Линклар

logo-print

Клинтон Москва сафарини бошлади


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Вашингтон ва Москва ўртасида стратегик қуролларни камайтиришга доир янги келишув, Эрон ядровий дастури ва Яқин Шарқ тинчлик жараёнига оид масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Москвага сафар қилди.

Клинтон хоним даставвал Москвада Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров¸ жума куни эса президент Дмитрий Медведев билан учрашади.

АҚШ Давлат котиби, шунингдек, жума куни Яқин Шарқ тўртлиги АҚШ, Россия, БМТ ва ЕИ музокарачилари билан ҳам учрашиб, Исроил-Фаластин тинчлик музокараларини қайта бошлаш истиқболларини муҳокама қилади.

Айни пайтда Москва сафарини давом эттираётган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Қуддусда турар жой биноларини қуришга оид Исроил ҳукумати қарори Яқин Шарқ тинчлик жараёнига тўсқинлик қилаётганини билдирди.

-У ерда бўлаётган воқеаларни кўриб туриб ҳафсаламиз пир бўлди. Бундай вазиятга тоқат қилиб бўлмайди. Юзага келган гуманитар вазият туфайли жудаям кўп одамлар азоб чекмоқдалар, деди БМТ Бош котиби.

Клинтонга ҳамроҳлик қилаётган АҚШ давлат котиби ўринбосари Уильям Бёрнсга кўра, АҚШ ва Россия 1991 йилда имзоланган ва ўтган йили муддати тугаган Стратегик қуролларни камайтириш битими ўрнини босувчи ҳужжат бўйича жиддий натижаларга эришган. Айни пайтда Бёрнснинг айтишича¸ якуний келишувнинг қачон имзоланиши ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG