Линклар

Ўзбекистон қурилиш бозорларида нима гап?

  • Садриддин Ашур

Қурилиш материаллари нархининг баландлиги кўплаб ўзбекистонликларни пахса уйларда кун кечиришга мажбур қилмоқда.

Қурилиш материаллари нархининг баландлиги кўплаб ўзбекистонликларни пахса уйларда кун кечиришга мажбур қилмоқда.

Ўзбекистонда расмий нашрлар қурилиш моллари нархининг арзонлагани ҳақида ëзаëтган айни кунларда оддий аҳоли мамлакат иқтисодининг ишлаб чиқаришга қарши қаратилгани боис¸ бундай арзонлаш йўқлиги ва яқин орада бўлмаслигини таъкидламоқдалар.

Ўзбекистонда қурилиш моллари ишлаб чиқарувчи 19та корхона фаолияти таҳлил қилинганда, улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар нархларининг яқин 20 фоизга арзонлаштириш имкони борлиги аниқланди. Бу ҳақда хабар тарқатган UzReport.com интернет сайтига кўра, Самарқанд вилоятидаги “Ургут яшил олтини” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилган шиферлар нархи 17,9 фоизга арзонлаган. Ҳар донаси 10 500 сўмлик шиферлар 8500 сўмдан улгуржи сотувга қўйиляпти. Аммо Озодлик билан суҳбатда мазкур корхона ҳисобчиси харидорлар учун бундай "хушхабар"ни тасдиқлашни истамади.

- Маълумотни ҳозир бера олмаймиз ака.

Озодлик: Нимага?

- Директор йўқ бу ерда. Директордан рухсат олиш керак¸ дейди “Ургут яшил олтини” масъулияти чекланган жамияти ҳисобчиси.

Бундай жавоб расмий сайт хабарига соя солгани боис¸ яна бир шифер ишлаб чиқарувчи корхона “Оҳангароншифер” очиқ акциядорлик жамияти билан боғландик. Корхона маркетинг бўлими ходими Маъмурахоннинг айтишича, улар ишлаб чиқарган маҳсулотга нархни Тошкентдаги Биржа қўяди ва шифернинг арзонлагани ёки қиммат бўлгани ҳақидаги маълумот унда йўқ.

“Андижон-Металл-Ҳамкор” корхонаси ходими Маъруфжон ҳам бу ҳақдаги маълумотни "сир" деб айтди.

Озодлик: Шиферлар ўтган йилга нисбатан бу йил арзонлабди, дейишаяпти. Сизларда қандай?

- Бизларда ҳам шундай.

Озодлик: Қанча эди¸ қанча бўлди?

- Уни мен сизга айта олмайман. Бошлиқларимиз келса¸ жавоб беришади ўзлари¸ дейди “Андижон-Металл-Ҳамкор” корхонаси ходими Маъруфжон.

Ўзбекистондаги қурилиш моллари нархларини билиш учун бозорга боришдан ўзга илож қолмади. Фарғоналик мухлисимиз Ҳасанжон ака, Озодлик сўровига биноан махсус қурилиш бозорига бориб¸нархларни ўрганиб келди. "Ўз мухбиримиз"нинг айтишича, қурилиш моллари нархлари ўтган йилдагига қараганда арзонлаган эмас.

- Қувасой цементининг килоси “Заводда 185 сўмдан чиқаяпти. Биз 200 сўмдан сотаяпмиз” дейишди. Камига йўқ дейди. Шифернинг бир донаси 11 мингдан сотилаяпти дейишди. Қора қоғознинг бир рулони 12 метр¸ унинг нархи ўтган йил қанақа бўлса бу йил ҳам 6000-6500 сўм экан. Михлар ҳаммаси 2800 сўмдан. Россиянинг 200 лик михининг нархи анча қимматроқ экан. Бир КамАЗ қум 120 минг сўм деяпти. ЗИЛда 60 минг экан. Майда шағалнинг бир КамАЗи ҳам 120 минг экан. Майда ва катта тошнинг аралашгани ЗИЛ да 35 минг сўм экан. КамАЗдагиси 65-70 минг бўлса керак¸ дейди фарғоналик Ҳасанжон ака.

Бухородаги мармар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Шоҳжаҳон-Ният” корхонаси раҳбари Собир Болтаев ҳам қурилиш молларининг нархи арзонламаганини айтади.

