Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:03

Клинтон Москва миссиясига киришди


Москвага келиши ҳамон Клинтон хоним ҳамкасби Лавров билан учрашди.
Москвага келиши ҳамон Клинтон хоним ҳамкасби Лавров билан учрашди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Москва сафари чоғида икки давлат ўртасида стратегик қуролларни камайтиришга доир янги келишув, Эрон ядровий дастури ва Яқин Шарқ тинчлик жараёнига оид масалаларни муҳокама қилишни ўзига мақсад қилган.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон стратегик қуролларни назорат қилиш бўйича янги келишув ҳамда Эрон масаласини муҳокама қилиш мақсадида 18 март куни эрта тонгда Москвага келди.

Шу куннинг ўзида АҚШ давлат котиби Москвада Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокаралар ўтказди.

19 март куни эса Клинтон хоним Россия президенти Дмитрий Медведев ҳамда Яқин Шарқ тўртлиги музокарачилари билан учрашади. Бироқ Ҳиллари Клинтон Россиянинг энг қудратли сиёсатчиларидан бири Бош вазир Владимир Путин билан учрашмайди.

Яқин Шарқ тўртлиги вакиллари билан учрашувда Ҳиллари Клинтон Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар ривожини муҳокама қилишни режалаган.

Вашингтон Исроил ва Фаластин ўртасида ҳеч бўлмаганда норасмий сўзлашувларни бошлаш ташаббуси билан чиқиб келаётган эди. Бироқ Исроил ҳукуматининг яқинда Қуддусда яҳудийлар учун янги турар жой биноларини қуриш режасини маъқуллаши бу каби сўзлашувларни ўтказиш уринишларини йўққа чиқарди.

Бироқ Клинтон хоним олдида турган устивор вазифалардан бири стратегик қуролларни назорат қилувчи янги келишув борасида Россия расмийлари билан бирон бир натижага эришишдир.

Стратегик қуролларни назорат қилиш бўйича 1991 йил қабул қилинган СТАРТ-1 битимининг амал қилиш муддати 5 декабрда тугаган ва Москва Вашингтон билан мазкур битим ўрнини эгаллайдиган янги ҳужжат борасида бир неча ойдан буён сўзлашувлар ўтказиб келмоқда.

Айни пайтда Москва сафар қилган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ҳам, ўз навбатида Москва ва Вашингтонни стратегик қуролларни назорат қилишга оид янги келишувни имкон қадар тез фурсатда имзолашга чақирди.

Ўтган йилнинг июл ойида учрашган президентлар Барак Обама ва Дмитрий Медведев ҳар иккала давлат ихтиёрида бўлган ядровий қурол арсеналини камида 25 фоизга қисқартиришга келишиб олган эди.

Орадан тўққиз ой вақт ўтган бўлса-да томонлар шу пайтгача янги келишувни имзолай олганларича йўқ.

Хабарларга кўра, янги келишув лойиҳаси алаққачон тайёрлаб бўлинган, бироқ Женевадаги музокарачилар янги келишувга илова қилинадиган салкам 100 бетдан иборат протоколни синчковлик билан ўрганиб чиққанлар. Яқинда эса ҳар иккала давлат расмийлари янги келишув борасида томонлар ўртасида мавжуд тафовутлар бартараф этилгани борасида баёнот тарқатдилар.

13 март куни Барак Обама ва Дмитрий Медведев ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти ортидан Оқ уй матбуот вакили президентлар янги келишув юзасидан Женевада олиб борилаётган сўзлашувларни олқишлагани ва иккала раҳбар яқин фурсат ичида шарнома имзоланишига ишонч билдирганликларини маълум қилди.

Айни пайтда Москва сафарида Ҳиллари Клинтонга ҳамроҳлик қилаётган АҚШ давлат котиби ўринбосари Уильям Бёрнсга кўра, АҚШ ва Россия 1991 йилда имзоланган ва ўтган йили муддати тугаган Стратегик қуролларни камайтириш битими ўрнини босувчи ҳужжат бўйича жиддий натижаларга эришган.

Бироқ Бёрнснинг айтишича¸ якуний келишувнинг қачон имзоланиши ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG