Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:51

Муҳаммад пайғамбар мавлуди нишонланаяпти


Қирғизистон диний идораси вакиллари¸ халқ орасида Исломга қизиқишнинг кучайиб бораëтганидан мамнунлар.
Қирғизистон диний идораси вакиллари¸ халқ орасида Исломга қизиқишнинг кучайиб бораëтганидан мамнунлар.

Бишкекда пайғамбар Муҳаммад С.А.В. туғилган ой муносабати билан 12 мартдан бошлаб турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Масжидлардан ташқарида ўтказилаётган мавлуд ўқишларига келган минглаб одам тадбир учун ажратилган биноларга сиғмаëтир.

Мавлуд тадбири эълон қилинган Бишкекдаги спорт саройи бу тадбирга келган барча одамларни сиғдира олмади. Ташқарида яна юзлаб одамлар қолиб кетди.

- Халқнинг қанча кўп келганини кўриб турибсизлар. Бу тадбирни уюштирганларга ҳам раҳмат. Эътиқодли одамлар кўпайиб бораётгани бизни суюнтиради. Аммо мавлуднининг очиқ майдонда ўқилиши яхши бўлар эди. Чунки юзлаб одамлар кўчада қолиб кетди, деди спорт саройига киролмай қолганлардан бири.

Мавлудда Қуръон тиловат қилинибгина қолмай, оқинлар ижросида Муҳаммад пайғамбар мадҳ этилган қўшиқлар ҳам айтилди, шеърлар ўқилди.

- Бундан ташқари бу тадбирда одамларни пайғамбаримиз тарихи билан ҳам таништирдик. Бу тадбирга одамларнинг жуда кўп келгани бир томондан ноқулайлик яратди, иккинчи томондан эса жуда қувончли воқеа бўлди. Биз мавлудга кира олмай ташқарида қолиб кетган барча мусулмонлардан узр сўраймиз, деди Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов.

Унинг айтишича, тадбир ташкилий қўмитаси кейинги йилларда бундай хатога йўл қўймасликка ҳаракат қилади.

- Бу тадбирни очиқ майдонда ёки стадион каби катта жойларда ўтказмасак бўлмайдиганга ўхшаб қолди. Шунинг учун ҳам кейинги йили биз мавлудни барча хоҳловчилар сиғадиган кенг жойда ўтказамиз, деди Қирғизистон муфтийси.

Қирғизистон Ислом университети талабаси Бувайша Мендибоева эса бу каби тадбирларни йилда бир маротаба эмас, бир неча маротаба ўтказиб туриш лозимлигини айтади.

- Бу каби оммавий тадбирларни фақат Муҳаммад пайғамбар туғилган ойда ўтказмай, йил бўйи ўтказиб туриш керак. Негаки, бугунги кунда аввал диндан йироқ бўлган жуда кўп одамлар, кексалар ҳам, ёшлар ҳам худони танимоқда. Уларда Муҳаммад пайғамбар, ислом дини, Қуръон ҳақида маълумот деярли йўқ, дейди Бувайша Мендибоева.

Айтиб ўтиш лозимки, бу йил биринчи марта мавлуд масжиддан ташқарида, яъни минглаб одамларни сиғдира оладиган бошқа бинода ўтказилди.

Икки ҳайит намози эса Қирғизистон мустақилликка эришган 1991 йилдан бери президент девони жойлашган Бишкек марказий майдонида ўқиб келинади. Бу майдонда Қирғизистоннинг энг олий даражадаги раҳбарлари, мусулмон давлатлари дипломатик миссиялари ходимлари халқ билан бир қаторда туриб намоз ўқийдилар.
XS
SM
MD
LG