Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:02

Эркин микрофон - "Бойларимизни ëмонлайверманглар!"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Тошкентликлардан бири Зеромакс ширкати раҳбари Миродил Жалоловни халқ учун савоб ишлар қилаëтган маърифатли бойлардан деб атади.

Потëмкин қишлоқлари кўпаймоқда....

Ўтган йилнинг 16 октябр куни Фарғонага борган Ислом Каримов кўзини пахта мўл-кўллигидан яйратиш мақсадида¸ йўл бўйидаги пахтазорлардан териб олинган пахталар¸ қайтадан чаноққа қўйиб чиқилганди.

Сурхондарёнинг Шўрчи туманида яшовчилардан бирининг Озодликка маълум қилишича, яқинда Сурхондарёда ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлган.

Шўрчилик суҳбатдошимизга кўра, яқинда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга борганида далаларга плёнка остига чигит экилаяпти деб кўрсатиш мақсадида, чигитсиз қуруқ плёнканинг ўзини далаларга тортиб чиқишган.

- Яқинда Бош вазир келиб кетганда бир воқеа бўлган экан. Шанба куними келган экан. Қанақадир кулгили эпизодни гапириб беришди. Ўзимизнинг Шўрчида катта марказий йўл бор. Ўша ерда бир тракторчи одам¸ хуллас кўргазма қилишганда. Бош вазир келишига пахтани плëнка остига экилаяпти¸ деб аслида устига плëнка ëпилгану¸ ичида ҳеч нарса йўқ дейишди. Шунақа кулгили нарсалар бўлаяптида. Пахта экилаяпти деб фараз қилингда. Бир катта одам келаяпти. Ўшанга кўргазма қилиш чуун тракторчи келган. Плëнка тортилган. Аслида плëнканинг ичида ҳеч нарса йўқ. Номига кўргазма қилиш учун шунақа нарса бўлибди.

Озодлик: Демак¸ далага пахта экилмаган. Фақат трактор билан плëнка тортиб чиқишган.

- Худди шундай¸ дейди шўрчилик суҳбатдошимиз.


Бойларимизни жуда ëмонлайверманглар....

Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Ғофиржон ака якшанба куни Озодлик орқали эфирга кетган “Қурултой” дастурида кўтарилган маърифатпарвар бойлар мавзусида ўз фикрларини билдиради.

Ғофуржон ака: Шароф Убайдуллаевнинг кўп гапларига қўшилмайман.

Озодлик: Нима учун қўшилмайсиз?

Ғофуржон ака: Ҳозир мен сизга тушунтириб бераман. Бу киши “Фалонча¸ пистонча бойлар вор в законе бўлган” деди. Булар ўзи вор в законмас. Вор в законе бўлиш жуда оғир нарса деб тушунаман мен. Ўша ўзининг даврида булар машина ўғирлаб пул топмаган. Масалан¸ Березовский чеченда арестоват қилганларнинг ўртасида туриб пул бериб олиб берди. Ўртада турган одам қанақа қилиб муттаҳам¸ ўғри бўлиши мумкинми савоб иш қиламан деса. Булар унақа жуда муттаҳам¸ машина ўғриси эмас. Шароф Убайдуллаев яна “Бойлар библиотекани қуриб берса бўлмайдими?” дейди.

Озодлик: Навоий кутубхонасини.

- Ҳа. Уни бузаëтганлар қаëққа қараган? Масалан¸ мен бой бўлсам¸ сиз ҳукумат бўлсангиз. Сиз бузиб ташласангизда¸ мен қуриб бераверишим керакми? Бузадиганлар қаëққа қарайди? Мен уларни тўғри деб тушунаман. Улар камбағални қақшатиб¸ бировнинг бурнини қонатиб пул олган эмас. “Булар маърифатли эмас. Маърифат бўлганда эснаб ўтиради” дедилар. Миродил дегани бору¸ бу жуда маърифатсиз бола эмас. Мен унча-мунча танийман. Чилонзорда 67-мактаб бор. У ўша мактабда ўқиган. Шуни ремонт қилиб¸ чиройли қилиб¸ тапочкада кириб ўқитадиган қилиб қўйди. Ҳасти имом масжиди қурилдию. Шуни бош бўлиб қурдирди бу бола. Бу маърифат эмасми? Чилонзорда яна бир масжид қурдирди. Маҳаллаларни асфалт қилдирди. Бу маърифат эмасми? Маърифат деганни нима қилиб бериш керак деб тушуниш керак? Бу менинг билганларим. Билмаганларим қанча. Миллиард доллари бор инсон ҳам яхшилик қилишни¸ у дунëни ўйлаб қолади. Жуда ëмонлайвериш керак эмас¸ дейди Ғофуржон ака.


Пенсионерлар ҳаловатини йўқотмоқда

Сурхондарёдан сим қоққан яна бир суҳбатдошимиз кейинги пайтда вилоят пенсионерларининг нафақа пулларини ихтиёрий-мажбурий тарзда пластик карточкаларга ўтказилаётганига ўз норозилигини билдиради.

- "Эркин микрофон" эшиттиришига айтадиган бир-иккита фикрларим бор эди. Бизда ҳозир иқтисодий томондан вазият жуда чатоқ. Пенсионермизда энди. Икки-уч ой кечиктириб оламиз. Яқинда бир гап чиқди. Пенсия тўловларини ҳам пластик карточкага ўтказишмоқчи экан. Ўша нарсадан биз норозимиз. Маҳалладан яқинда уйга иккита-учта одам келди. “Хоҳловчилар бўлса¸ ариза ëзиб¸ паспорт ксерокопиясини чиқариб беринглар. Кейин пенсияни ойма ой пластик карточка орқали оласизлар” деб айтди. Ўшандан биз норозимиз.

Озодлик: Пардавой ака¸ уйга келиб сўради деяпсиз. Бу ихтиëрийми ëки мажбурийми?

- Мажбурий эмас дейишди. Ихтиëрий экан¸ лекин ўшанга кўнмасак¸ нақд пул йўқ эканда.

Озодлик: Демак¸ мажбурийликнинг бир кўриниши десак ҳам бўлади.

- Шундай.

Озодлик: Нима учун пластик карточкага ўтказилишига норозисиз?

- Чунки биз буни нақд пулга алмаштирадиган бўлсак¸ бирортаси билан камида 16 фоизга келишиб топширишга тўғри келади. Бизнинг норозилигимиз шунда¸ дейди Пардавой ака.


Қувончидан ташвиши кўп ҳаëт манзаралари

Хоразм вилоятининг Урганч туманидан қўнғироқ қилган Каромат Каримова 7 боланинг онаси. Каромат опа ўзининг туғма ногирон эканлигини ва кейинги 20 йил мобайнида ногиронлиги учун нафақа пули ололмаётгани ҳақида гапирди.

Каромат Каримова: Мен ўзим туғма ногиронман. 20 йил бўлди ҳалигача пенсия олаëтганим йўқ. Бундан 20 йил олдин олар эдим. Нафақа тўғирлаш учун 400 доллар пора бериш керак. Менинг етти болам бор. Иқтисодимиз унча эмас. Хўжайиним ҳам ногирон. Пенсияни ололмай ўтирибман.

Озодлик: Демак¸ пул бермасангиз¸ ногиронлик нафақасини тўғирлаб беришмайди.

Каромат Каримова: Йўқ. 400 доллар билан тўғирлаб беришар экан. 20 йилдан бери оломай келаяпман. Унда ҳам бир йилга боғлар экан. 400 доллар билан бир йилга тўғирлаб берар экан.

Озодлик: Бирор жойга мурожаат қилиб кўрдингизми?

- Ҳа. Фойдаси йўқ¸ дейди хоразмлик суҳбатдошимиз.


Тожикистоннинг Хатлон вилоятида яшовчи Ўрол исмли йигит ўзбек-тожик чегарасидаги мавжуд коррупция ҳолатларини тилга олади.

Ўрол: Ўзбекистонга ўтадига чегарага қўймайди. Биз Тожикистонникидан ўтамиз. Чой пули олади¸ ўтказади. Ўзбекистонники роса куттирадида.

Озодлик: Улар чой пули олишмайдими?

Ўрол: Улар ҳам чой пулини олади. Каттаси келмай қоладими кечгача олиб ўтиради. Эрталаб 10 да борсак¸ кечқурун соат 6 ларда Ўзбекистонга ўтиб кетамиз.

Озодлик: Чой пули берганингизда сизни қонуний йўллар билан ўтказадими ëки айланма йўллар биланми?

- Айланма йўл эмас. Айланма йўл билан умуман ўтмаймиз. Таможнядан беш кун муддат билан ўтамиз¸ дейди хатлонлик Ўрол.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG