Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:04

AI: ЕИ қийноқ машиналарини сотмоқда


Amnesty International ҳисоботида ЕИ аъзолари қийноқларда қўлланувчи асбоблар экспортини давом эттираётгани айтилади.
Amnesty International ҳисоботида ЕИ аъзолари қийноқларда қўлланувчи асбоблар экспортини давом эттираётгани айтилади.

Amnesty International – Халқаро амнистия ташкилоти Европа Иттифоқининг баъзи давлатлари қийноқлар учун ишлатиладиган асбобларни экспорт қилишда давом этаётганини айтмоқда.


Қароргоҳи Лондонда жойлашган Amnesty International эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, Европа иттифоқининг баъзи аъзолари маҳбусларга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлиши исботланган давлатларга қийноқлар учун ишлатиладиган асбоб-ускуналарни сотмоқда.

Ҳисоботга кўра, бундай экспортни тақиқловчи қонунни бузаётганлар орасида Чехия Республикаси ва Германия каби давлатлар бор. Amnesty International нинг айтишича, уларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бу асбобларни қийноқлар учун ишлатаётгани исботланган камида тўққиз давлатга экспорт қилинмоқда.

2006 йилда ЕИ қийноқлар учун қўлланадиган асбобларнининг халқаро савдосини тақиқловчи қонунни қабул қилганига қарамасдан, бу давлатлар қийноқ ускуналари экспортини давом эттирмоқда, дейилади ҳисоботда.

Amnesty International тадқиқотчиси Майк Льюис Озодлик билан суҳбатда қонунни амалга ошириш катта муаммо бўлиб қолаётганини таъкидлади.

- Қонун қабул қилингани ва бу соҳадаги етакчи қонун бўлишига қарамасдан, Европа иттифоқи аъзолари бу қонун доирасида ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бир хилда бажараётгани йўқ. Масалан, қонунда кўзланган шартлардан бири бундай савдонинг шаффоф бўлишидир, лекин 27 аъзо давлатдан еттитасигина қонун талаб қилганидай, бундай асбобларни экспорт қилаётгани ҳақида очиқ эълон қилган.”, дейди Amnesty International тадқиқотчиси.

Экспорт қилинаётган маҳсулотларга маҳбусларни деворга занжирлаб қўядиган кишанлар, бош бармоққа тақиладиган темир кишанлар, тиканли тўқмоқлар, 50 минг вольтлик электр токини юборувчи кишанлар каби асбоб-ускуналар киради.

Ҳисоботни Omega Research Foundation ташкилоти билан тайёрлаган Amnesty International Европа комиссиясини 2006 йилда қабул қилинган қонундаги камчиликларни бартараф қилиш ва ЕИ аъзоларини қонунга амал қилишга чақирмоқда.

Omega Foundation ташкилоти тадқиқотчиси Майкл Краули ЕИнинг сўзлардан амалиётга ўтиш фурсати келди, дейди.

- ЕИ хавфсизлик ва полиция идоралари ишлатадиган асбоблар савдосини назорат қилувчи самарали воситаларни жорий қилмоғи ва бундай асбоблар қийноқлар учун қўлланмаслигини таъминлаши зарур, дейди Краули.

Amnesty International га кўра, 2006 йилдан 2009 йилгача Чехия Республикаси қийноқларни қўллаши исботланган олти давлатга оёқ ва қўл кишанлари, электр токини юборувчи асбоблар ва кимёвий моддаларни пурковчи мосламаларни экспорт қилган.

Ташкилот вакили Льюс буларга Грузия, Молдова, Монголия, Покистон, Сенегал ва Камерун каби давлатлар киради, дейди.

Айни пайтда, Германиянинг оёқ кишанлари ва кимёвий моддаларни пурковчи мосламаларни Хитой, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликларига сотгани айтилмоқда.

- Бу мамлакатларнинг барчасида бу каби асбоб-ускуналаранинг мунтазам равишда қийноқлар учун ишлатилаётганини аниқладик. Шунинг учун ЕИга аъзо давлатлар ўзлари экспорт қилаётган асбобларнинг қайси мақсадларда ишлатилаётганини қанчалик тўғри баҳолаётганини айтиш қийин, дейди Amnesty International тадқиқотчиси Майк Льюис.

Ҳисоботда шунингдек, Испания ва Италияда маҳбусларга нисбатан ишлатиладиган 50 минг вольтлик токни юборувчи ускуналарни сотиш рекламаси эълон қилингани ҳам айтилади.

Айни пайтда, Финляндия, Италия ва Бельгиянинг 2006 йилдаги қонун шартларига мувофиқ бу каби асбоблар экспорти ҳақидаги маълумотларни очиқлагани ҳам қайд этилади ҳисоботда.
XS
SM
MD
LG