Собир Болтаев: Қурилиш материаллари ҳеч ҳам арзон бўлгани йўқ. Нима арзон бўлди? Мармар арзон бўлгани йўқ¸ бошқа нарсалар арзон бўлгани йўқ. Эшиклар 280-300 минг бўлган бўлса¸ ҳозир 350 минг бўлган. Перечеслениега 500 мингга чиққан. Қандай арзон бўлади?

Озодлик: Шиферчи?

Собир Болтаев: Мен шиферни билмайман. Ўтган йил бозорда 13 мингдан 15 минггача эди. Ҳозир ҳам худди шундай. Чунки хом-ашë Хитойдан келтирилади. Давлатимизда конвертация йўқку.

Озодлик: Конвертация бўлмаса қандай ишлаяпсизлар?

Собир Болтаев: Ишламаймиз. Сотамиз заводнинг технологияларини. Нима кераги бор бунақа бизнеснинг? Бошқа областларга сотиб юборамиз.

Озодлик: Ишлай олмадингизларми сизлар?

Собир Болтаев: Йўқ. Янги технология олиб келдик. На шаҳар ҳокимиятининг¸ на област ҳокимиятининг қўллаб-қувватлаши бўлди. Цех қуришга 0¸75 гектар ер ажратиб беринглар деган эдик. Беришмади ўша ерни. Вазирлар Маҳкамасининг локализация программасига киритилган эди. Чиқариб ташлади шундан. Шаҳар ҳокимлиги ер ҳам ажратмади. Шунинг учун бунақа бизнесдан кўнглимиз қолган ака.

Озодлик: Хўш, корхонанинг ривожланишига нима тўсиқ бўлди?

Собир Болтаев: Бюрократия.

Озодлик: Бюрократиянинг тагида нима бор?

Собир Болтаев: Ким билади. Шаҳар ҳокими бордир¸ област ҳокими бордир¸ вазирлик бордир. Бунинг ҳар бирини исботлайман деган одамнинг қамалиб кетиши ҳеч гап эмас.

Озодлик: Қанча ишладингизлар?

Собир Болтаев: Бу Ўзбекистон-Америка мармар заводи эди. 1997 йилда қуриб битказган эдик. 7-8 йил ишладик. Шундан кейин технологиялар ишдан чиқди. Банкдан 50 миллионга кредит сўрасак¸ оворагарчилик. Унинг кадастрини янгила¸ залогга қўй¸ фақат тортишув. Кредит олиш ҳам қийин. Шунинг учун кўнгил қолган бунақа нарсалардан.

Озодлик: Энди нима қилаяпсиз? Заводни сотиб юбораяпсизми?

Собир Болтаев: Ҳозирча сотганим йўқ. Технологияларини ремонт қилаяпман.

Озодлик: Ишлатасизми энди?

- Агар 50 миллион кредит олсак¸ Худо хоҳласа ишлатамиз¸ дейди Бухородаги мармар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Шоҳжаҳон-Ният” корхонаси раҳбари Собир Болтаев.

Фарғоналик Ҳасанжон ака ҳам бу фикрларга қўшилади. Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг ўзида қурилиш моллари ишлаб чиқарадиган кичик корхоналар қуриш ва уларни ривожлантириш имкониятлари бор, бироқ тадбиркорлик мустақил бўлмасдан балки, маҳаллий ҳокимлар, прокуратура ходимлари, солиқчилар таъмалари остида ривожланмай қолмоқда. Бунинг натижасида¸ дейди Ҳасанжон ака, Ўзбекистонда ҳозир ўрта ҳол оила қурилиш молалри нархининг осмонга ўрлагани боис уй қуриш имконига эга эмас.

- Ўртаҳол одам ҳозир уй қура олмайди. Деворини кўтариб тўхтаб қолади. Дунëдаги инфляция ҳисобига уйлар нархи тушаяпти. Ўзбекистонда ҳам тушаяпти. Лекин қурилиш материаллари ўша-ўша турибди. Ëзларда яна ошиши кутилади дейишаяпти. Пули борлар¸ тижорати юрган савдогарлар¸ тадбиркорлар топган пулига уй солаяпти. Тўй қилади¸ машина олади. Орттириша олмаяпти. Оддий одамлар пул топа олмаяпти ҳозир. Зўрға куни ўтаяпти¸ дейди Ҳасанжон ака.

Суҳбатдошимиз фикрича, қурилиш моллари нархлари кунлар исиши ва қурилишларнинг кўпайиши билан янада оша бошлайди.

- Бирор ойдан кейин бу нархларга ола олмайсиз. 30 фоизга ошиб кетади. Цементнинг 240 сўм бўлиши аниқ¸ дейди Ҳасанжон ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG