Линклар

logo-print

Кўчки остида қолганлар қутқарилмаëтир

  • Гулнора Равшан

Майхўра қишлоғи аҳолиси кўчки остида ҳалок бўлганлар жасадини кетмон ва белкураклар ёрдамида топмоқда.

Майхўра қишлоғи аҳолиси кўчки остида ҳалок бўлганлар жасадини кетмон ва белкураклар ёрдамида топмоқда.

Тожикистон пойтахтидан 65 километр нарида жойлашган Майхўра қишлоғида содир бўлган кўчки оқибатида 8 фуқаро ҳалок бўлди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, қурбон бўлганларнининг ҳаммаси 18 ва 25 ёшдаги йигитлардир.

Майхўра қишлоғи аҳолиси юз берган ҳодисада Тожикистон фавқулотда ҳолатлар қўмитаси ҳамда Автомобил ва коммуникация вазирлиги расмийларини айблашмоқда .

- Ўтган ҳафта ҳам қишлоқда кўчки бўлган эди. Автомобил ва коммуникация вазирлиги ишчилари йўлни кўчкидан тўла тозаламади. Автомобил йўлнинг тахминан 5 метр жойида каттагина қор кўчкиси қолган эди.

Кеча ўша ерда тиқилиб қолган бир енгил машинани қордан чиқариш учун уринган 8 киши қўққисдан кўчки тагида қолиб кетишди. Уларнинг ҳаммаси 18 ва 25 ёшлардаги йигитлар эди, дейди воқеа гувоҳларидан бири Жумабой Толибов.

Суҳбатдошимизнинг гапига қараганда, ўша заҳоти Фавқулотда ҳолатлар қўмитасига қўнғироқ қилиб ёрдам сўраган Майхўра аҳолиси рад жавобини олган. Мазкур идора расмийси йўл Тожикистон Автомобил ва коммуникация вазирлиги томонидан тозаланмагунча, бу ҳудудда қутқариш ишлари олиб бориш имкони йўқлигини билдирган.

Манбага кўра, 17 март куни Майхўра аҳолиси узунлиги 150 метр ва баландлиги 15 метр келадиган кўчки остидаги жасадларни ўз кучи билан - кетмон ва кураклар ёрдамида ковлаб олишга киришган.

- Ҳалок бўлганлар сони биз топган жасадлар билан аниқланаяпти. Кўчки тагидан олинган жасадлар сони ҳозир 8 нафарга етди. Ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Мана халқ, халойиқ ҳамма кўчки тагида қолганларни қутқаришга чиққан. Лекин на МЧС, на бошқа идорадан бирор киши ҳозиргача ёрдамга келгани йўқ, дейди Жумабой Толибов.

Гувоҳларнинг айтишича, кўчки тушган ҳудудда йўловчи ташиётган тахминан 500 га яқин автомобил тўпланиб қолган. Йўл очилишини кутиб, очиқ ҳавода тонг оттираётган йўловчилар орасида ёш болали аёллар ва гўдаклар, қариялар ҳам борлиги айтилмоқда.

Бироқ Тожикистон Автомобил ва коммуникация вазирлиги ҳамда Фавқулотда ҳолатлар қўмитаси расмийлари уларга шошилинч ёрдамга шошилмаётирлар.

Мавзу юзасидан бу идораларга қилган мурожатларимиз ҳеч қандай натижа бермади.

Майхўра Душанбе шаҳридан тахминан 65 километр нарида жойлашган қишлоқ бўлиб, бу ерда тез-тез кўчки содир бўлиб туради.
Ўтган йил ҳам шу қишлоққа энган кўчкидан 16 фуқаро қурбон бўлган эди.

Тожикистон Фавқулотда ҳолатлар қўмитаси сал аввалроқ бу ҳудудда кўчки эниши, сел ва бошқа шу каби табиий офатлар апрел ойи охирларигача кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
XS
SM
MD
LG