамалди” деб бошини эгмайди. Нимага бошини эгиши керак? Отаси ўғирлик қилиб қамалибдими? Ҳозир давлатнинг миллиардлаб пулларини ўғирлаб ëтишибди. Банкда ҳам ўғирлаяпти¸ корхоналар ўғирлаяпти. Булар нимани ўғирлади? Нима иш қилди? Давлатнинг бир сўмига хиëнат қилишмадику. Эртага жавобини беришадику булар ҳам. Шунинг учун болалардан унақа жуда нолиëтганим йўқ.

Озодлик: Фарида опа¸ қамоқхонада Озодлик радиосини эшитишар экан. Болаларингизга айтадиган гапингиз борми?

- Сабр берсин Худо. Тани-жони соғ бўлишсин. Эсон-омон Оллоҳнинг буйруғи билан чиқиб келишсин. Давлат бошлиғига ҳам Худойимнинг ўзи инсоф берсин. Қилаëтган шунча ишларини тушунсин. Озгина тушунсин. Бекордан бекорга ўтирибди болалар. Шунча ишчи¸ шунча кадрларни қамаб ўтирибди. У ерда ҳаммаси касал. Калтакни еб ўтиришибди. Бари сабрда ўтиришибди. Қайтгин¸ қайтгин¸ қайтгин. Нимадан қайтиши керак? “Нимадан қайтайлик? Бизлар ëмон иш қилибмизми¸ жиноят қилибмизми¸ нимадан қайтишимиз керак? Бўйнимизга айби тўнкаб қўйиб қамаб қўйибди” деб ўтиришибди болалар. Болалар шунча калтакка чидадию. Нега шуни одамлар тушунмайди? Ҳақиқатгўй одамлар тушунмайдику. Шуни наҳотки давлат бошлиғи тушунмаса? Атрофида қанча одамлар бор. Нимага шулар “Нимага ўтирибди булар?” деб биттама битта гаплашмайди. Ҳамма ўша қамалган болалар “Эсон-омон чиқиб хотин бола-чақамизни боқамиз” деб ўтиришибди. Нима иш қилди булар¸ дейди Фарида опа.

Суҳбатимизга Қаҳрамон ака қўшилди.

- Буларнинг умри ўтиб кетаяпти ўша ерда. Чириб кетаяпти булар. Улар одам ўлдиргани йўқ. Одам ўлдирганларни чиқараяпти. Террор қилганлар ҳам шунча йил олмаяпти. Мана каттасига 16 йил берган. Кичкинасига олти йил берган эди. Муддати тугаганида¸ “Ўша ерда даъват қилаяпти” деган баҳона билан яна муддат қўшиб берди. Мен Навоийга бориб СНБ нинг терговчиси билан гаплашдим. “Агар булар ўша ерда ҳам даъват қилаëтган бўлса¸ сизлар нимага ўтирибсизлар? Сизларнинг нима керакларинг бор? Сизларнинг ҳаммангларни ҳайдаш керак. Халқнинг пулини еб ëтибсизларку” дедим. Шунақа қилиб қўшимча муддатларни қўшиб бераяпти. Буларнинг бир ўзини эмас¸ бир суднинг ўзида 23 нафарини суд қилган. Бунақалар қанча. Ҳар бир областда суд қилиб ëтибди. Ҳаммаси қўшимча муддат олаяпти. Нима учун булар шунча азоб чекиши керак? Нима учун оилалари¸ бола-чақаси азоб чекиши керак? бу болалар катта бўлгандан кейин бу давлатга қайси кўз билан қарайди? Раҳмат демайдику бу давлатга болалар¸ дейди Қаҳрамон ака.

Қаҳрамонимиз Комронбекнинг отаси Қоровулбозор қамоқхонасида жазо ўтамоқда. Ичкарида Озодлик радиосини эшитишгани боис отамга сизлар орқали салом йўллайман¸ дейди Комронбек.

- Салом. Мен Комронбекман. Ўқишларим яхши. Бўлаяпти. Юрибмиз. Ҳамма ëқ тинч. Тошкент тинч. Бизларнинг бахтимизга ҳар доим соғ бўлишсин. Тепадагиларга ҳам инсоф берсин. Оиласининг бағрига эсон-омон чиқиб келишсин¸ дея ният билдиради Комронбек.

"159 болалари" калимаси Каримов режими яратган атамаларнинг энг даҳшатлиси. “Бу болалар қалбидаги алам ва ўч туйғуси улар билан биргаликда улғаймоқда. Наҳот ҳукумат бундан чўчимаса?”¸ дейди Фарида опа.

- Эртага оталарининг ўрнини болалар босади. Албатта, босади. Улар қилинаëтган ноҳақликларни кўриб турибдими¸ албатта, босади. Ноҳақдан ўтирган оталарнинг ўчини олади деб тўлиқ айта олмайману¸ лекин ўчга ҳаракат қилади болалар. Ҳаммаси муштини тугиб ўтирибди. Шунинг учун ҳар биттасини тўғри тушуниш керак. Давлатга одам керак¸ баркамол авлод дейди¸ лекин бу ерда ҳаммани қийнаб ўтириши ҳақиқатга тўғри келмайдиган гап. Шунинг учун ҳаммага ўзи инсоф берсин.

Мана кеча биттаси Фарғона водийсида битта уйда тўрт одамни ўлдирибди. Шунга 15 йил берибди. Бизларнинг болалар нима иш қилибди? Менинг ўғилларим нима қилди? Варақа тарқатди дейди. Хўп варақа тарқатганга 15 йил берадими? Одам ўлдирганга 15 йил бериб ўтирибдию. Майдалаб¸ болталаб ташлаганга. Қани бу қонун? Қонун нимага ишламайди? Қонун ишласин. Ҳар битта давлатнинг қонунига қараб қанақа тузумлигини билиб олади. Ҳамма яхши билади. Шунинг учун ҳаммага инсоф берсин. Ҳалол ризқ берсин¸ насиба берсин. Ўтирган болаларимга¸ унинг биродарларига Оллоҳ сабр-қаноат берсин. Тан-жонлари соғ бўлсин. Касалларга ҳам Оллоҳ шифо берсин. Дардимизни фақат Худо эшитади. Бошқа ҳеч ким эшитмайди. Ҳеч киммиз. Ҳеч ким одам ўрнида кўрмайди. Майли бўлиб қолар¸ яхшим кунлар келиб қолар. Ўша пайтда уялиб қолишмасмикан? Бўлди менинг гапларим йўқ. Бошқа гапира олмайман. Йиғлаб юбораман¸ дейди Фарида опа.

Қаҳрамон ака ўғлини кўришга борганида¸ "159 болалари"нинг қамоқ эшикларида сарғайиб турганини кўради. Уларга яратган сабр берсин¸ дейди отахон.

- Кўриб турган ҳамма номаъқулчиликларни тўғри тушунишсин. Шунақа сиëсат экан¸ шундай экан. Инсон қадри бу ерда пўчоқ экан деган нимани тушунсин булар. Ҳақиқатга ëндашиш қийин экан. Мана шу гапларни айтиб қўйиш учун ҳам эшитишсин сизларни¸ дейди Қаҳрамон ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG