Линклар

logo-print

Стинг ҳам Тошкентнинг қора рўйхатига тушди

  • Ҳурмат Бобожон

Дунë бўйлаб инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи Amnesty International фаоли бўлмиш Стингнинг Гулнора Каримова ноғорасига ўйнаб бергани Британия жамоатчилигини жунбушга солди.

Дунë бўйлаб инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи Amnesty International фаоли бўлмиш Стингнинг Гулнора Каримова ноғорасига ўйнаб бергани Британия жамоатчилигини жунбушга солди.

Ўзбекистондаги радиостанцияларга Стинг ва Хулио Иглесиас қўшиқларини эфирга бериш ман этилган. Тошкентдан олинган хабарларга кўра, Стинг Каримовни диктатор дея атагани¸ Хулио Игласиас эса Озодлик радиосига интервью бергани учун режим қаҳрига учраган.

Даставвал бу ёзилмаган тақиқ Гулнора Каримованинг қўли остидаги “Maxima” радиосига тааллуқли бўлди. У ерда Стингнинг барча дисклари тақиқлаб қўйилган.

“Maxima” радиоси ходимасидан “Нега сўнгги пайтларда Стинг ва Иглесиас қўшиқлари берилмаяпти?” деб сўраганимизда: “Ҳаммаси мусиқа редакторимизга боғлиқ. Лекин, нимагалигини мен ҳам билмайман. Ундан кўра Хулио Иглесиас дискини сотиб олиб¸ ўзингиз эшитавермайсизми”, дея маслаҳат берди.

Маълум бўлишича, Стинг ва Иглесиас қўшиқларига тақиқ ёшларнинг бошқа оммабоп FM-станциялари, жумладан “Гранд” ва “Водий садоси” каби радиоларга нисбатан ҳам жорий қилинган.

Бу маълумотни тасдиқлаш учун “Гранд” радиосига телефон қилганимизда, радионинг мусиқа муҳаррири Стинг ва Хулио Иглесиас қўшиқлари радио форматига тўғри келмаслиги боис улар азалдан йўқлигини айтди.

- Биз ёшлар учун мўлжалланган радио бўлганимиз учун бу қўшиқчилар ижоди бизнинг форматга тўғри келмайди, деб жавоб қилди Гранд радиоси мусиқа муҳаррири.

Стинг ва Хулио Иглесиас қўшиқлари Тошкентдаги яна бир FM-станция, “Ориат-Доно” радиоси форматига ҳам тўғри келмас экан.

- Ака, бизда фақат ўзбекча ашулалар кетади. Европа ашулалари бизда йўқ. Биз миллий радиомиз. Ҳатто, айрим Шарқ мамлакатлари ашулалари ҳам бизда кетмайди. Масалан туркча кетмайди, лекин арабча берамиз фақат. Қолган ҳаммаси миллий. Бизларнинг йўналишимиз шунақа. Миллий эстрада, деб жавоб қилди "Ориат-Доно" радиоси ходимларидан бири.

Тошкентликлар эса аввалроқ Стинг ва Хулио Иглесиас қўшиқлари FM радиоларидан мунтазам жаранглаб турганини жуда яхши эслашади.

- Биласизми, авваллари бу радиолар Иглесиас ва Стингни тинимсиз айлантирашар эди. FM станцияларнинг ишқибози эмасману, онда-сонда, таксида эшитиб тураман бу радиоларни. Бу қўшиқчилар ҳозир тақиқланганми йўқми буни билмайман, лекин авваллари Тошкент радиостанциялари Стинг ва Иглесиас қўшиқларини тинимсиз айлантирганликлари ҳақиқат, дейди тошкентлик Алексей.

Радиостанциялардан бири ходимининг uznews.net мухбирига айтишига кўра, Стинг ва Хулио Иглесиас қўшиқларига тақиқ Гулнора Каримовага яқин бўлган маҳаллий медиамагнат Фирдавс Абдухолиқов тарафидан келган.

Бундай тақиқ остида қолган радиостанциялар эса у ёки бу қўшиқни қўйиб эшиттиришларини сўраётган мухлисларига Стинг ёки Игласиасни буюртма қилиш мумкин эмаслиги ҳақда олдиндан огоҳлантиришдан бошқа чораси қолмаяпти.

Uznews.net нашрининг ёзишича, босма нашрлардан ва ҳатто қўшиқчиларнинг Тошкентда бўлишгани ҳақида тез-тез мақола чоп этувчи "сариқ матбуот" ходимларидан ҳам Стинг ва Иглесиас исмларини зикр этмаслик сўралган.

Аммо, Гулнора Каримованинг www.googoosha.com расмий сайтидан унинг Хулио Иглесиасга жўр бўлиб куйлаган "Бессаме мучо", яъни “Мени, майин ўпгин” қўшиғи олиб ташланмаган.

Гулнора Каримова ва Хулио Игласиас бу кўшиқни 2008 йил кузида Тошкентда очилган "Style.uz" модалар хафталигида жўрликда куйлашган эди.

Бир йил ўтиб эса Тошкентда ўтказилган айни тадбирда Гулнора Каримова ёнида бошқа бир рок ашулачи, англиялик Стинг ҳозир бўлди.

Айтилишича, Ўзбекистон президентининг қизи Стингни Тошкентга олиб келиш учун 3 миллион доллардан ошиқроқ пул тўлаган.

Ундан олдин Тошкентга келган Хулио Игласиас учун Гулнора Каримованинг қанча ҳақ тўлагани номаълум.

Бугун эса бу қўшиқчилар Каримова хоним ўз бойликларига дунёдаги энг шафқатсиз диктаторнинг қизи бўлгани учунгина эришганини билганидан сўнг ундан узоқлашишга ҳаракат қилиб қолишди.

Стингнинг Тошкентда, Гулнора Каримова ҳузурида қўшиқ айтгани ҳақидаги хабарлар Британия матбуотида пайдо бўлгач, у баёнот бериб, Ислом Каримов ва унинг диктатураси хақида, унинг биқиқ мустабидона тафаккури ҳақида билдирди.

"Ўзбекистон президентининг инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит борасидаги даҳшатли репутациясидан жуда яхши хабардорман. Шунга қарамай¸ Ўзбекистонга бориб концерт беришга қарор қилдим.

Ўз тажрибам натижасида маданий бойкотларнинг нафақат маънисиз ҳаракат экани¸ балки тескари натижа беришига амин бўлдим. Зотан бундай шароитда жиноятчига чиқарилган режимлар очиқ ғоялар дунëсидан янада узоқлашади ва натижада янада ëпиқлашади¸ васвачаси ва ваҳимачи бўлиб қолади.

Очиғини айтсам¸ ўзининг ўрта асрлардаги каби мустабидлик дунëқараши ичида мутлақ қамалиб олган Ўзбекистон президентининг мен каби артистларнинг ўз мамлакатига бориб концерт бериш-бермаслиги билан бир пуллик ҳам иши йўқ ”¸ дейилади Британия жамоатчилиги босими остида Стинг эълон қилган баëнотда жумладан.

Шу ой бошларида эса Озодлик радиосига интервью берган Хулио Иглесиас, Тошкентга Ўзбекистон халқи таклифи билан боргани ҳақида гапирди.

Иглесиас Гулнора Каримованинг марҳамати билан Тошкентга таклиф этилгани ҳақида гап очилиши заҳоти у "Мен мухлисларим учун қўшиқ айтаман. Оддий одамлар учун қўшиқ айтиш мен учун приоритет", деб гўшакни кескин илиб қўйган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG