Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:33

Ўзбекча "Кавказ асираси"


Роҳатой Раҳимова яқинлари билан.
Роҳатой Раҳимова яқинлари билан.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи 16 ёшли Роҳатой Раҳимовани уч аёл жинсий эксплутация мақсадида ўғирлаб кетишди. Бахтли тасодиф туфайли қочишга муваффақ бўлган Роҳатойнинг ўзига туҳмат қилганлик айби билан жиноий иш очилган.

Вояга етмаган Роҳатой Раҳимованинг тақдири унча-мунча детектив филмларга бош мавзу бўлгудай. Лекин бир қарашда Роҳатойнинг бошидан кечирганлари “Кавказ асираси” комедиясидаги воқеаларни ҳам ёдга солади. Худди Нина сингари Роҳатойни ҳам учовлон ўғирлайди. Кинодан фарқли жиҳати Роҳатойни ўз уйидан уч аёл ўғирлаб олиб кетадилар.

Озодлик Роҳатойнинг ўзи билан боғланиб, унинг бошидан кечирган “саргузаштлар”и борасида суҳбатлашди.

- 9 январ куни эрталаб соат 8 ларда аям билан укам бозорга чиқиб кетишди. Мен уйга қолдим. Орадан 10-15 дақиқа ўтгандан кейин уйга учта нотаниш аëл кириб келди. Эшик очиқ қолган эди. Бир хотин менга пичоқ тиради. Иккитаси ўзбек¸ биттаси рус экан. “Товушингни чиқарма. Товушингни чиқарсанг¸ ўлдирамиз” деб қўрқитишди. Иккита ўзбек аëли менинг қўлимдан ушлаб чеккага турғазиб қўйди. Кейин пулимизнинг қаердалигини сўради. Сандиқда деб айтдим. 400 минг пулимиз бор эди. Учта тилла узук бор эди. Менинг сумкамга пул билан узукни солиб¸ мени ҳам бирга олиб чиқиб кетди.

Мени олиб бориб Жигулига солишди. Машинага солиб¸ суюқлик ичиришди. Машинанинг ичида беришди. Менга наркотик деб айтишди. Тахирроқ эди. Таъмига унчалик тушуниб бўлмайди. Бурнимни қисиб¸ оғзимдан қуйишди. Дорини ичгандан кейин ўзимни қандайдир енгил ҳис қилдим. Кейин нима бўлганини эслай олмайман. Суюқлик ичиргандан кейин ўзимдан кетиб қолибман, дейди Роҳатой Раҳимова.

Ҳушига келган Роҳатой кўзгуга қараб ўзини танимаганини, узун сочини калта қилиб қирқилгани ва кўйлак-лозимини ечиб, калта юбка ва кофта кийдириб қўйишганига гувоҳ бўлганини айтади.

Роҳатой Раҳимова: Ўзимга келсам¸ домда эканман. Ойнага қарасам¸ сочимни калта қилиб кесишибди. Устимга оқ-қора кофта кийдирган. Мен ўзимга келгандан кейин ўша аҳволда эканман. Кейин улар менинг олдимга келиб¸ яна ўша доридан ичириб¸ яна мени пастга олиб тушиб кетишди. Яна мажбуран бурнимни қисиб¸ оғзимдан қуйишди дорини.

Озодлик: Ўша пайтда сизга ҳеч ким тегмади-а? Фақат сочингизни қирқишдими?

- Йўқ тегишмади. Менга дорини ичиришганидан кейин ҳамма нарса менга эшитилиб турди¸ лекин ўзимни йўқотиб қўйган эдимда. Бўлаëтган воқеалар менга эшитилиб турган эди. Менга иккинчи марта ҳалиги нарсани ичиришгач яна сариқ Жигулига солиб¸ қанақадир кафенинг олдида машина тўхтади. Тўғримизга қора Лада машинаси келди. Ўша машинадан тўлачадан келган учта киши тушиб келди. Машинанинг олдида столба бор экан. Кишилар билан ўшанинг олдида гаплашиб туришди. Кўк “Адидас” деган сумкада пул бор эди. Мен пулни кўрдим. У кишилар пулни кўрсатиб гаплашишди.

