Линклар

logo-print

"Ўзбекистон - Марказий Осиëдаги энг қуролланган давлат"

  • Ҳасанжон

Профессор Мухинга кўра¸ ўзбек армияси қувватини таъминлаëтган аксар ҳарбий техника Россияда ишлаб чиқарилган.

Профессор Мухинга кўра¸ ўзбек армияси қувватини таъминлаëтган аксар ҳарбий техника Россияда ишлаб чиқарилган.

Бу гапни россиялик таниқли ҳарбий таҳлилчи Владими Мухин аввал ҳам кўп марта айтган. Мухиннинг янги кузатувларига кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати¸ аҳоли турмуш даражаси тушиб бораëтган айни кезларда ўз ҳарбий харажатларини муттасил ошириб бормоқда.

“Независимая газета"сининг ҳарбий масалалар бўйича шарҳловчиси, Россия Ҳарбий фанлар академиясининг профессори¸ полковник Владимир Мухин 17 март куни Centrasia.ru сайтида эълон қилган мақоласида сўнгги уч йил давомида МДҲ давлатлари, жумладан Ўзбекистонда ҳам ҳарбий ҳаражатлар миқдори ошганини билдирди.

Мухинга кўра, 2009 йилда МДҲ ҳудудида ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш 7 фоизга камайганига қарамай, бу йил МДҲ давлатларининг ҳарбий ҳаражатлари 2009 йилга нисбатан 5 фоизга, 2008 йилга нисбатан 15 фоизга ошган.

Озодлик билан суҳбатда Россия ҳарбий мутахассиси бу ҳисоб-китобларида акс этган вазият тафсилотларига тўхталди.

Владимир Мухин Россиянинг етакчи ҳарбий таҳлилчиларидан бири ҳисобланади.

Владимир Мухин:
Ўзбекистоннинг ҳарбий харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг нисбий фоизи ҳисобида ошмаган. Абсолют рақамларда ошган. Чунки бўҳрон пайтида Ўзбекистон иқтисодиётида ўсиш кузатилди. Ҳарбий сарф-харажатнинг оширилиши эса¸ уч омил билан боғлиқ.

Биринчидан, мамлакат ичидаги муаммоларни ҳал қилиш учун. Ҳозир Ўзбекистонда сиёсий вазият мураккаб. Репрессив аппаратни ушлаб туриш учун катта пул керак.

Иккинчидан, қўшни давлатлар билан чегараларини мустаҳкамлаш лозим. Гап шундаки, Ўзбекистоннинг Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга ҳудудий даъвоси бор. Шунингдек, аҳоли миграцияси, терроризмнинг бир ҳудуддан бошқасига экспорт қилиниши ва терроризмга қарши кураш борасида муаммолар бор. Уларни ҳал қилиш учун мудофаа тизимини мустаҳкамлаш зарур. Бу эса кўпроқ пул сарфлашни талаб қилади.

Учинчи омил, Ўзбекистон ими-жимида Афғонистон шимолида ўз таъсирини кучайтириш дастурини тайёрламоқда. Бу АҚШ томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Озодлик: Кузатишларингиздан келиб чиқиб¸ Ўзбекистоннинг келажак йиллардаги ҳарбий сарф-харажатларининг қандай бўлишини тахмин қилиш мумкинми?

Владимир Мухин: Ўзбекистоннинг ҳарбий харажатлари юқори бўлиб қолади, деб ўйлайман. Бошқа муаммолардан ташқари Ўзбекистон терроризмга қарши кураш, Афғонистон шимолида ўз таъсирини кучайтириш ва ички сиёсий омиллар билан боғлиқ муаммоларга эга. Буларнинг ҳаммасини ҳал қилиш пул сарфлашни талаб қилади. Бу боис Ўзбекистоннинг ҳарбий соҳадаги харажатлари кескин бўлмаса-да¸ юқори даражада бўлиб қолади.

Озодлик: Ўзбекистоннинг Россия билан ҳарбий соҳадаги бугунги ҳамкорлигини қандай баҳолайсиз?

Владимир Мухин: Ҳарбий соҳада Ўзбекистон ва Россия ўртасида жиддий ижобий ўзгаришларни кўраётганим йўқ. Аксинча, менимча, ҳамкорлик қисқариб боряпти. Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги ҳамкорлигини камайтирмоқда. Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотида ташаббус кўрсатаётгани йўқ. Билмадим. Ўзбекистон Америка билан ҳамкорлик ҳақида жуда катта, узоқ муддатли дастурни имзолаган. Менимча, ҳозир Ўзбекистон Ғарб ва АҚШга кўпроқ юзланяпти.

Озодлик: Ўзбекистон армиясидаги қуролларнинг аксари Россияда ишлаб чиқарилган. Ўзбекистон-Россия ҳарбий алоқалари сусайиб бораëтган ҳозирги вазиятда Ўзбекистон қурол сотиб олиш учун қайси давлатларга юзланиши мумкин?

Владимир Мухин: Менимча, Совет иттифоқи парчаланганидан кейин қолган қурол-аслаҳалар Ўзбекистон учун яна камида 10 йилга етади. Ўзбекистон уларни замонавийлаштириши мумкин. Ўзбекистонда ўқ-дорилар етарли ва қуроллар жуда кўп. У Марказий Осиёдаги энг қуролланган давлатлардан бири. Ҳозир Ўзбекистонга катта партияда қуроллар керак эмас. Ўзбекистондаги бор қуроллар унинг мудофаа мақсадлари учун етарли. Мен Ўзбекистон йирик партияда қуроллар сотиб олишга муҳтож¸ деб ўйламайман. Шунинг учун бу масалада Россия Ўзбекистонга керак эмас. Ҳозир Россия вертолëтлар таъмирлайдиган завод қуришда ёрдам бермоқда. Фарғонада ва Тошкентнинг авиасозлик корхоналарида ҳарбий транспорт самолётлари таъмирланадиган яхши майдонлар мавжуд.

Озодлик: Ўзбекистон армиясининг жанговарлик ҳолатини қандай баҳолайсиз?

Владимир Мухин: Менимча, Ўзбекистон армиясининг жанговарлик қобилияти юқори. Бу биринчидан.

Иккинчидан, Каримов режимининг ижобий томонларидан бири у юқори жанговарлик қобилиятига эга бўлган армияни барпо қилганидир. Бу аввало, оддий фуқароларга қараганда армия ҳарбий хизматчиларга кўпроқ ҳақ тўланиши билан боғлиқ.

Учинчидан, армияга яхши танланган аскарлар олинади. Ўзбекистон аҳолиси жуда кўп ва ҳозир пул эвазига армия хизматидан қутулиб қолиш мумкин. Ўзбекистонда шундай қилинганки, армияда хизмат қилмаган одам, амалдор бўла олмайди. Шу боис армияда энг қобилиятлилар хизмат қилади. Элита ўз фарзандларини армияга юборади. Шу боис Ўзбекистон армияси сафарбарлик даражаси баланд ва интизомли бир тизим ҳисобланади.

Озодлик: Яқинда Британияда чиқадиган газеталардан бирида Марказий Осиёда сув танқислиги ҳарбий можарога сабаб бўлиши мумкин, деган хабар тарқалди. Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

- Бу борада аниқ фикр айтишим қийин. Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида доим бўлиб келаётгани каби маҳаллий миқёсда можаролар содир бўлишини эҳтимолдан соқит қила олмайман. Лекин кенг кўламли уруш бўлмайди деб ўйлайман, дейди Россияда чиқадиган “Независимая газета"сининг ҳарбий масалалар бўйича шарҳловчиси, полковник Владимир Мухин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG