Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:33

Душанбе Тошкентни йўлтўсарликда айбламоқда


Ўзбекистоннинг Тожикистон юк вагонларини ўз ҳудудида ушлаб туриши Роғун ГЭСи қурилишига миллионлаб доллар зарар еткизмоқда.
Ўзбекистоннинг Тожикистон юк вагонларини ўз ҳудудида ушлаб туриши Роғун ГЭСи қурилишига миллионлаб доллар зарар еткизмоқда.

Тожикистон Темир йўллари корхонаси масъуллари Роғун ГЭСи қурилиши учун сув билан ҳаводек зарур юклар ортилган тахминан 400 га яқин вагоннинг феврал ойидан бери турли баҳоналар билан Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилганини даъво қилмоқда.

Тожикистон темир йўллари давлат ширкатининг юк ташиш бўйича бўлими раҳбари Андрей Тропиннинг Озодликка маълум қилишича, жорий йил феврал ойидан буён Тожикистон ичкарисига Ўзбекистон тарафидан бирорта юк вагони киритилмаган.

Расмийнинг билдиришича, Ўзбекистон ҳудудида тўланиб қолган юк вагонлар 400 атрофида бўлиб, улар сони кун сайин ортиб бормоқда:

- Бу вагонларда мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга бўлган юклар,булдозерлар, тракторлар,самолётлар учун ёқилғилар,қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги учун зарур маҳсулотлар бор. Лекин мана қарийб икки ойдирки, Ўзбекистон бу вагонларни ўтказмай қўйган , деди тожик расмийси Тропин.

Расмийнинг айтишича, юзлаб вагонларнинг узоқ вақт туриб қолаётганини Ўзбекистон томони Туркманистон темир йўлларининг ўта бандлиги ва бунинг ўз навбатида юк вагонларини ўтказишга имкон бермаётгани билан изоҳлаган.

- Бу ҳаммаси баҳона. Агар одам истаса муаммони ҳал қилади, лекин улар ишимизнинг белига тепиш учун мана шундай бўлмағур баҳоналар қилаяпти. Туркманлар Хитойдан янги локомотивлар сотиб олгандан кейин, Туркманистон ва Ўзбекистон станцияларида вагонларни ташиш билан боғлиқ муаммолар деярли ҳал бўлган, бу шунчаки ёлғон баҳона, дея қўшимча қилди Тропин.

Темир йўл маъсулининг билдиришича, зарур юклар ортилган вагонларнинг вақтида етиб келмаётгани ортидан Тожикистон иқтисоди тахминан 5 миллион АҚШ доллари миқдорида зиён кўрган.

Тропиннинг гапига қараганда, Тожикистон томони бу масалани ҳукуматлар даражасига олиб чиққан.

- Ўзбекистон ҳукуматига расман мурожат қилдик. Шунингдек 27 ва 28 феврал кунлари Ашхободда Туркманистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон темир йўллари раҳбарлари учрашувида ҳам бу масала кўндаланг қилиб қўйилган эди. Лекин бу ҳаракатларимиз ҳозирча кўнгилдагидек натижалар берганича йўқ, деди тожикистонлик темирйўлчи Андрей Тропин.

Мавзу юзасидан Ўзбекистон томонининг фикрини билиш мақсадида бу мамлакатнинг Тожикистондаги элчихонасига ҳам сим қоқдик.

У томондан телефон гўшагини кўтарган ўзбек дипломатларидан бири:

-Элчи жаноблари бугун Данғарада бўлиб ўтаётган Наврўз тантаналарида қатнашиши учун кетган, у киши рухсатисиз бу борада гапиришга ҳаққимиз йўқ, дея гапни қисқа қилди.

Аснода тожик расмийлари ҳам, мустақил кузатувчилар ҳам юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилишини, Роғун ГЭС лойиҳаси ортидан икки қўшни ўртасидаги муносабатларнинг тобора кескинлашаётгани билан изоҳлашмоқда.

Аммо мунтазам Ўзбекистон теледастурларини кузатиб бораётган тожикистонликлар бу иддаолар ўзбек оммавий ахборот воситаларида рад қилинаётганини айтишмоқда.

Рудакий туманилик Қундузой Ортихолованинг айтишича, бундан бир неча кун аввал Ўзбекистон телевидениеси ҳозирлаган бир теледастурда “Тожикистон юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида асоссиз тутиб турилгани ҳақидаги гап-сўзлар уйдирма, чегара ва божхона ходимларига нисбатан туҳмат” экани айтиб ўтилган.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, умумий ҳудудининг 93 фоизи тоғлардан иборат Тожикистонни ташқи дунёга олиб чиқадиган асосий йўллар Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтади.

Ўзбекистонга қарамликдан чиқиш илинжида бўлган Тожикистон бу йўналишда қатор лойиҳаларни ҳозирлаётир.

Улардан бири Тожикистонни Ўзбекистонни четлаб Туркманистон ва Афғонистон орқали Эронга боғловчи янги темир йўл лойиҳасидир.

Тожиклар агар бу лойиҳа амалга оширилса, ҳам йўл қисқариши¸ ҳам Тожикистоннинг Ўзбекистон қарамлигидан чиқиши мумкинлигини айтиб келади.

Гарчи ўтган йил мазкур лойиҳа атрофида Тожикистон, Афғонистон ва Эрон ўртасида уч томонлама музокара бўлиб ўтган эса-да, аммо бу йўналишда шу кунгача бирор иш қилингани йўқ.
XS
SM
MD
LG