Иккита ўзбек аëли менга машинада паспорт кўрсатди. У паспортда менинг сочим калта қилиб кесилган расмим бор эди. Лекин мени қачон расмга олганини эслай олмайман. “Ҳозир аэропортга борамиз. Аэропортда паспорт меники, деб айтасан” дейишди. Кейин улар магазинга кириб кетишди. Машинанинг ичида ҳеч ким қолмади. Кейин машинадан тушиб¸ машинанинг эшигини ëпмасдан йўлни четида турган плакатнинг орқасига ўтиб қочиб кетавердим, дейди Роҳатой Раҳимова.

Роҳатойнинг қочиши ҳам худди “Кавказ асираси” филмидаги қочиш саҳнаси сингари силлиққина ўтади.

Лекин айни пайтда Роҳатойнинг тақдири кинодагидек бахтли якун топмаяпти. Роҳатойнинг ўзи айтишича, у қочишга муваффақ бўлгач, ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят аризаси билан мурожаат қилади. Аммо унинг аризасини ўзига қарши қўллаб, унинг ўзини туҳмат қилганликда айблаётганликларини маълум қилади Роҳатой.

- Биз милицияхонага борсак¸ бизни қабул қилишмади. Уч-тўрт кун қатнадик. Ҳеч қанақа чора кўришмади. Кейин дадам “Тошкентдаги СНБга борамиз” дедилар. У ëққа бордик. Биз ариза ëздик. Улар аризамизни қабул қилишди. Одам савдоси билан шуғулланадиган икки кишини чақирди. Ҳозир иш очилган¸ лекин иш менинг устимдан очилган. Терговчи Маҳкамов Акмал ака бизни милицияхонага чақирди. Биз борсак¸ “Ëлғондан туҳмат қилган қизингиз. Ўзи чиқиб кетган уйдан. Агар узр хати ëзиб бермасангизлар¸ делони судга ошираман. Уч йилдан саккиз йилгача қамалади” деб айтди. Ҳозирги кунгача бизни шунақа деб қўрқитиб келаяпти, дейди Роҳатой Раҳимова.

Биз Роҳатой Раҳимова ишини тергов қилаётган терговчи Акмал Маҳкамов билан телефон орқали боғланганимизда, у тергов жараёни тугамагани боис ушбу иш борасида бирор бир маълумот бера олмаслигини билдирди.

Рохатой Раҳимова ишини бевосита кузатаётган Ўзбекистон Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Марат Зоҳидов одам савдоси билан шуғулланувчи бу аёлларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлиги борлигини тахмин қилади.

- Милицияга бир неча марта бориб¸ ариза олинглар деб илтимос қилиб айтса¸ милиция аризани олмаган. СНБга мурожаат қилгандан кейин СНБ уларни босди. Кейин аризани олди. Лекин барибир ўша гап. Акмал деган терговчи бор. У ишни бутунлай бошқа томонга айлантираяпти. Бегуноҳ одамларни милиция мажбир қилиб одам савдоси билан шуғулланаяпсизлар деб айб қўяяпти. Бутун ишни аксинча қилиб Роҳатойни айбламоқчи. “Ўша одамларни ҳақорат қилдим деб ëзасан. Ëзмасанг¸ сени барибир қамаб қўяман” дебди. Милицияда ўтирган Акмал деган терговнининг одам савдоси билан шуғулланган хотинлар билан тили бир, дейди Марат Зоҳидов.

2008 йилда Ўзбекистон одам савдосига қарши халқаро конвенцияни ратификация қилди. Шу йили Ўзбекистон фуқароларини ҳимоялаш учун парламент томонидан “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш учун 2008-2010 йилларга мўлжалланган миллий дастур ишлаб чиқилган.

Ҳукумат қарорлари кўпайгани ва бу муаммо устида ишланаётгани таъкидлаëтган бўлсада, одам савдосининг кўлами фақат кенгаяётгани кузатилади.
XS
SM
MD
LG